Линклар

Татаристон пойтахти Қозонда бошланган мусулмон киноси халқаро кинофестивалида ўзбек киночиси Жасур Исҳоқов иштирок қилмоқда.

Жасур Исҳоқов суратга олган “Ҳақиқат куни” филми Қозон кинофестивалининг асосий конкурсида "бадиий филм" номинациясида иштирок қилмоқда.

“Маданиятлар мулоқотидан мулоқот маданияти сари” деган шиор остида ўтаëтган бу кинофестивал матбуот вакили Анастасия Логинованинг Озодликка билдиришича, Жасур Исҳоқов суратга олган “Ҳақиқат куни” филми ҳозирданоқ киномунаққидлар диққатини тортган:

- Жасур Исҳоқов кеча етиб келиб, матбуот анжумани ўтказишга ҳам улгурди. У суратга олган филм оғир синовни бошдан кечирган аëл призмаси орқали эзгулик ва ëмонлик ўртасидаги абадий курашни акс эттиради¸ - дейди матбуот вакиласи.

Қозонда бошланган мусулмон киноси фестивалида иштирок этаëтган ўзбек киночиси Жасур Исҳоқов Озодлик билан суҳбатда ўзи суратга олган филм томошабинлар тарафидан яхши қабул қилинаëтгани ҳақида гапирди:

- Қозондаги томошабинлар бу филм намойишдан қаттиқ таъсирланишди. Мен улар қалбига йўл топганимдан хурсандман. Бундан олдин бу филм Еревандаги “Олтин зардоли” конофестивалида намойиш қилинганида ҳам яхши қабул қилинган эди¸ -дейди режиссёр Жасур Исҳоқов.

Филм сценарийсини ëзган Мастура Исҳоқова Озодлик билан суҳбатда бу асар ўз дардига ташхис кутган ўзбекистонлик аëлнинг 12 соат давомидаги изтиробларини акс эттиришини айтади:

- Мен ўзим аëл бўлганим учун борлиқни аëл кўзи¸ аëл дарди ва аëл кечинмалари призмаси орқали кўрсатишни маъқул кўрдим. Бош қаҳрамон бўлган аëлга: "Сен ўладиган касалсан", дейишади. У эса 12 соат давомида шифокорлар ташхисини кутади. Мен бошқа киночилар каби мавзуни плакат каби ëритмасдан, океан каби кенг бўлган аëл қалби кечинмалари ҳақида киносценарий ëздим. Менимча, ëмон чиқмади, - дейди кинодраматург.

Муниса учун ҳақиқат они

Жасур Исҳоқов суратга олган “Ҳақиқат куни” филмининг бош қаҳрамони - тадбиркор аëл Муниса Сулаймонова "тузалмас дардга чалиндим" деб ўйлаб, врачлардан ташхис кутади.

12 соат давом этган бу кутиш онларида Мастура бутун кечган ҳаëтини мушоҳада қилади.

20 соат давомида кино қаҳрамони ўзи учун ўлим ҳукмини кутади. Моддий ҳаëт неъматларидан ошиғич баҳраманд бўлган бу тадбиркор аëл 20 соат давомида Азроилни кутиш баробарида улкан руҳий синовдан ўтади.

Филмда Рано Шодиева¸ Фахриддин Шамсиматов, Лола Элтоева каби актерлар суратга тушган.

Филмни тасвирчи Талъат Мансуров суратга олган. Мусиқани Баҳодир Зокиров басталаган.

Қозон кинофестивали

Татаристоннинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтаëтган VIII мусулмон кинофестивали 11 сентябр куни якунланади.

Қозон халқаро мусулмон киноси фестивали 2005 йилдан бери ўтказиб келинади.

Россия муфтийлар кенгаши ва Татаристон Маданият вазирлиги фестивалнинг асосий ташкилотчиси деб тақдим қилинган.

Фестивалда дунëнинг 50 мамлакатидан 200га яқин филм иштирок этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG