Линклар

Ўқитувчилар пахтани ўз ҳисобидан термоқда


Жиззахда пойи-пиёда пахтага қатнаётган оддий аҳоли сафига энди ўқитувчилар ҳам қўшилмоқда.

Жиззахда пойи-пиёда пахтага қатнаётган оддий аҳоли сафига энди ўқитувчилар ҳам қўшилмоқда.

Жиззахлик ўқитувчиларга вилоятнинг пахтага ихтисослашган туманларида ўз ҳисобларидан ижарага ётоқ олиб, теримга чиқиш ҳақида кўрсатма берилди.

Жиззах шаҳри ва вилоятнинг пахтага ихтисослашмаган бир неча туманларидаги мактаб ўқитувчилари 10 сентябр куни ўз ёнидан пул тўлаб, пахтакор туманларга йўл олдилар.

Вилоятнинг Дўстлик, Пахтакор, Арнасой каби туманларига кўрпа-тўшагини кўтариб, жўнаб кетган ўқитувчиларга қайси туманга, неча кунга боришлари ва уларга қандай шароит яратиб берилиши ҳақида ҳеч гап айтилмаган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган жиззахликлардан бирига кўра, ўқитувчилар махсус ажратилиши айтилган автобусни 3 кун давомида кутишган, аммо автобус келмагач ўқитувчиларнинг ўзлари йўл пулини тўлаб, РАФ русумидаги автомобилни ёллаган.

- Ҳали қайси туманга боришимиз, борсак қаерда яшашимиз ҳам номаълум. Квартирада туришимиз ҳам мумкин экан, шунга пул олволинглар, деган гаплар ҳам бўлди, дейди Зомин туманидаги мактаблардан бирида котиба бўлиб ишлайдиган аёл.

Бахмал туманидаги мактаблардан бирида дарс берадиган ва исми сир қолишини сўраган ўқитувчига кўра, унинг ҳамкасблари ҳам ўз ҳисобидан такси ёллаб, пахта теримига жунаб кетган.

- Жума куни буйруқ келган эди, шанба куни ётоққа чиқингизлар, деган. Уч кун автобус кутдик, келмади. Давлат автобус етказиб беролмаяпти экан. Шунга бугун директоримиз такси ёллаб кетамиз энди, деди,- дейди бахмаллик ўқитувчи.

Унинг сўзларига кўра ҳам ҳозирга қадар ўқитувчиларнинг қайси туманга боришлари ва уларга қандай шароит яратиб берилиши номаълум.

- Уч кун олдин пахтага чиқарворилган ўқитувчилардан ҳам ҳалигача пахта термай ётибмиз, деганлари бўлаяпти экан бу ёғини сўрасангиз,- дейди бахмаллик ўқитувчи.

Бу йил бетартиб равишда бошланаётган пахта йиғим-терим кампаниясини ўтган йилгига қиёслаётган айрим жиззахлик ўқитувчилар, жилла қурса, йўл ва ётоқ пулини ўзлари тўлмаганини хотирламоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, бу йил мактаб болаларини чиқармаслик тўғрисида шахсан Бош вазирдан кўрсатма олган маҳаллий ҳукуматлар ҳашарчиларнинг сонини ҳаддан оширгани учун уларни жой ва транспорт билан таъминлаш муаммо бўлмоқда.

Айни пайтда жами ўқитувчилар сонидан 40 фоизига мактабда қолиб, ишни давом эттириш ҳақида кўрсатма берилган.

- Лекин ўша 40 фоиз ўқитувчи ҳам ўрнига одам жўнатиши керак, тушуняпсизми? Мактабда дарсларни 2 сменага ажратадими, ишқилиб, амаллаб дарсни давом эттириши керак. Яна "Мактабда ўқитувчи 100 фоиз ишлаяпти", деган гапни қилинглар, дейишяпти,- дейди ногиронлиги боис пахта теримига чиқмай, мактабда ишни давом эттираётган бахмаллик ўқитувчи.

Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган суҳбатдошимиз эса куни кеча шаҳар мактабларидан бирининг ўқитувчиси ва поликлиникалардан бирининг ходими ўз ўрнига пахта териб беришини илтимос қилиб, уйига келганини сўзлаб берди.

- Ўрнимга пахтага чиқсангиз, пулини берардим, деди. Битта одамнинг ўрнига ётоққа боришга 100, 200, 300 минг сўмгача таклиф қилишяптида. Шу 10 кун, 1 ойгача бориш мумкин,- дейди Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган аҳоли вакилларидан бири.

Жиззах ва Сирдарё вилоятларнинг пахта теримига отланаётган ўқитувчилари ҳозирча қатъий кўрсатма борлиги боис ўқувчиларни пахтага чиқариш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, демоқда.

Ўтган йили фарзандларини пахтага йўллаган жиззахлик суҳбатдош ҳозирча мактабларда дарслар тўлиқ давом этаётганини айтмоқда. Аммо, унинг ўтган йилги аҳвол такрорланмаслигига ишончи комил эмас.

- Ўтган йили 20-15 сентябрлардан кейин ўқувчиларни ҳам чиқарворишган эди. 5-6-синфдан охирги 9-синфгача ётоққа кетган эди. 10-15 кун, узоғи билан бир ойга, дейишган. Лекин пахта тугагунча юришган. Шароити оғир, қанчаси касал бўлиб келган эди,- дейди суҳбатдош.

6 сентябр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мактаб ўқувчиларини бу йил пахта йиғим-теримига чиқариш қатъиян тақиқланиши, тақиққа амал қилмаганлар қонун доирасида жазоланиши ҳақидаги яна бир баёнотни тарқатди.

Баёнотда айтилишича, гарчи мамлакатда пахта асосан хусусий сектор вакиллари томонидан етиштирилсада, бу жараёнга фермерларнинг оила-аъзолари бўлган болаларнинг жалб этилиши ҳам мақсадга мувофиқ эмас.

Вазирлик эълон қилган ҳужжатда 16 ёшдан катта бўлган ўсмирларгина дарсдан ташқари вақтларда ўз ихтиёри билан пахта теримига чиқиши мумкинлиги айтилган.

Аммо, бу ёшда бўлган ва лицей, коллежларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг шу кунларда мажбуран пахтага чиқарилаётгани ҳақидаги хабарлар Озодлик таҳририятига етиб келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG