Линклар

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида одатда ҳеч кимни кўрмайсиз... Лекин элчихонадан сал нарироқда жойлашган Ўзбекистон консуллиги дарвозаси олдида доим тумонат одам.

Бу ерда одам шу қадар купки майда-чуйда бизнес қилишга ҳам имкон топилади. Кимдир қайноққина сомса сотган, бошқаси севимли ўзбек хонандаларининг - сифатсизроқ ва қалбакироқ бўлса ҳам - дискларини кўз-кўз қилган, учинчиси кун бўйи туриб толиққан ФУҚАРОЛАРГА иссиқ чой узатган... Бозор! Нақд ўзимизнинг Қўйлиқ бозори!

“Акалар-опалар! Бир сўмдан ёрдам қиворинглар! Кўчада қолиб кетдим...” Оқ спорт кийимидаги хоразм шевасида гапираётган бу йигит консуллик олдидаги “бозор”да тиланчиликни касб қилиб олган, кўринади.



Деворга ёпиштирилган “Қариси бор уйда - париси бор!”, деган ёзуви бор плакат тагидан бир неча киши баҳслашяпти.

Қўлида иккита телефони бор бир йигитча “Москва-Тошкент-Москва” йўналиши бўйича барча қулайликларга эга Мерседес автобусларида уйгача саёҳат қилишга таклиф қилиб турибди. “Қачон жўнайди автобусингиз?” деган саволга у кулиб “Ака, ҳар куни тўлиб кетяптику. Боришга улгурмасдан олиб кетишади!”, деб жавоб беради.

Яна бир неча киши ҳужжатларнинг истаган туридан: қайд қилиш, ишга рухсатнома, “медкнижка”, патент, паспортга муҳр каби қоғозларни тайёрлаб беришади. Зарурат туғилса маҳаллий “усталар” ҳатто паспортларни ҳам тайёрлаб бериши мумкин. Албатта, қалбаки...

Керак бўлса, навбатга ҳам турмасдан консуллик ичкарисида барча масалаларни ҳал этиб берадиган одамлар ҳам топилади.

Гоҳ-гоҳ дарвоза ортида дағал овозда кимдир “Қаёққа кетвонсанла, молга ўхшаб?! Бир сафга тизилиб тур, бўлмасам ўтмайсан бирортанг!”, дея бақириб қолади.

Дарвоза очилиши билан одамлар ичкарига ёпирилади. Барзанги йигитларнинг кучи етмасдан туртиб-суриб яна эшикни ёпиб олади.

Ичкаридан бахтли лотерея эгалари чиқиб келади! Юзларида табассум: “Худога шукур! Олдим!”.

Яна биров жаҳли чиқиб, дарвоза томон сўкиниб қолади... Ишқилиб, жуда томошабоп жой-да, ўзиям...

“Ксерокопия керакми? Қоғоз керакми? Арзонгина уй-жой қилиб берайми? Такси хоҳлайсизми?”... Ўзбекистон элчихонаси нарироғидаги консуллик олдида бизнес қайнаб ётибди.

Бир акахон келиб, “Нима ҳожатингиз бор, биродар?”, деб сўраб қолди. Яъни у ҳар қандай ҳожатимни чиқариши мумкин!

Яшавор, ўзбек! Кам бўлма!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG