Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Тадбиркордан таъмагирлик қилган амалдор қамалади


Ўзбекистонда амалдорларнинг тадбиркорлардан таъмагирлик қилиш кенг тарқалгани айтилади.
Ўзбекистонда амалдорларнинг тадбиркорлардан таъмагирлик қилиш кенг тарқалгани айтилади.

Ўзбекистонда 12 сентябр куни тадбиркорлар ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган янги қонун кучга кирди. Эндиликда тадбиркорлик субъектларида ғайриқонуний текширувлар ўтказган ва уларнинг фаолиятига қонунда кўрсатилганидан ташқари аралашган амалдорлар катта миқдорда жаримага тортилади ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 12 июл куни қабул қилинган, Олий Мажлис Сенати 30 август куни тасдиқлаган ва мамлакат Президенти томонидан 11 сентябр куни имзоланган қонунга кўра Ўзбекистон Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига бир қанча ўзгартишлар киритилди.

Бу ўзгартишларга кўра, тадбиркорларни ноқонуний текширган амалдорлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилади.

Янги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 241-2 моддаси “Хўжалик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш” банди билан тўлдирилган.

Бу ўзгартишга кўра, қасддан текширишлар ташкиллаштириш ёки ўтказиш, мансаб ваколатидан фойдаланиб, хўжалик субъектлари фаолиятини тўхтатишга уринган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 2-5 баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан (1 млн.85 минг сўм, ёки расмий курс бўйича 562 АҚШ доллари) 50 бараваригача (3 млн. 675 минг сўм ёки 1874 АҚШ доллари) жарима солинади.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-1 моддаси ҳам худди шундай “Хўжалик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш” банди билан тўлдирилди.

Бу ўзгартишга кўра, тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдорлар маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг яна шундай ҳолатни такрор содир этса, улар энг кам иш ҳақининг 150-300 бараваригача (22 миллион сўм ёки 11424 АҚШ доллари) жаримага тортилиши ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин.

Агар худди шундай ҳаракатлар катта миқдорда зарар келтирса, такрор ёки хавфли рецидивист ёхуд бир гуруҳ шахсларнинг олдиндан келишуви орқали амалга оширилса, энг кам иш ҳақининг 300дан 500 бараваригача (36млн. 675 минг сўм ёки 19 минг АҚШ доллари) жарима солинади ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Айнан шу ҳаракатлар катта миқдорда зарар келтириб, уюшган гуруҳ ёки мансабдор шахс томонидан амалга оширилса, жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 600 бараваригача (44миллион сўм ёки 22848 АҚШ доллари), озодликдан маҳрум қилиш муддати уч йилдан беш йилгача ошиши янги қонунда назарда тутилган.

Андижонлик тадбиркор Абдувоҳид Эминов янги қонун тадбиркорларни ғайриқонуний текширишлардан ҳимоя қилишидан умидвор эканини айтади:

- Бу қонуннинг муҳимлиги шундаки, энди бўлар бўлмас текширишлар бўлмайди, ғайриқоунуний келиб “сени у қивораман, бу қивораман” дегувчилар камаяди. Илгари масалан, участковой мелиса ҳам келиб нимага халатинг йўқ, деб гаранг қиларди. Икки-уч йил бўлди анча тартибга келиб қолди,- дейди Абдувоҳид Эминов.

Тадбиркорга кўра, бу қонунни янада кучайтириш масаласи долзарб бўлиб қолган эди:

- Мана ҳар бир туманда тадбиркорлар савдо палатаси бор. Шу палаталарда юристлар штати жорий қилиб, улар тадбиркорларни ҳимоя қилиши керак. Агар қонунга тадбиркорларни юристлар ҳимоя қилсин деган нарса қўшилса эди, жуда яхши бўларди. Ваҳоланки бу палаталарнинг фаолияти, уларнинг бор-йўқлиги ҳам сезилмайди,- дейди андижонлик тадбиркор Абдувоҳид Эминов.

Бироқ, Хоразм вилоятининг Хонқа туманида тадбиркорлик қилаётган Ражаббой Қуранбоев тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қонунлар ва ҳукумат қарорлари бундан илгари ҳам жуда кўп марта қабул қилинганини айтар экан, қонунлар ишламаганидан кейин бундан не фойда, дейди:

- Мен бу қонунга ишонаман, қачонки прокуратурага, мелисага, ҳокимиятга, солиққа бўйсунмайдиган бир орган ташкил қилишса бу қонун ишлайди. Мен ўзи ноқонуний текширувлардан жабрланганман. Булар мени текшир-текшир қилавериб адо қилишди. Бундай қонунлар аввалдан ҳам бор. Лекин бу қонунлар ишламайди, бу қонунлар фақат қўлга қараб ишлайди.

Ўзбекистонда қачон тадбиркорлик қилиш мумкин? Масалан, прокуратурада, мелисада, ҳокимиятда ёки солиқда катта бир танкангиз бўлса бемалол ишлаш мумкин. Бўлмаса, доим бериб туришингиз керак, бўлмаса, булар юз хил баҳоналар билан ишлагани қўймайди,- дейди тадбиркор Ражаббой Қуранбоев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:40 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG