Линклар

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Олтой ўлкаси бошқармаси ходимлари ўқортар қурол сотиб олаётган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Терговчилар тахминига кўра, гумонланувчилар қурол-яроқни Ўзбекистонга олиб ўтишни кўзлаган.

Олтой ўлкасида Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маҳаллий бошқармасига номаълум шахслар жанговар қурол-яроқ сотиб олишга уринаётгани ҳақида маълумот келиб тушди.

ФСБ ходимлари томонидан ишлаб чиқилган махсус амалиёт давомида қўрол-аслаҳа сотиб олишга уринган шахслар 3 сентябр куни қўлга олинди, дейди Озодлик Радиосига Олтой ўлкаси бўйича ФСБ бошқармаси расмийси Александра Яскожук.

- Олтой ўлкасида қўлга олинганлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари экани аниқланди. Бири 1980 йилда туғилган Мадамин Бобоноров, иккинчиси 1988 йилда туғилган Хуршид Эшқулов. Айни пайтда Эшқуловнинг Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келгани, шахсини тасдиқловчи бирорта ҳужжат бўлмагани ҳам маълум бўлди, дейди Александра Яскожук.

ФСБ ходими сўзларига кўра, 3 сентябр куни Бобоноров ва Эшқуловлар бир партия ўқотар қурол сотиб олиш учун хавфсизлик ходимлари белгилаган жойга етиб келган ва олди-берди бўлаётган пайтда ҳибсга оилнган.

Олтой ФСБ Бошқармаси вакили ўзбекистонликлар дастлабки тергов давомида Россиядан Ўзбекистонга қурол-яроқ контрабандасини йўлга қўйиш ниятида бўлганларига иқрор бўлди, дейди.

- Уларнинг кейинги режалари шунақа экан. Лекин бу ҳозирча исботлангани йўқ, бу масала юзасидан тергов давом этмоқда. Улар ноқонуний равишда қурол сотиб олишнинг дастлабки босқичида қўлга олинди. Шу сабабли қандай йўллар билан, нима мақсадда Ўзбекистонга қурол олиб киришни режалаштирганини терговчилар аниқлаб беради, деди Олтой ўлкаси бўйича ФСБ Бошқармаси расмийси Александра Яскожук.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Олтой ўлкаси бўйича бошқармаси Ўзбекистон фуқаролари 31 ёшли Мадамин Бобоноров ва 24 ёшли Хуршид Эшқуловларни Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 30-моддаси 3-қисми (жиноятга қўл уриш) ва 222-моддаси 2-қисми (ноқонуний тарзда қурол сотиб олишга уриниш) бўйича жиноий жавобгарликка тортди.

Ўзбекистонликларга илгари сурилаётган айбловлар судда исботланса, улар икки йилдан олти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG