Линклар

Norin mechanikal plant заводи GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар кузови учун эҳтиёт қисмлар ҳозирламоқда.

Наманган вилоятининг Норин туманида Жанубий Корея-Ўзбекистон қўшма корхонаси билан ҳамкорликда ишга туширилган Norin mechanikal plant заводи Nexia, Matiz, Spark ва Damas автомобиллари кузови учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқара бошлади.

Озодлик билан суҳбатда завод мутасаддиларидан бири ҳозирча заводнинг биргина цехи ишлаб тургани ва бу ҳам Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан ишга туширилганини айтди.

- Бизда фақат GM автомобилларининг кузови учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. Ҳали тўла қувват билан иш бошламадик. Эҳтиёт қисмларимиз тўғри Жанубий Корея билан ҳамкорликда ишлаётган Андижондаги "Ўзсэ Мюн КО" заводига кетади,- деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда завод мутасаддиси.

Ундан олинган маълумотга кўра, Андижондаги завод Норин заводидан келган эҳтиёт қисмларидан фойдаланиб, GM-Uzbekistan автомобиллари кузовини пайвандлашга тайёр ҳолга келтиради ва Тошкентдаги заводга йўллайди.

Норин тумани ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда заводнинг иш бошлаган биргина цехида 50 дан ортиқ мутахассис ишламоқда ва уларнинг аксарияти шу соҳа бўйича коллежларни битириб, ишга жойлашган ёш кадрлардир.

Ҳозирча туман ва завод мутасаддиларидан ушбу заводнинг тўла иш қуввати ва йил давомида ишлаб чиқариладиган маҳсулоти ҳажми ҳақида аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, ушбу вилоятда GM-Uzbekistan автмобиллари учун чироқ ишлаб чиқараётган "Узчасис" Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ходимларидан Ўзбекистонда ўз автомобиллари эҳтиёт қисмлари учун эҳтиёж катта экани ва бу эҳтиёжни қондириш учун қурилаётган заводларнинг зарурлигини урғулади.

- Мисол учун, бизда кундалик ишлаб чиқарилаётган чироқлар тўғри GM-Uzbekistan заводига ва учта-тўртта сервисга жўнатилади. Ҳар кунлигини ўша кунда жўнатамиз. Ҳамма авто сервислар бизга ўхшаган корхоналар билан шартнома тузган. Мен эҳтиёт қисмлар Ўзбекистонда етарли ишлаб чиқарилаяпти, деб ўйлайман, - деди "Узчасис" Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ходими.

Унинг сўзларига кўра, яқиндан бошлаб ушбу қўшма корхонада Chevrolet Cobalt русумидаги автомобиллар учун чироқлар ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўрилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, GM-Uzbekistan қўшма корхонаси бундан буён айнан Chevrolet Cobalt ва Chevrolet Malibu автомобилларини кўпроқ ишлаб чиқаришни режаламоқда.

Яқинда корхона томонидан Chevrolet Epica автомобилининг йиғилиши тўхтатилгани ҳам шу мақсад билан изоҳланди. Боиси, ҳар икки русумдаги автомобилларнинг ички бозорда харидори кўпайиши билан бирга Россия ва Қозоғистонда ҳам бозори қизимоқда.

“Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик ширкатига асосланиб UzDaily.uz нашрининг хабар қилишича, Андижон вилоятининг Асака шаҳридаги заводда йилига 120 мингдан ортиқ Chevrolet Cobalt ишлаб чиқариш ва унинг ярмидан кўпини МДҲ давлатларига экспорт қилиш мўлжалланган.

Ҳозирги пайтда GM-Uzbekistan корхонаси Nexia, Lacetti, Malibu, Cobalt, Matiz, Spark, Captiva ва Damas каби автомобилларни йиғаяпти.

2011 йили мазкур қўшма корхона 221.445 дона автомобил ишлаб чиқаргани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG