Линклар

Тошкент шаҳридан ташқари мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларидаги коллеж талабалари 6 сентябрдан бошлаб пахта теримига сафарбар қилинди.


Жиззах талабаларни ҳайдашда зарбдор

Жиззах Енгил саноат коллежининг 300 нафар талабаси 6 сентябр куни вилоятнинг Дўстлик туманига жўнатилди.

Коллеж директори Илҳом Бакиевнинг Озодликка айтишича, талабалар 7 сенябрдан бошлаб, пахта теримини бошлади.

- Олдин 300 дан зиëд талаба олиб бордик. Ҳозир йўлдамиз, яна олиб кетаяпмиз. Бугун-эрта заезд бўладида. Учта дала шийпонига жойлаштирилади. Шароитни ўзимиз яратганмиз. Бор шароитлари. Далада қандай шароит бўлса, шундай шароитда энди. Шаҳарникидай бўлмайдику. Озиқ-овқат бўлади. Ўзимиз продуктани олиб борганмиз. Ўқитувчиларимни алоҳида отряд қиламан. Бозор куни етиб боради ўқитувчиларим ҳам, деди Илҳом Бакиев.

Жиззахлик талабалар янги ўқув йилида бирор кун ўқимади. Ўқишнинг биринчи куниëқ вилоятдаги деярли барча коллежлар талабаларга пахтага тайёргарлик учун рухсат берди. Вилоятдаги айрим коллежларнинг талабалари ҳатто ўқишнинг биринчи куни - 3 сентябрдан бошлаб далага ҳайдалди.


Бухоро ва Қаршида талабалар ўқув хонасини кўришга улгурди

Жиззахлик талабалардан фарқли коллежда тўрт кун ўқиш бахтига муяссар бўлган Бухоро Маданият коллежи талабалари 7 сентябр куни пахтага кетишга тайёргарлик билан банд бўлди.

Коллежнинг ўзини таништирмаган ўқитувчисига кўра, талабалар 8 сентябр куни пахтага жўнатилади.

- Қанча одам чиқаришимиз эртага маълум бўлади. Бизлар Жондор туман Ойдин қишлоғига бораяпмиз. Талабалар 39-мактаб билан Болалар ижодиëт маркази бор ўша ерда¸ шу ерларга жойлаштирилади. Штабимиз иккита. Ўқитувчилар штаби алоҳида, улар бошқарма томондан борадилар. Улар Лола қишлоғида. Жами коллежимиздан учта штаб, деди коллеж ўқитувчиси.

Қарши Маданият коллежи талабаларига эса 7 сентябр куни ҳам дарс машғулотлари бўлди. Коллеж ходимасига кўра, талабалар шанба ва якшанба кунлари пахтага кўрпа-тўшагини тайёрлаб, 10 сентябр куни Косон туманининг 37 та хўжалигига пахтага кетади.

- Директоримиз пахтага кетди жойни тахлагани. Ҳаммасига 10 сентябр куни отправка деб айтилган. Қолган ташкилотлар ўзи бугундан бошланди отправка. Директор ҳам далага кетган. Ўқитувчиларни ҳам огоҳлантирган. Ҳеч ким қолмайди. Ҳамма боради пахтага. Раҳбар ҳозир далада жой тахлаяпти, деди суҳатдош.

Ҳозирча пахтага сафарбарлик фақат вилоят коллежларига тааллуқли экани айтилаяпти.

Тошкент коллежларида ўқиш давом этмоқда

Ўзини Тошкентдаги Ҳамза Қурилиш коллежи директори деб таништирган суҳбатдошимизга кўра, пойтахт коллежларининг талабалари пахтага чиқарилиши ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган.

- Йўқ, талабалар ўқийди. Пахтага айтилмади. Тошкент коллежлари мустақилликдан буён умуман пахтага чиқмаган. Мустақилликдан олдин ҳамма чиқардида. Мен мана шу ерда 2007 йилдан бери директорман. Шу пайт давомида коллежимиз ҳеч қачон чиқмаган, деди Ҳамза Қурилиш коллежи директори.

Айни пайтда мазкур коллежнинг 15 нафар ўқитувчиси Жиззах вилояти Зарбдор тумани 4-бўлимида уч кундан буён пахта тераяпти. Тошкентлик ўқитувчилар гуруҳи 5-сонлик мактаб биносига жойлаштирилган.

Ҳашарчилар қишлоқ мактабларига жойлашмоқда¸ қишлоқ ўқувчилари қаерда ўқийди?

Суҳбатлашганимиз Бухоро, Жиззах,Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги коллеж ходимларининг айтишича, талабалар асосан қишлоқлардаги мактаб биноларига жойлаштирилмоқда.

Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими вилоятдаги айрим мактабларга пойтахтлик ҳашарчилар жойлаштирилганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, мактабларнинг ҳашарчилар учун ётоқхонага айлантирилгани ўқувчиларнинг дарс машғулотларига халақит қилмаяпти.

“Биз барчасини режалаштирганмиз. Дарс машғулотлари икки сменада ташкил қилинган. Болалар ўқияпти. Дарслар тўхтамади”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Сирдарё вилоят Халқ таълими бошқармаси ходими.

Ҳозирча коллеж талабаларининг қанча муддат пахтада бўлиши номаълум.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев бу йилги пахта мавсумида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

Бош вазирнинг айни кўрсатмасини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам ўлароқ Тошкент шаҳридаги мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчилари ҳам пахта теримига жалб қилинди.

Айни пайтда мактаб ўқувчиларининг пахтага чиқарилгани ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG