Линклар

logo-print

Саратовда иш ҳақини талаб қилган ўзбекистонлик икки мардикор ўлдирилди. Ўзбек йигитларига пул бермаган фермер ҳам икки кундан кейин шифохонада олган жароҳатлар туфайли оламдан ўтди.

Саратов вилояти Советский туманидаги Александровка қишлоғида 30 август куни ўлдирилган уч кишидан икки нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди.

Маълум бўлишича, “Дибиргажиев” деҳқон-фермерлик хўжалиги ҳудудида ушбу хўжалик эгаси Магомед Дибиргажиев ва икки нафар 37 ва 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси ўртасида жанжал келиб чиққан, дея маълум қилди Озодлик Радиосига Саратов вилотяи Тергов қўмитаси бошлиғи ўринбосари Анна Марусова.

- Ҳақиқатан, у ерда икки нафар Ўзбекистон фуқароси бўлгани аниқланди. Эртаси куни ҳодиса жойи кўздан кечирилаётганида рус миллатига мансуб яна бир шахс мурдаси аниқланди. 2 сентябр куни шифохонада пичоқланган ферма хўжайини ҳам жон таслим қилди. Шифохонада қолаётган Дибиргажиевнинг 28 ёшли рафиқаси Юлия Ершова бу жанжалда тирик қолган ягона шахс бўлиб чиқяпти, дея воқеа тафсилотларини гапириб берди Анна Марусова.

Терговнинг дастлабки тахминларига кўра, фермер доғистонлик 50 ёшли Магомед Дибиргажиев 30 август куни кечки соат 17:00 ларда хотини яшаётган ҳовлига исмлари сир сақланаётган икки ўзбек йигити киришга уринаётганини кўриб қолган.

“Улар ўртасида муштлашув бошланган ва ўзбекистонликларнинг бири пичоқ билан Дибиргажиевнинг қорнига урган”, дея давом этади Саратов вилояти Тергов қўмитаси расмийси.

- Шунда доғистонлик пичоқни тортиб олиб йигитларнинг иккаласини пичоқлайди, яъни жанжалда қотилликларнинг ҳаммаси айнан битта пичоқ билан амалга оширилгани аниқланди. Муштлашув пайтида фермернинг хотини ҳам оёғидан пичоқланган. Муштлашувдан кейин қорнидан оғир яраланган Дибиргажиев хотинини машинада шифохонага олиб кетади. Ўзбекистонликларнинг жасадлари аниқланганидан кейин, терговчилар подахонада устига одеяло ёпилган рус миллатига мансуб яна бир одамнинг ўлиги топилди. Бу шахс ҳам ўзбекларга ўхшаб шу фермада ишлаб юрган экан, дейди Анна Марусова.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўлдирилган Ўзбекистон фуқаролари “Дибиргажиев” фермасига ишга ёлланган. Бироқ ферма хўжайини уларга ҳақ тўламасдан ишдан бўшатворган.

Ҳодисадан хабардор Саратов вилоятидаги “Сўғдиёна” ўзбеклар жамияти фаолларидан бири жанжал ҳақиқатан иш ҳақи устида келиб чиққанини гапиради.

- Бу ерда шунчаки маиший жанжал бўлган, ҳеч қандай миллий низо бўлмаган. Бу йигитлар ўзлари айбдор – чиқиб уришган, доғистонликка келиб уришган “Пул берасан!”, деб. Бу иккита ўзбек боллари ичиб олган бўлган, шунчаки муштлашув бўлмаган у ерда,- дейди ўзини таништирмаган Саратов вилояти ўзбеклар жамияти фаоли.

Саратов вилояти Ички ишлар бошқармасининг Озодликка маълум қилишича, ўлдирилган Ўзбекистон фуқаролари - 1975 йилда туғилган Мирзоулуғбек Тўйчиев ва 1985 йилда туғилган Улуғбек Зокировлардир.

Полициячиларга кўра, ферма раҳбари Магомед Дибиргажиев қорнига зарба еганидан кейин пичоқни тортиб олиб, Тўйчиевнинг кўкрагига бир маротаба, Зокировнинг қорнига икки маротаба санчган.

Шунингдек, Озодликка маълум бўлишича, фермер Магомед Дибиргажиев Россия Жиноят Кодексининг “бировни калтаклаш” ва “бировнинг уйига бостириб кириш” моддалари бўйича 2010 йилда 8 ойга шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган ва бугунги кунгача ИИБ ҳисобида турган бўлган.

Россия Тергов қўмитасининг Саратов вилояти бўйича бошқармаси РФ Жиноят Кодексининг 105-моддаси юзасидан Александровкадаги қотилликлар юзасидан учта жиноий иш қўзғатди. Тергов ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG