Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:16

Америкаликлар 9/11 террор хуружини хотирламоқда


11 сентябр куни америкаликлар қарийб 3 минг киши ҳаётига зомин бўлган террор ҳужумининг 11 йиллигини хотирламоқда.

11 сентябр куни Ню Йоркнинг муқаддам Жаҳон Савдо марказининг эгизак бинолар турган майдонида бўладиган хотира маросимида қурбон бўлганларнинг қариндошлари ўз яқинлари номини баланд овозда ўқиш маросимини ўтказмоқда.

Хотира маросимлари Ал-Қоида террорчилари ҳужум уюштирган Пентагон биноси ва Пенсилваниядаги майдонда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Президент Барак Обама эса Оқ Уйда чиқиш қилди ва ушбу фожиа қурбонлари ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг хотираси Американи халқаро террорга қарши янада кучлироқ курашишга даъват қилишини таъкидлади.



Ушбу сана олдидан чиқиш қилган Мудофаа вазири Леон Панетта АҚШ ҳар доим террор таҳдига нисбатан ҳушёр туриши ва кимдир АҚШга ҳужум қилса, бунинг учун жавоб бериши муқаррар экани ҳақида гапирди.

- Бугун биз бу ерга ўз ваъдамизни — 9/11 қурбонлари хотираси, уларнинг оила-аъзолари, барча америкаликлар олдида берган ваъдамиз — ватанимизга қарши ҳар қандай террор таҳдидига қарши ҳамиша ҳушёр бўлиш ва Америкага бирор кимсанинг ҳужум қилишига йўл қўймаслик ҳақида берган ваъдамиз устида яна бир бор мулоҳаза қилиш учун йиғилдик, деди, жумладан Панетта.

Сўнгги 11 йил ичида Ал-Қоиданинг кўплаб етакчилари ўлдирилди. Булар орасида тармоқнинг етакчиси Усама Бин Ладин ҳам бор.

Ал-Қоида террор тармоғи етакчиси Айман ал-Завоҳирий эса видео орқали дунёга мурожаат қилиб, ўз ўринбосари Абу Яҳё ал-Либийнинг ҳам ўлганини тасдиқлади.

Оқ Уй маъмурияти Яҳё ал-Либийни Ал-Қоида тармоғининг амалиётлари ташкилотчиси ва бош менежери, деб ҳисоблаб келарди.

Аммо дунё бўйлаб Ал-Қоиданинг ўлдирилган етакчилари сони ортиб борар экан, Америкада 9/11 хуружида жароҳатланган ва шу боис ҳаётдан кўз юмаётган инсонлар сони ҳам ўсиб бормоқда.

АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, портлаш чоғида тарқалган газдан заҳарланган хасталардан 1000 нафарга яқини ўлган.

Ню Йорк Ўт ўчириш хизмати эса савдо бинолари қулаган кезда вайроналар остида қолган 64 кишининг ҳаётини сақлаб қолган, аммо ўзи заҳарлангани боис кейинчалик оламдан ўтган 9 қутқарувчининг исмини террор хуружи қурбонлари номлари рўйхатига қўшиб қўйди.

Ушбу фожеадан сўнг хасталанганлар орасида қурувчилар, ўт ўчирувчилар, полициячилар, шунингдек, фожиа содир бўлган ҳудудга яқин атрофда яшаган одамларнинг кўпчилиги оғир хаста.

АҚШ федерал ҳукумати ушбу фожиа оқибатида хаста бўлган одамларда учраётган саратон касаллигининг 50 та турини давлат кўмагида даъволанадиган хасталиклар рўйхатига қўшди.

Шу кунларда 70 мингга яқин ўт ўчирувчилар, полиция офицерлари ва биринчи ёрдам кўрсатганлар ҳукумат кўмагида даволанмоқда.

Фожианинг 11 йиллиги муносабати 11 Сентябр миллий музейининг очилиши ҳам кутилган эди. Аммо қиймати 1 миллиард 400 миллион доллар бўлган лойиҳанинг етакчиси воқеадан қолган ашёлар ва хотираларни йиғиш учун яна бир неча йиллар керак бўлишини айтди.
XS
SM
MD
LG