Линклар

logo-print

Обама президентликка номзодликни расман қабул қилди


Барак Обама демократлар қурултойида нутқ сўзламоқда.

Барак Обама демократлар қурултойида нутқ сўзламоқда.

АҚШ Демократлар партияси қурултойининг пайшанба кунги йиғинида маъруза қилган президент Обама сайлов пойгасига кирганини расман эълон қилди ва ноябр ойига белгиланган сайловларда америкаликлар ўзларига тақдим этилаëтган аниқ йўлдан бирини танлашлари лозим бўлажагини таъкидлади.

Демократлар қурултойининг кульминацион нуқтаси президент Барак Обаманинг чиқиши ва бу нутқида миллионлаб америкаликларга ўзининг нима учун яна тўрт йилга Оқ уйда қолмоқчи бўлаëтганини изоҳлаши бўлди:

- Ҳар бир масалада бугун қаршингизда нафақат икки номзод ва икки партиядан бирини танлаш имкони турибди. Бу Америка эртасини белгилайдиган икки хил йўлдан бирини танлаш¸ Америка келажаги қандай бўлиши борасидаги моҳиятан бир-биридан фарқли икки истиқболдан бирини танлашдир¸ деди Барак Обама.

Сайловолди йилида Обама мухолифлари иқтидордаги президентни Америка иқтисодини инқироздан чиқариб¸ янги иш жойлари яратиш ҳақида тўрт йил аввал берган ваъдасини уддалай олмаганликда айбламоқда. “Сиз бугун бундан тўрт йил аввалгидан кўра яхшироқ яшаяпсизми?” деган савол бугун республикачиларнинг аксар америкаликларни Обамага қарши қайраш сиëсатининг асосий тактикасига айланган.



Пайшанба кунги нутқида ана шу танқидларга жавоб берган президент Обама ўзининг Америка иқтисоди муаммоларини тезгина ëки осонгина ҳал қилиш¸ ўнлаб йиллар давомида тўпланиб борган улкан муаммоларни икки-уч йил ичида орадан кўтариш мумкин эмаслигини яхши билганига иқрор бўлди.

Аммо айни пайтда¸ ўзига яна тўрт йиллик имкон берилса¸ бу муаммоларнинг узоқ муддатлик ечимига элтувчи йўлдаги ҳаракат тезлашажагини билдирди:

- Муаммоларимизни ҳал қилиш мумкин. Олдимизда турган мураккаб вазифаларни бажариш мумкин. Биз таклиф қилаëтган йўл оғирроқ бўлиши мумкин. Аммо у пировардида бизни яхшироқ манзилга элтади. Мен сиздан ана шу яхшироқ келажакни танлашингизни сўраяпман¸ деди ишсизлик ва бошқа иқтисодий муаммолар боис ўзидан ҳафсаласи пир бўлган америкаликларга мурожаат қилган Обама.

АҚШ президентлиги учун 6 ноябрга белгиланган навбатдаги сайловларда Барак Обама Республикачилар партияси номзоди Митт Ромни билан беллашади.

Америка бўйича ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровга кўра¸ Обама ўз асосий рақибидан салгина олдинда бормоқда. Обаманинг демократлар қурултойида қилган маърузаси¸ унинг Ромнидан сезиларли равишда олдинга ўтишига ëрдам бериши мумкинлигини айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG