Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:23

Путин: Савдо алоқалари кенгайиши глобал иқтисодиётни ўнглашда ёрдам беради


Россиянинг Владивосток шаҳрида 7 сентябр куни иш бошлаган Осиё-Тинч Океани ҳамкорлик ташкилоти (APEC) саммитининг иккинчи кунги йиғилишида чиқиш қилган Россия Президенти Владимир Путин савдо алоқаларини кенгайтириш глобал иқтисодиётни ўнглашга туртки беришини урғулади.


Россия президенти кўплаб иқтисодий чекловларни олиб ташлаш орқали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини баён қилди.

- Тўсиқларни олиб ташлаш орқали биз бутун Осиё-Тинч океани ҳудуди, қолаверса, дунё иқтисодиётининг динамик ривожланишини рағбатлантирамиз. Биз деворлар ўрнатиш эмас балки, бир-биримизни боғлайдиган кўприклар қуришимиз лозим.

Интеграциялашган ҳудудлар шаклланиши жараёнини давом эттиришимиз ва минтақавий тузилмалар ўртасида диалогни кенгайтиришимиз муҳимдир, деди Россия президенти.

Саммитда сўзга чиққан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон расмийлари Тинч океани минтақасига кўпроқ эътибор қарата бошлаганини таъкидлади.

- Узоқ муддат давомида бошқа минтақалар ва можароларга кўпроқ эътибор қаратган ва ресурслар сарфлаган Қўшма Штатлар ҳозирда Осиё-Тинч океани минтақасига ётқизаётган инвестициялари ҳажмини сезиларли даражада оширяпти, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон сўнгги йилларда Осиё давлатлари иқтисодий жиҳатдан шиддат билан ривожланиб бораётгани боис “21 аср тарихининг асосий қисми шу минтақада ёзилиши” мумкинлигини бишорат қилди.

Осиё-Тинч Океани ҳамкорлик ташкилоти саммитининг шанба кунги йиғилишида сўзлаган Хитой раҳбари Ху Цзинтао эса Хитойда барқарор иқтисодий ўсиш таъминланишини айтди.

- Хитой қатъий молиявий ва валюта сиёсати юритишни, макро-иқтисодий сиёсат барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиёт тез суръатда ўсишини давом эттириш, иқтисодий структурани замон талабларига мослаш, инфляцияни жиловлаш, мамлакатда ички талабни самарали равишда ошириб бориш ва нархлар барқарор бўлишини таъминлаш сиёсатини давом эттиради, деди Хитой раҳбари.

Владивосток шаҳрида 7 сентябр куни очилган икки кунлик анжуманда ташкилотга аъзо бўлган 21 давлат раҳбарлари, ҳукумат ва ширкатларнинг юзлаб юқори лавозимли расмийлари иштирок этмоқда.

APEC саммитининг биринчи кунида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақа интеграцияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишнинг иккинчи кунида асосан савдо ва инвестицияни либераллаштириш, минтақавий интеграция жараёнларини янада ривожлантириш, шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмаларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
XS
SM
MD
LG