Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:22

"Style.Uz" тадбирига кўнгиллилар танланмоқда


Гулнора Каримованинг "Art Week Style.Uz" тадбирларига кўплаб ажнабий юлдузлар келади.
Гулнора Каримованинг "Art Week Style.Uz" тадбирларига кўплаб ажнабий юлдузлар келади.

Шу кунларда Гулнора Каримова ҳомийлигидаги Art Week Style.Uz санъат ҳафталигига тайёргарлик авжига чиққани кузатилмоқда. Ташкилотчилар тадбирга бепул ёрдам берувчи волонтерларни ҳам излаяпти.

Еттинчи бор ўтказиладиган Art Week Style.Uz санъат ҳафталиги 9 октябр куни бошланади.

Ҳафталик ташкилотчилари кино, мода, фото, тасвирий санъат каби йўналишларни ўз ичига оладиган йирик тадбирда беминнат хизмат қилишга шай кўнгилли фаолларни излаш билан машғул.

Таржимон, дизайнер, стилист, журналист ва фотограф, қўйингки, кимки бепул ишлаб бераман деса, тадбир ташкилотчиси Гулнора Каримова раҳбарлигидаги “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси – Фонд Форум ташкилотига мурожаат қилиши мумкин.

Бир қарашда бепул ишловчи ҳашарчилар гуруҳини эслатувчи мазкур кўнгиллилар сафига фақат икки босқичли танловдан ўтганларгина қабул қилинади.

Танлов шартлари ҳақида билиш учун Озодлик кун давомида Интернетда эълон қилинган кўнгилли фаоллар мурожаат қилиши мумкин бўлган телефон рақамларига қўнғироқ қилди, бироқ телефонга ҳеч ким жавоб бермади.

Бу йил ҳам ҳафталик доирасида “Theatre.Uz” театр фестивали ва “Олтин гепард” кинофорумининг ўтказилиши режалаштирилган.

Озодлик ўтказилажак санъат ҳафталигига оид қўшимча маълумот олиш учун Фонд Форумга мурожаат қилди, лекин "Art Week Style.Uz" бўйича барча маълумотларни Style.Uz сайтидан ўқийсиз", деган жавобдан нарига ўтишнинг иложи бўлмади.

Style.Uz сайтида ёзилишича, кенгқамровли маданий тадбирларни ўз ичига олган 6 кунлик тадбир Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади.

Style.Uz хабарига кўра, жорий йилда, айниқса, фотобиенналега катта эътибор қаратилган.

Мазкур тадбирга маъсул бўлган “Art and Fact” галереясининг ходими Валентина Катешовага кўра, фотобиенналеда иштирок этиш учун 35 дан зиёд хорижий давлат фуқароларидан таклиф тушган.

- Бизда ҳозир жами икки юздан зиёд иштирокчи. Лекин ҳар куни улар сони ошаяпти. Иштирокчилардан бир мингдан зиёд картина олинди. Хитой, Бангладеш, Эрон, Аргентина, Испания каби дунёнинг 35 дан зиёд давлатидан ижодкорлар қатнашиш истагини билдирди. Таёргарлигимиз жуда катта бўлаяпти. Бу йил фотобиеннале энг эсда қоларли тадбир бўлади,- деди Валентина Катешова.

Фотобиенналега хорижий ижодкорлар томонидан катта қизиқиш билдирилаётган бир пайтда маҳаллий фотографлар тадбирни унчалик олқишламаётганини ҳам кузатиш мумкин.

Жумладан, Ўзбекистондаги таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва унинг ўнлаб шогирдлари ҳам мазкур тадбирда иштирок этмаяпти.

Умида Аҳмедовага кўра, у мазкур тадбирни жиддий қабул қилмагани учун унда иштирок этмасликни мақул топган.

