Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:31

Душанбе Москва билан 201-база ҳақида янги шартнома имзоламоқчи


Россиянинг Тожикистондаги 201-базаси бўйича янги битим шу йилнинг октябр ойида президент Владимир Путиннинг Душанбега сафари чоғида имзоланиши кутилмоқда.
Россиянинг Тожикистондаги 201-базаси бўйича янги битим шу йилнинг октябр ойида президент Владимир Путиннинг Душанбега сафари чоғида имзоланиши кутилмоқда.

Душанбе ва Москва Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базаси ҳозирлиги шартлари ва муддати бўйича принципиал битимга эришди.

Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати сайти музокараларни яқиндан кузатаётган ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилади.

Маълумотларга кўра, бугун Душанбеда 201-ҳарбий базанинг ҳозирлик шартлари ва муддати бўйича музокаралар бўлиб ўтаяпти. Бу музокараларда Москвани сешанба оқшомида Россия мудофаа вазирининг муовини Анатолий Антонов бошчилигида Тожикистон пойтахтига етиб келган делегация тамсил этмоқда. Тожикистон делегациясига эса адлия вазири Рустам Менгилиев раҳбарлик қилаяпти. Шунингдек, Антоновнинг Тожикистон сиёсий раҳбарияти билан учрашиши ҳам кутилмоқда.

Аввалроқ Россия расмийлари Душанбе билан ўз базасининг Тожикистонда 49 йил қолиши ҳақида келишувга эришишга умид қилаётганлари ҳақида билдиргандилар. Аммо, маълумотларга кўра, Тожикистон томони ҳар 10 йилда рус базасининг ҳозирлиги ҳақидаги шартномани янгилаб туришни маъқул кўрган ҳамда бу шартномалар уч марта янгилангач, ҳозирлик шартлари қайта кўриб чиқилиши лозимлигини айтган.

Айни пайтда Душанбе ва Москва имзолаши кутилаётган ҳужжатда 201-ҳарбий база учун ҳақ олинмаслиги қайд этилгани айтилмоқда.

- Шартнома лойиҳасига мувофиқ, Москва Россия ҳарбий олийгоҳларида Тожикистон армиясига кадрлар тайёрлаш учун квоталарни оширади ҳамда Тожикистон армиясини замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлайди. Бугунги кунда эришилган принципиал битим шундан иборат, - дейди Марказий Осиё янгиликлар хизмати манбаси.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Тожикистон 201-база учун Россиядан 250 миллион доллар миқдорида ижара пули сўраётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган, бироқ бу маълумот расмий Душанбе томонидан тасдиқланмаганди.

Москва ва Душанбе ўртасидаги ҳарбий база тўғрисида битим Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг минтақадаги сув можаролари урушга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотидан кўп ўтмай имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов 7 сентябр куни Остона шаҳрида қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлаганди.

Бу баёнот Қирғизистон жамоатчилиги орасида ҳам, Тожикистон жамоатчилиги орасида ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Бу борада маҳаллий онлайн нашрларда чиққан хабарлар остида шарҳ қолдирган изоҳчиларнинг айримлари “Биз зудлик билан армиямизни жанговар ҳолатга келтиришимиз, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникамизни янгилашимиз зарур”, “Ўзбекистон ҳужум қилса, Россия қараб турмайди” қабилидаги ваҳимали ва иддаоли мулоҳазаларни ҳам баён этганлар.

Тожикистондаги 201-база Россиянинг хорижда бўлган энг йирик базаларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур база бўлинмалари пойтахт Душанбе ва мамлакат жанубидаги икки шаҳарда жойлашган бўлиб, уларда етти минг чоғли россиялик ҳарбий хизмат ўтайди.

Ҳозирлик ҳақидаги шартнома муддати 2014 йилда тугайдиган 201-база бўйича Душанбе ва Москва ўртасидаги музокаралар тўрт йилдан буён давом этиб келаётганди. База бўйича янги битим шу йилнинг октябр ойида Россия президенти Владимир Путиннинг Душанбега сафари чоғида имзоланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG