Линклар

logo-print

Қирғиз Конституциясининг ноқонуний ўзгартирилгани иддао қилинмоқда


Ҳукуматни истеъфога чиқаришга муваффақ бўлган депутат Ўмурбек Текебаев сиёсий рақибларини тухматда айбламоқда.

Ҳукуматни истеъфога чиқаришга муваффақ бўлган депутат Ўмурбек Текебаев сиёсий рақибларини тухматда айбламоқда.

Қирғизистон янги Конституцияси муаллифи, “Ата мекен” партияси раиси Ўмурбек Текебаев сиёсий рақиблари томонидан Бош қонунга ноқонуний ўзгартишлар киритганликда айбланмоқда.

Қирғизистон янги Бош қонунини ишлаб чиқиш юзасидан 2010 йилда ташкил этилган Конституциявий кенгашига раислик қилган Ўмурбек Текебаев референдумдан сўнг Конституциянинг айрим моддалари ўзгартирилгани ҳақидаги иддаоларни рад этмоқда.

Текебаев: Сиёсий рақиблар ҳужумга ўтди

Унга кўра, бу иддаоларни тасдиқлай оладиган далиллар йўқ. Ўмурбек Текебаев 2010 йилнинг 27 июнида ўтган референдумгача ва референдумдан сўнг эълон қилинган Конституция матнида мутлақо қарама-қаршиликлар мавжуд эмаслигини билдирди:

- Умумхалқ муҳокамасига қўйилган ва референдумда қабул қилинганидан сўнг эълон қилинган Конституция матни мутлақо ўзгармаганини ҳар бир фуқаро текшриб кўра олади. Бу ҳеч қандай муаммо туғдирмайди. Муҳокамага қўйилган матн билан референдумдан сўнг эълон қилинган матн солиштирилса бас. Мени Конституцияга ноқонуний ўзгартиришлар киритганликда айблаётган депутатларнинг ўзлари бу иддаолари билан Бош қонунни ўқиб чиқмаганларини тасдиқлаяптилар, -деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғиз Конституцияси муаллифини ноқонуний ҳаракатда айблаётган депутатлар “Республика” партияси вакилларидир. Мазкур партия раиси Ўмурбек Бабанов 22 август куни парламентдаги ҳукмрон коалиция тарқалгани эълон қилингач истеъфо беришга мажбур бўлган эди. Ҳукмрон коалициянинг тарқалишига ва Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги ҳукуматнинг истеъфога кетишига эса “Ата мекен” партияси раиси Ўмурбек Текебаевнинг ҳукуматга ишончсизлик билдириш борасида олиб борган уч ойлик ҳаракати туртки берган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўмурбек Текебаев ўзига нисбатан айтилаётган айбловларни “сиёсий рақиблар фитнаси” дея баҳолмоқда.

Рақиблар: Исботлаймиз, тергов ва суд қиламиз

“Республика” партиясидан парламент депутати Кенжебек Бўкўев эса мазкур масалада ташкил этиладиган махсус комиссия Конституцияга ноқонуний тарзда ўзгартиришлар киритилгани ҳақида далиллар топа олишига ишонади.

-Текебаевнинг бизни Бош қонунни диққат билан ўқимаганликда айблашга ҳаққи йўқ. Негаки, Конституциядан бизнинг юристлар 20 га яқин хато топишди. Махсус комиссия Бош қонун референдумда тасдиқланганидан сўнг ўзгартирилгани ҳақида аниқ далилларга эга бўлади, деб ҳисоблайман, - деди Кенжебек Бўкўев.


“Яшасин Қирғизистон” партияси раиси Тўктайим Уметалиева Конституциянинг тўртта моддасига ноқонуний ўзгартиришлар киритлганини иддао қилмоқда. Сиёсатчи хоним булар қайси моддалар эканини очиқ айтгани йўқ. Тўқтайим Уметалиева фақат тергов ва суддагина бу моддалар қандай тарзда ўзгартирилганини исботлаб беришга тайёр эканини айтди:

- Бош қонундаги тўртта модда ўзгартирилганини Текебаев 2010 йилда ЕХҲТнинг конституциявий ислоҳот борасида ўтган йиғинида билдирган эди. Ҳозир унинг ёдидан кўтарилган бўлса, унга буни эслатишнинг ҳожати йўқ. Чунки олдинда тергов ва суд бор. Мен Конституциянинг тўртта моддаси ноқонуний ўзгартирилганини суд жараёнида исботлаб бераман. Ўшанда Конституциявий кенгашнинг аъзолари имзолаган Конституция қай тарзда алмаштириб қўйилгани аниқ бўлади,-деди Тўқтайим Уметалиева.

XS
SM
MD
LG