- Биласизми, бу биенналеда шахсан ўзимнинг қатнашмаслигимнинг сабаби асли ўзи биеннале бўлганда, биенналеларнинг ўзининг обрўйи бўлади, одамлар унга интилади. Биенналенинг одатда давоми бўлади. Дейлик биенналеда ютдинг. Ютганингдан кейин қанақадир бошқа бир перспективалар очилади. Ўзбекистондаги биенналега ишонмайман. Чунки ҳамма биенналенинг ўзининг кураторлари бўлади. Кураторларнинг ҳам ўзига хос репутацияси бўлади. Аввалги биенналега кўрдим, профессионал жиҳатдан бу биенналелар мени шахсан қизиқтирмайди. Нафақат менинг шогирдларим, бошқа фотографлар бир нечтаси қатнашиб айтишди. Мен ўзим бу биенналени жиддий қабул қилмайман. Чунки профессионал жиҳатдан жиддий ўтганини кўрганим йўқ,- дейди Умида Аҳмедова.

Шу кунларда маҳаллий матбуот бўлажак санъат ҳафталигини кенг реклама қилмоқда. Тадбир иштирокчилари эса кечаю кундуз демай тадбирга тайёргарлик кўраётгани айтилмоқда.

Ҳар йили ўтказиладиган ёш дизайнерларнинг модалар намойишига тайёрланаётганлардан бири “Осиё рамзи” дизайнерлар ва моделерлар уюшмасидир.

Ташкилотнинг ўзини таништирмаган ходимаси тайёргарлик авжидалиги боис катта интервью беришга ҳам вақт йўқлигини айтиб, жавобни қисқа қилди.

- Биз ҳам қатнашамиз. Ҳозир тайёрланаяпмиз. Сизга телефонда ҳаммасини гапириб бера олмайман,- деди суҳбатдош.

Озодлик мухбири Тошкентдаги айрим дизайнерлар ва фото студияларига қўнғироқ қилиб, уларнинг "Art Week Style.Uz" тадбирига қанчалик қизиқиш кўрсатаётганини ўрганди. Олинган жавоблардан Гулнора Каримованинг санъат ҳафталигида қатнашиш иштиёқмандалари кўп эмаслигини айтиш мумкин.

Тошкентдаги дизайнер студиясининг (маълум сабабларга кўра, унинг номини келтирмаяпмиз-таҳр.) ходимасига кўра, тадбир давомидаги узлуксиз репетициялар боис бу йил тадбирда иштирок этмасликни маъқул топган.

Бошқа бир суҳбатдошимиз "Reporter Master Studio" фото-студияси ходимаси эса умуман Style.Uz тадбири ҳақида эшитмаганини айтди.

- Ҳақиқатни айтсам, сиздан биринчи бор эшитаяпман бунақа танлов ҳақида. Эшитмаганман ҳеч,- деди "Reporter Master Studio" ходимаси.

Айни пайтда тадбирга хорижнинг машҳур хонандаларидан кимлар таклиф қилиниши ошкор қилинганича йўқ.

Ўзбекистон Футбол Федерациясидаги исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналарини Style.Uz санъат ҳафталиги арафасида ўтказиш режалаштирилган.

Унинг айтишича, санъат ҳафталигига таклиф қилинган хонандалардан айримлари футбол юбилейи тантаналарида ҳам иштирок этиши мумкин.

Тошкентдаги "Новый век" газетаси ўзбек футболининг 100 йиллик юбилей танталарида таниқли хонанда Шакира ва Бейонсе иштирок этиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Гулнора Каримованинг аввалги хос маъракаларини обод қилган хорижлик Стинг, Хулио Иглесиас, Монсерат Кабалье, Род Стюарт, Таркан¸ Хосе Каррерас каби санъат юлдузларининг Тошкентга келиши учун уларнинг ҳар бирига камида 1 миллион евродан тўлангани айтилади.

Уларнинг айримлари кейинчалик халқаро майдонда қаттиқ танқидга учраган эди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси хақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида гапирган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:39 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG