Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

Ўзбекистонда депутат ёлғонига қарши қонун таклиф этилди


Намангандаги энг йирик супермаркетни солиқ ва божхона босди. “Хоразм пилла” ширкати раҳбари 9 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди. Парламент депутатликка номзодларнинг ёлғон ваъдасига қарши қонун таклиф қилди. Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуотида шу каби воқеалар ҳақида хабар берилди.

Супермаркетда тафтиш 3 ойга чўзилади

Наманган вилоятидаги энг йирик “Исфархон” супермаркетида солиқ ва божхоначилар тафтиш ўтказмоқда (“Новый век”, 6 сентябр) Мутасаддилар версиясига кўра, савдо марказида хориж маҳсулотлари ҳужжатсиз сотилган, дастлабки икки кун ичида бир миллиард сўмлик товар хатга тушган, ҳужжатсиз маиший техника буюмлари, муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланган. Божхона бошқармаси вакили Равшан Саидалиев “Исфархон”ни тўла текшириш учун 3 ойча керак бўлишини айтган.

Газета текширувлар ҳақида хабар бераркан, назорат идоралари эътиборига саволлар қўяди: “Ҳужжатсиз маҳсулотлар – кичкина ўйинчоқ бўладими ё ҳайҳотдек қўшкамерали музлатгичми, божхона ва чегара назоратидан қандай ўтиб келмоқда? Улар қандай қилиб вилоятнинг бош универмагида, яна шаҳар солиқ идораси қаршисидаги бинода савдода пайдо бўлмоқда?”

Энди депутатлар алдай олмайди...ми?

Ўзбекистонда сайлангунча оламжаҳон ваъда берган, кейин эса ваъдаларини бажара олмаган депутатлар ҳақида мисоллар кўплаб топилади. “Адолат” газетаси хабарига кўра, депутатларнинг асоссиз ваъдалари қонунан тақиқланиши мумкин. Депутатликка номзодларнинг сайлов пайтидаги номақбул хатти-ҳаракатига қарши қонун айнан депутатларнинг ўзи томонидан таклиф этилмоқда.

Унга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида” ва “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларга “депутатнинг ваколат доирасига кирмайдиган ваъдалар бериш”ни ман этувчи банд киритилади. Мамлакат парламенти вакилларига кўра, “номзодлар томонидан депутатнинг ваколат доирасига кирмайдиган вазифаларни бажариб бериши ҳақида сайловчиларга ёлғон ваъда бериш собиқ тузумдан қолган иллат” ва бу сайлов холислигига ва депутатлик шаънига салбий таъсир қилади.

Ҳоким қарори бекор қилинди

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ислом Жасимовга кўра, вилоятларда ҳокимликлар ва мансабдорлар томонидан тадбиркорларга тўсқинлик қилиш давом этмоқда (“XXI аср”, 6 сентябр).

Тошкент вилоят Ўрта Чирчиқ туман бош архитектори Р.Ботиров “Ихлос бизнес барака” хусуси корхонаси раҳбари М.Миглиев ва бошқа тадбиркорларнинг ер ажратиш ҳақидаги аризаларини вақтида кўрмагани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Фарғона шаҳар ҳокимининг тадбиркор М.Мўйдиновга тегишли устахонани бузиш ҳақидаги ноқонуний қарори бекор қилинган.

“Хоразм пилла” акциядорлик бирлашмаси раҳбари Н.Ортиқов “Абдулазиз Дилшод саховати” хусусий фирмаси раҳбари А.Искандаровдан 9000 доллар олаётганда ушланган.

Бош прокуратура вакилининг айтишича, сўнгги олти ойда бу каби 155 та жиноят иши очилган.

Йўловчилар аэропортни танқид қилди

Тошкент халқаро аэропортидаги айрим вазиятлар йўловчилар танқидига сабаб бўлди (“Даракчи” 6 сентябр). “Бундан бир ой аввал оиламиз билан Малайзияга саёҳатга чиққандик. Ўз ватанимизга соғинч ила қайтиб келганимизда ходимларнинг ҳорғин чеҳраси ва қўпол муносабати чиқарган ҳордиғимизни бир пул қилди. Гўёки уларнинг гап-сўзларидан ўзингни айбдордек ҳис қиласан”, деган тадбиркор Камола Орипова.

Киши бошига қўшимча ҳақ олинадиган CIP йўлагида ҳам ҳужжатлар секин расмийлаштирилиши йўловчиларни қониқтирмаган. “Пул тўлаб юкларимни анча вақт кутишимни билганимда оддий йўлакдан чиқаверардим. Бу ҳам етмагандек, ташқарида турган яқинларимни ичкарига қўйишмабди. Аёл киши бўла туриб икки жомадон юкни ўзим кўтариб чиқишга мажбур бўлдим”, деган шифокор Ҳулкар опа.
Газетага кўра, аэропорт яқинидаги автомобил тўхташ жойи тартибсизлиги, “Duty free” молларининг қимматлиги, маълумот хизмати телефони умуман ишламаслиги, йўловчиларни рўйхатга олиш учун бор-йўғи иккита пост ишлаши йўловчиларда эътироз туғдирмоқда.

Теримчилар ҳам солиқ тўлайдими?

Айни пайтда мамлакатда пахта терими бўйича ялпи ҳашар эълон қилинган. Шу муносабат билан “Адолат кўзгуси” газетаси теримда қатнашаётган ҳашарчилар ҳуқуқига оид айрим маълумотларни чоп этган. Ҳуқуқшунос Миржавҳар Жалоловнинг ёзишича, пахта теримида иштирок этаётган ҳашарчиларнинг иш ҳақидан даромад солиғи ушланмайди. Ҳашарчилар ўрнига фермер хўжалиги тўланган терим пулидан 25 фоиз ягона ижтимоий тўлов ва 5,5 фоизли мажбурий ажратма тўлайди.

Қонунчиликка мувофиқ, теримчилар учун алоҳида ётиш, ювиниш жойлари яратиш, кунлик иссиқ овқат ҳамда ичимлик суви билан таъминлаш шарт. Бундан ташқари, ҳашарчилар билан терилган пахта учун кунлик ҳисоб-китоб қилиш зарур.
“Адолат кўзгуси”нинг ёзишича, пахта ҳашарчилари учун транспорт харажати манфаатдор фермер хўжалиги томонидан қопланиши лозим.

Ҳукумат нашри журналисти музейга қўйилмади

Вазирлар Маҳкамаси муассислигида чоп этиладиган “Правда Востока” журналисти Ирина Рибар Ўзбекистон давлат санъат музейига қўйилмади. Газетанинг 6 сентябр сонида ёзишича, у янги раҳбарият билан суҳбатлашиш учун музейга борган, аммо “Правда Востока” гувоҳномасини кўрсатса ҳам ичкарига киритилмаган. “Ҳеч кимга сир эмас, профессионал вазифасидан келиб чиқиб, журналистларга энг қулфи оғир эшиклар ҳам очилиши жоиз”, деб ёзади у. Музей маъмуриятининг қўполлиги мухбирнинг ҳафсаласини пир қилган.
XS
SM
MD
LG