Линклар

logo-print

Гулнора Каримова талабаларга бепул Wi-Fi очиб берди


Шаҳар кўрган илғор ёшлар йўлбошчиси сифатида Гулнора Каримова талабалар орасига юқори технологияларни олиб кирмоқда.

Шаҳар кўрган илғор ёшлар йўлбошчиси сифатида Гулнора Каримова талабалар орасига юқори технологияларни олиб кирмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ўз саҳоватини яна бир карра намойиш қилиб, вилоятлардаги 69 та олий ўқув юртларида бепул Wi-Fi зоналари ташкил қилди. Талабалар пахта тераётгани боис бепул Интернет сигнали қандай ишлаши синаб кўрилганича йўқ.

Талабалар учун бепул Wi-Fi

Шу кунларда талабалар пахтага кетиб, бўм-бўш қолган олийгоҳ аудиториялари бепул Wi-Fi ҳудудларига айлантирилди.

Гулнора Каримова раҳбарлигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форум бир эмас, икки эмас, бутун мамлакат бўйлаб қарийб 70 та олийгоҳ ҳудудида бепул Wi-Fi зоналари ташкил қилгани айтилмоқда.

Лойиҳа Фонд Форум қаноти остидаги “Келажак овози”, “Ёшлар ташаббускорлари” марказлари билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Фонд Форумнинг расмий сайтида ёзилишича, лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳам кўмаклашмоқда.

Лойиҳа тақдимоти 5-7 сентябр кунлари ўтказилди.

Бухоро Давлат университети эса 3 сентябрданоқ бепул Wi-Fi дан баҳраманд бўлди.

- “Келажак овози” очилиш маросими қилиб, бизларда Wi-Fi зона яратди. 3 сентябрдан ишга тушди. Университет ҳудудида барча жойда фойдаланиш мумкин. Ноутбукда ҳам, қўл телефонда ҳам фойдаланиш мумкин. Ҳаммасида ишлаяпти,- дейди университетнинг ўзини таништирмаган ходими.

Олийгоҳ талабаларининг барчаси пахта теримида бўлгани учун университетда ҳали бепул Wi-Fi дан фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилмаган.

- Талабаларимиз ҳаммаси пахтада-ку. Ҳозирча қай тартибда бўлиши ҳақида бирор нарса дея олмайман. Талабалар пахтадан қайтгунча барчаси тахт бўлади,- деди университет ходими.

Андижон Давлат университети ходимлари эса талабалар пахтада бўлишига қарамай Wi-Fi дан фойдаланиш тартибини аллақачон тайёр қилган.

- Бизда тартиб шундай бўлаяптики, талабалар, асосан, ташқаридаги салқин жойларда ўтиради. Шу талабалар ўтирадиган жойларга етадиган қилиб ўрнатдик шу нарсани ҳозир. Буни дарс пайти ёқмаймиз. Балки танаффус пайти ва дарсдан кейин ёқиб қўямиз. Дарсга ҳалақит қилмаслиги учун,- деди Андижон дорилфунунинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Ҳукуматга ёқмайдиган сайтлар блок қилинади

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бепул Wi-Fi дан фойдаланувчи талабалар учун маълум чекловлар ҳам жорий қилинган, ҳукумат хуш кўрмайдиган айрим сайтлар университет ҳудудида тўсиб қўйилади.

- Иложи борича сайтларни, яъни кириб бўлмайдиган сайтларни чегаралаб қўямиз. Ўзининг кодлари бор. Шу кодларни қўямиз. Асосан, шу талабалар фойдаланадиган, масалан, "ziyonet" сингари билим олишга, иложи борича кўпроқ маълумот олишга эга бўладиган сайтлар бор. Шу сайтларни очиб, қолганини блокировка қилиб қўймоқчимиз,- деди Андижон Давлат университети ходими.

Фонд Форум сайтидаги хабарга кўра, бепул Wi-Fi лойиҳаси Тошкент шаҳридан ташқари, вилоятлардаги барча олийгоҳлар ҳудудларида ташкил қилинган.

27-29 авгут кунлари Гулнора Каримова Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларига қилган ташрифи чоғидаёқ бу лойиҳа иш бошлаган.

Фонд Форум ёзишича, дастлаб Гулнора Каримова ўзи борган учта вилоятда ҳам бепул Wi-Fi ҳудудларини очиб келган.

Мазкур лойиҳага жорий йилда ўтказилган “Биз бир жамоамиз” акциясидан сўнг асос солингани айтилмоқда.

Фонд Форум сайтидаги мақоладан маълум бўлишича, мазкур лойиҳа Гулнора Каримова раҳномалигидаги ташкилотлар ҳақида ёшларга кўпроқ маълумот бериш мақсадида йўлга қўйилаяпти.

"Жорий йилнинг баҳорида вилоятларга бўлган ташрифларимиз чоғида Фонд Форум фаолиятига оид маълумотлар кўплигига қарамасдан, етарли маълумотга эга бўлмаган, бироқ ташкилотнинг лойиҳаларида иштирок этишни хоҳлайдиган ёшлар борлиги қайд қилинди. Бундан ташқари интернетдан фойдаланиш, айниқса, пойтахт билан қиёслаганда, вилоят ёшлари учун ҳануз долзарб масаладир”, дейилади Фонд Форум сайтидаги мақолада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG