Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:57

Багром қамоқхонаси афғонларга топширилди


Багром қамоқхонаси НАТО ҳарбий базаси ҳудудида жойлашган.
Багром қамоқхонаси НАТО ҳарбий базаси ҳудудида жойлашган.

10 сентябр куни Афғонистондаги АҚШ қўшинлари террорчиликда гумонланган уч мингга яқин Толибон жанггариси сақланаётган Багром қамоқхонаси назоратини Афғонистон ҳукуматига расман топширди.

АҚШ ҳарбийлари Багром қамоқхонаси устидан назоратни тўлалигича Афғонистон ҳукумати ихтиёрига ўтганини душанба кунги маросимда эълон қилди.

Афғонистон ҳарбий полицияси қўмондони Сайфулла Сафи ўзи бошқараётган бўлим тасарруфига 3,182 нафар маҳбус ўтганини тасдиқлади.

Афғонистон Мудофаа вазири Иноятуллоҳ Назарийга кўра, афғон ҳарбийлари Багром қамоқхонаси назоратни қабул қилиб олишга тайёрдир.

- Афғонистон хавфсизлик кучлари яхши тайёргарлик кўришди ва бугун улар қамоқхона назорати бўйича маъсулиятни ўз зиммасига олиши натижасида тажрибаларини амалда қўллаш имконига эга бўлганидан хурсандмиз. Биз халқаро кучлардан маъсулиятни ўзимизга олаяпмиз,- деди Иноятуллоҳ Назарий.

НАТО расмий вакили Жейми Грайбел шу йилнинг март ойида имзоланган келишувдан аввал ҳибсга олинган маҳкумларнинг "99 фоизи" афғонлар тасарруфига ўтказилганини маълум қилди.

Айни пайтда Грайбел халқаро кучларда жиноятда гумонланувчи шахсларни ҳибсга олиш ваколати сақланиб қолганини қўшимча қилди.

Багром қамоқхонасининг афғон ҳукуматига топширилиши - 2014 йилга қадар халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши жараёнида мамлакатдаги барча қамоқхоналарни маҳаллий тузилмалар тасарруфига ўтказиб бериш бўйича Вашингтон ва Кобул ўртасида тузилган битимнинг бир қисмидир.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай бу тадбирни миллий суверенитет йўлидаги ютуқ ўлароқ олқишлади.

Шу йилнинг январ ойида Афғонистон тергов комиссияси америкалик ҳарбийларни Багром қамоқхонасидаги маҳбусларни таҳқирлаганликда айблаб чиққанди.

Афғонистон ҳукумати комиссияси ҳисоботида Багром қамоқхонасида маҳбуслар ечинтириб текширилаётгани ва бир кишилик камераларда сақланаётгани тўғрисида шикоятлар олингани маълум қилинганидан сўнг президент Ҳамид Карзай ушбу қамоқхона назорати Афғонистон ҳукумати ихтиёрига топширилишини талаб қилган эди.

Багром қамоқхонаси бўйича АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги дастлабки келишувга мувофиқ АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар қамоқхона назоратини жорий йилнинг 5 февралида Афғонистон ҳукуматига топшириши лозим эди.

Бироқ кейинчалик президент Ҳамид Карзай янги муддатни 9 мартга белгилади.

9 мартда расмий Кобул ва Вашингтон мазкур қамоқхона назоратини Афғонистон ҳукуматига топшириш бўйича олти ойлик жараённи бошлаш тўғрисида келишув имзоланди.

Багром қамоқхонаси Афғонистондаги НАТО кучларининг Кобул шаҳридан 40 километр шимолроқдаги ҳарбий базаларидан бирининг ҳудудида жойлашган.

Жорий йил бошида ушбу базада америкалик тўрт зобит ва икки оддий аскар Қуръоннинг юзга яқин нусхаси ва бошқа диний адабиётларни ёқиб юборгани билан боғлиқ ҳодиса маҳаллий ва халқаро кўламда норозиликларга сабаб бўлган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG