Линклар

logo-print

Шу йилнинг 15 августига ўтар кечаси Смоленск вилояти Гагарин туман суди қарори билан Ўзбекистонга бериб юборилган қашқадарёлик Жамшид Нуруллаев Андижон турмасидa сақланмоқда.


Бу маълумотни Озодликка еткизган Жамшид Нуруллаевнинг акаси Ибодулла “Нима сабабдан укам қаршилик бўлса-ю, Андижонга юборилади?” деган савол билан мурожаат қилди.

- Жамшид Андижонда экан, ака. Андижондаги давлат ҳисобидаги адвокат телефон қилиб, укамга 300 минг сўм пул тўлаб қўйгин¸ дебди. Мен ҳайронман - бу укам қаршилик бола, Қаршида ўсган, Андижонга олиб кетиб нима қилади уни? Масалан, Тошкентда укам бор, уни ҳам бола-чақаси бор.У совун, зубной паста, шампун, кийимлари йўқ¸ кийимларини олиб бориши керак...Киядиган кийимининг расвоси чиқиб кетувди. Хотини ҳам мелисаларга олиб бора олгани йўқ кийимларини...

Озодлик: Андижоннинг қаерида экан?

- Андижоннинг мелисахонасида экан. Уч кун Тошкентда бўлган, кейин олиб келинган. Адвокат “Укангиз яхши инсон экан, йиғлоқи экан, фақат йиғлаб ётибди, йиғлагани йиғлаган,” дебди. Кейин, иккинчи укам Жаҳонгирга зубной чўтка, совунларини олиб келгин, дебди.

Озодлик: Нимада айбланаётганини айтмабдими адвокат?

- Йўқ, нимада айбланаётганини ҳеч қанақасига айтмабди. Келиб “Адвокатнинг хизмат ҳақига 300 минг сўм тшлаб қўйнг”, дебди, холос. Қизиғи, Андижонда у нима қилаяпти? Ёшлигимиздан бормаган бўлсак у ерга...Мен ҳайронман, дея куйинади Ибодулла.

Ибодулланинг Озодликка билдиришича, укаси Жамшид намозхон бўлганлиги сабабли 2005 йилнинг охирларида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 ва 244- моддалари асосида 9 йилга қамалган.

2008 йилда қаршилик Жамшид Нуруллаев авф этилиб, озодликка чиққан.
Ибодулланинг сўзларига кўра, укаси Жамшид қамоқдан озод этилганидан кейин маҳаллий участка нозирлари ва милиция ходимларининг доимий босими остида қолган.

Акасининг айтишича¸ милиционерлар ҳафталаб уйидан олиб кетиб бепул ишлатгани, тинимсиз чақиртираверганидан безиб кетган Жамшид Россияга кетиб тирикчилик учун пул ишлашга қарор қилган.

2008 йилдан бошлаб Москвада ишлаб келган Жамшид жорий йил 21 май куни Смоленскдан Москвага қайтаëтганида ҳужжат текшириш жараëнида қўлга олинган. Полиция текшируви чоғида унинг Россияда ноқонуний яшаб юргани ва Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани аниқланган.

Ҳибсга олинган Жамшиднинг рус рафиқаси ва акаси Россиядаги турли жамоатчилик ва ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларига уни озод қилишда ëрдам сўраб мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган.

Жамшиднинг акасига кўра¸ у уч ой Россия ҳибсхонасида сақланган пайтда бир неча маротаба калтакланган, қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдиришга мажбурлашган. Август ойида Смоленск вилояти Гагарин туман суди Жамшид Нуруллаевнинг Ўзбекистон сўровига кўра экстрадиция қилиниши тўғрисида қарор чиқарган.

Қашқадарёлик Жамшид Нуруллаев иши юзасидан Москвадаги сиёсий қочқинлар ҳимояси билан шуғулланадиган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина ҳам қизиқиб кўрганин ҳақида Озодлик хабар берган эди. У Жамшиднинг экстрадицияси тўғрисида суд қарори чиққанидан кейин хабар топгани боис ëрдам беришга кечикканини айтган эди.

20 кун деганда укасини Андижон ички ишлар қамоқхонасидан топилганини айтаётган Ибодулла, айни пайтда шахсан ўзининг Ўзбекистонда қолган оила аъзоларига босим кучаяётганини гапиради.

- Агарда уни паспорт масаласида тортишган бўлса ўзимизга олиб келишлари керак эди-ку. Унинг кетидан югурадиган кетидан ҳеч кими йўқ у ерда. Битта укаси бор, унинг бола-чақаси бор. Масалан, менинг хотинимга бориб тазйиқ ўтказиб ташлаган сизга телефон қилишимдан бир кун олдин. Хотиним қўрққанидан телефонини ўчириб ташлаган. “Менга проблема қилмагин, менинг болаларим бор. Ҳеч нима ёрдам бера олмайман”, деб. Қаршининг мелисалари ва СНБлари бориб туриб қўрқитиб ташлабди. Мени ҳам сўрабди. Мен борсам менга нима дейди экан? дейди укасига қандай ёрдам беришдан боши қотиб қолганини Озодликка гапирган Ибодулла Нуруллаев.

Озодлик радиоси Андижон Ички ишлар бошқармаси қамоқхонасида экани айтилаётган маҳбус Жамшид Нуруллаев тақдирини кузатишни давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG