Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:12

Ўзбекистон ILO мурожаатини яна рад этди


Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилоти – ILO мутахассисларининг Ўзбекистонда бу йилги пахта мавсумида болалар меҳнати муаммоси юзасидан мониторинг ўтказиш борасидаги мурожаатини рад этган.

Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, Халқаро меҳнат ташкилоти – ILO мутахассисиларининг мамлакатда мазкур муаммо юзасидан мониторинг ўтказиш борасидаги бу йилги сўровини ҳам рад этган.

Бу ҳақда Вашингтондаги Cotton Campaign - Пахта кампанияси ташкилоти ўз манбаларига асосланган ҳолда душанба куни баёнот тарқатди.

- Ташкилотимиз тасарруфидаги маълумотга кўра, Ўзбекистон бу йил ҳам Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнати юзасидан мониторинг ўтказиш борасидаги сўровини рад этган. Агар ҳукумат чиндан ҳам бу йил болаларнинг дала ишларига жалб этилмаслигини хоҳлаётган экан, Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилар гуруҳини вазиятни мониторинг қилишларига рухсат бериши керак, - деди "Пахта кампанияси" вакили Мэттю Фишер-Дали.

Тошкент ҳукумати 2009 йилдан буён Халқаро меҳнат ташкилотининг ўз мутахассисларини Ўзбекистонга киритиш сўровини жавобсиз қолдириб келмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳозирча бу юзадан изоҳ бермади.

Болалар меҳнатига йўл қўйганлар жазоланади

Айни пайтда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийлари бу йил мамлакатда болалар меҳнатига изн берилмаслиги, бунга йўл қўйганлар қаттиқ жазоланишини маълум қилган.

- Бу йил болаларни пахтага чиқармаслик ҳақида тепадан жуда қаттиқ кўрсатма бўлди. Ҳамма жойда бу бўйича семинарлар ўтказилди, Ўзбекистон бу бўйича халқаро конвенцияларни ратификация қилгани борасида тушунтиришлар олиб борилди, - деди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати мулозими Умар Султонов.

Вазирлик расмийсига кўра, бу йил Ўзбекистоннинг барча вилоятларида вазият давлат ва хорижий ноҳукумат ташкилотлари, жумладан, ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси мутахассислари тарафидан кузатиб борилади.

Лекин ҳуқуқ фаоллари ЮНИСЕФ ташкилоти кузатувлари чинакам мониторинг ўрнини боса олмаслигини айтишади. Қолаверса, ўзбек расмийларининг болалар меҳнатидан фойдаланилмаслиги ҳақидаги ваъдаларига қарамай, ўтган йили мамлакатда мактаб ўқувчилари пахта йиғим-теримига мажбуран жалб этилгани холлари кузатилган.

- Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи қонунлар бор. Ҳукумат ҳам болалар эксплуатация қилинишини доим рад этиб келади. Лекин ҳуқуқ фаоллари воқеликда ўтган йили ҳам аввалги йиллардаги каби Ўзбекистонда кўпгина мактаблар ёпилиб, юз минглаб бола пахта даласига ҳайдалганига гувоҳ бўлишган, - дейди Мэттю Фишер-Дали.

Айни пайтда Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига сафарбарлик аллақачон бошланган. Мамлакатдаги кўплаб ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилар, турли корхона ходимлари пахта далаларига олиб чиқилаётгани ҳақида хабарлар бор, аммо бу йил мактаб болалари пахта йиғим-теримига жалб қилинмасдан ўқув машғулотларини давом эттиришмоқда.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:53 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG