Линклар

Ўзбекистонда Ҳажга бориш учун қўйилган ўнлаб маъмурий чиғириқдан ўтиб¸ 2012 йилги зиëратчилар расмий рўйхатига қўшилган 5000 нафардан ошиқ фуқаро шу кунларда сафар тадоригини кўрмоқда.

Самарқанд вилояти бош имом хатиби Нуриддинхон Исломовнинг Озодликка айтишича, бу йил Ўзбекистондан Ҳаж зиёратига 5500 киши боради ва шулардан 375 нафари Самарқанд вилоятидан:

- Бизда баъзи туманларда Ҳажга борувчилар рўйхатига одам етмай ҳам қолаяпти, баъзи туманларда кўпайиб кетяпти. Биздан вилоятдан 375 та одам боряпти. Одамлар ичидан саломати, соғи, духтурдан яхши ўтаётгани, ибодатни бажараётгани олиняпти. Навбат қилиняпти. Ёшдан чегара йўқ. Лекин ибодатни бажарадиган керакда, кексалар турганда 14 яшар бола бормайдику. Навбат бор. Навбат билан борилаяпти, дейди Нуриддинхон Исломов.

Вилоят бош имом хатибининг айтишича, ҳажга борувчилар 6,5 миллион сўм миқдорида сафар харажатини тўлайди ва уларга барча хизматлар кўрсатилади:

- Буларга йўл кўрсатувчилар бор, духтурлар бор. Ҳожилар кетиш олдидан вилоятда чой берилиб, аэропортгача кузатиб қўйилади. У ёқда ҳам ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилади, дейди Нуриддинхон Исломов.

Вилоят бош имом хатиби ҳажга борувчиларни танлаш жараёнида порахўрлик йўқлигини таъкидлади:

- Бизда ҳали унақаси бўлмаган. Чунки ҳожиларни танлаш мажбурияти туманлардаги маҳаллалар зиммасига юклатилган. Масалан¸ иккита бормоқчи бўлса, маҳалла айтаяпти, буниси борсин, униси ибодатга ярамайди, деб. Ёки бўлмаса, биз юзталаб ибодатни бажаролмайдиган, кекса, ярамайдиган, ўтирса туролмайдиганларни қайтардик. У ёқ маишатхона эмасда. Чунки жуда бақувват бўлмаса кўпи ибодатларни бажаролмаяпти, дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби Нуриддинхон Исломов.

Бироқ ўзбекистонлик мусулмонлар Ҳаж зиёратига бориш оддий мусулмон учун жуда қийин бўлаётгани, одамлар беш-олти йиллаб навбат кутаётгани, ҳажга боришни ташкиллаштираётган идораларда коррупция авж олганидан шикоят қилмоқдалар.

Озодлик радиосига исми ва манзилини ошкор қилмаслик ва овозини эшиттирмаслик шарти билан гапирган масжид имомларидан бири бу жараёндаги муаммолар хусусида ўз кузатишларини баён қилди:

Биринчидан, Ҳаж бу Оллоҳнинг фарзи, бу покланиш жараёни. Лекин бу соф диний амалга ҳаром аралашиб қоляпти. Одамлар йиллаб навбат кутишяпти. Мен 10 йилдан бери навбат кутаётган одамларни биламан. Бироқ одамлар 2000, 3000 доллар порани ҳокимиятдаги битта шахсга бераяптида, навбатсиз кетишяпти. Коррупция динга, исломга, ҳалолликка ҳам аралашди. Порахўрлик¸ асосан¸ ҳокимиятларнинг диний-маърифий ишлари бўйича бўлимларида ва ҳажга юборувчи диний ташкилотларда авж олган.

Иккинчи муаммо эса ҳажга бориш навбат қилиб қўйилганида. Бу навбатлар сунъий яратилди. Масалан¸ ҳар бир мусулмон мамлакат аҳолисининг бир фоиз фуқаросига Саудия Арабистони жой беради. Агар Ўзбекистон аҳолисининг сони 30 миллион бўладиган бўлса, унга 30 мингта жой беради. Бироқ ҳукумат уни олти бараварга қисқартирган, 5000 та қилиб қўйган холос. Шунинг учун ҳам одамлар 5-7 йиллаб навбат кутишяпти. Ўн йиллаб кутаётганлар ҳам бор.

Учинчидан, ёш масаласи. Ҳеч қайси бир давлатда ҳажга фақат ёши катталар борсин, деб белгилаб қўйилмаган. Ўзбекистонда эса жойларига қараб 30-40 ёшдан пастдаги одамларнинг аризалари қабул қилинмаяпти. Бу факт. Энг ахмоқона масала ҳам мана шу. Офтобда қолган жинни ҳам бунақа иш қилмайди. Мени олдимга қанча ёш йигитлар, ҳалол йигитлар зорланиб келишади. Мен уларга айтаман, энди биз кичик одаммиз, бизнинг гапимиз ҳеч қаерга ўтмайди, деб, дейди ўз хавфсизлигидан чўчиб аноним тарзда гапирган Ўзбекистондаги масжид имомларидан бири.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматидан яқин йилларда ҳажга бориш рухсатини ололмаган баъзи ўзбекистонлик ёшлар хориж давлатларига чиқиб ва ўша ердан Саудия Арабистони визасини олиб Ҳаж амалларини адо этиб қайтишаяпти. Бироқ улар ватанига қайтганидан сўнг Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қаттиқ сўроқ қилинаяпти.

Ўтган йили Тошкентда Ҳаж ва Умра маркази вакиллари, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки мансабдорлари ва масжид имом-хатиблари билиб-билмай кўмак берган жиноятчилар ҳибсга олинган эди. Улар элликка яқин одамдан ҳажга навбатсиз юбориш учун пора олганликда айбланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG