Линклар

Тожик-афғон чегараси яқинида ҳукумат қўшинлари ва жанггарилар тўқнашди


Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош ҳудудида ҳукумат кучлари ва жанггарилар ўртасида куни кеча содир бўлган тўқнашув чоғида икки полициячи ва икки жанггари ҳалок бўлди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Афғонистон хавфсизлик хизматидаги ўз манбасига таянган ҳолда хабар қилишича, жанггарилар Юмгонро шаҳрини назорат остига олишга уринганлар, бироқ беш соат давом этган отишмадан сўнг чекинишга мажбур бўлганлар.

Шунга қарамай, Вардуж дараси, Юмгон ва Журм шаҳарларидаги вазият қалтис экани, ҳукумат кучлари жанговар ҳозирлик ҳолатида тургани айтилмоқда.

Афғонистон хавфсизлик хизматидаги манба Тожикистон чегараси яқинида ҳукумат қўшинлари билан тўқнашган жанггарилар Толибон ҳаракати ҳамда толибларни қўлловчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Ал-Қоидага дохил эканини билдирган.

У ўлдирилган жанггарилар шахсини аниқлашга муваффақ бўлинмагани, аммо улардан бири афғонистонлик, иккинчиси эса тожикистонлик ёки ўзбекистонлик дея тахмин қилинаётганини қайд этган.

Аввалроқ Афғонистон оммавий ахборот воситаларида Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда жанггарилар тўпланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
XS
SM
MD
LG