Линклар

Ингушетия қишлоқларидан биридаги ҳовлини ижарага олиб яшаган ўзбекистонлик муҳожирлар ўртасида юзага чиққан оммавий муштлашув оқибатида бир киши ўлдирилди, яна бири оғир жароҳат олди.


6 сентярбга ўтар кечаси, тунги 1:20 ларда Назран тумани Ички ишлар бўлимига Кантишево аҳоли пункти амбулаториясига Ўзбекистон фуқароси мурдаси олиб келингани тўғрисида хабар қилинди.

Шифохонага зудлик билан етиб борган оператив ходимлар нобуд бўлган шахснинг 1986 йилда туғилган Рустам Алимардонов экани аниқланди, дейди Озодлик мухбирига воқеа тафсилотларини гапириб берган Ингушетия Республикаси Ички ишлар Бош бошқармаси матбуот котиби Алла Ахполова.

- Долаково қишлоғидаги уйлардан бирини 30 га яқин Ўзбекистондан келган муҳожирлар ижарага олиб яшаб келган. Улар орасида оммавий муштлашув келиб чиққан, ниманидир бўлиша олмай қолган. Натижада бир киши қаттиқ жароҳат олган, яна бири ўлдирилган. Муштлашувда ўлдирилган йигит бош қисмининг ўнг тарафидаги гематома ва ўнг қўли бармоқлари кесилган ҳолатда аввалига шифохонага юборилган. Менимча у йўлда жон берган. Яна бир Алимардонов фамилияли шахс, у 1984 йилда туғилган, Назран шаҳар клиник шифохонасига турли жароҳатлар билан олиб келинди, дейди Ингушетия Республикаси Ички ишлар Бош бошқармаси расмийси.

Алла Ахполова шикастланган ва ўлдирилган шахслар ака-ука бўлгани ва жанжал сабаблари Ингушетия Республикаси Тергов қўмитаси томонидан тафтиш этилаётганини ҳам қўшимча қилди.

- Ҳодиса жойига етиб борган ходимларимиз у ердаги барча жaнжалда иштирок этганларни полиция бўлимига олиб келишди. Жами кечаси шу уйда яшаётганлардан 13 киши ҳибс этилди. Жанжалда улар турли предмет ва пичоқлардан фойдаланган. Улар Назран атрофларида мардикорлик билан шуғалланганлар бўлган. Билишимча, муштлашганлар Ўзбекистоннинг турли жойларидан келган, дейди Алла Ахполова.

Ингушетия Тергов қўмитаси расмий вакили Идрис Героевнинг Озодликка билдиришича¸ Назран туманлараро тергов қўмитаси бўлими томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми ( жабрдийданинг ўлимига сабаб бўлган баданга қасддан оғир шикаст етказиш) асосида жиноий иш очилган.

Терговчилардан олинган дастлабки маълумотга кўра, мазкур жиноий иш юзасидан 6 сентябр куни 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

- Кеча 1990 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ойбек Зиёев қўлга олинди. У Рустам Алимардоновни ўлдирганини ўз бўйнига олди, деди Ингушетия Тергов қўмитаси расмийси Идрис Героев.

Терговчига кўра¸ агар маҳкамада Ойбек Зиёевнинг бу жиноятга алоқадорлиги исботланса, у 15 йилга қамалиб кетиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG