Линклар

Ўзбекистон навбатдаги пахта ярмаркасига тараддуд кўрмоқда


Uzbekistan - Logo of Cotton Fair

Uzbekistan - Logo of Cotton Fair

Келаси ой Тошкент VIII Халқаро пахта ярмаркасига мезбонлик қилади. 17-18 октябр кунлари Ўзбекистон пойтахтида ўтадиган икки кунлик тадбирда хорижлик пахта хомашёси харидорларининг иштирок этиши ва янги олди-сотди шартномаларини имзолаши кутиляпти.

Ярмарка Тошкентда 2005 йилдан буён Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказиб келинади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги матбуот хизмати бу йилги тадбирда жаҳоннинг қирққа яқин давлатидан уч юздан ортиқ ширкат вакиллари иштирок этишини маълум қилди.

- Бу йил яна ҳам кўпроқ ширкат вакиллари ярмаркада қатнашиши ва аввалги йилдагидан ҳам кўпроқ шартнома имзоланишини кутяпмиз,- деди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигининг ўз исмини айтмаган расмийси.

Вазирлик эълон қилган расмий хабарномага кўра, ўтган йилги ярмаркада Ўзбекистон чет эллик ҳамкорларига 600 минг тонна тола сотган. Пахта экспорти бўйича умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган.

Ўзбекистон 2011 йилда пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон ҳар йили 3,5 миллион тонна атрофида пахта етиштиради, 1 миллион тоннадан зиёд тола ишлаб чиқаради.

Ўзбек пахтасининг 40 фоизини Россия ширкатлари, қолган қисмини Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликларидаги қатор ширкатлари сотиб олишлари айтилади.

Танқидлар

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини таъкидлаётганига қарамай, дунё жамоатчилиги танқидлари тинмаётир.

Навбатдаги пахта ярмаркаси ҳам Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиши борасидаги халқаро танқидлар кучайган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ярмарка арафасида Вашингтондаги "Пахта кампанияси" деб аталувчи ташкилот Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши (UBTIC)га мурожаат этиб, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйиш ва бу йилги пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labor Organization) мутахассисларининг мамлакатга киритилишига эришиш учун Тошкент ҳукуматига босим ўтказишни сўраган.

“Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши Тошкентда очилажак VIII Халқаро пахта ярмаркасига ҳомийлик қилиши ҳақида хабар топдик. Бу кенгаш Ўзбекистон пахта саноатини рағбатлантиришни камайтириб, мамлакатда болалар меҳнатини таг-туби билан йўқ қилиш ва инсон ҳақлари ҳурмат қилинишига эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматини конкрет чоралар кўришга ундаши лозим”,- дейилади Ўзбекистон-Британия Савдо ва Саноат Кенгаши раиси Питер Лилли номига йўлланган очиқ хатда.

"Пахта кампанияси" ташкилотининг мазкур баёноти Ўзбекистонда пахта теримига оммавий сафарбарлик бошланган кезда янгради. Шу кунларда Ўзбекистонда давлат корхоналари ходимлари, талабалар ва коллеж ўқувчилари пахтага жалб этилмоқда.

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларнинг ҳам пахтага сафарбар этилгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

- Ўзбек пахтасининг конкурентлари кўп, пахтамиз дунёда энг сифатли саналади. Лекин бу пахтани болалар тераётгани ҳақидаги гаплар асоссиз. Катталар теряпти, мана биз теряпмиз, бизда болалар меҳнати йўқ,- деди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги расмийси.

Ўзбекистон ҳукумати бу йилги терим мавсумида мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

- Бу йил болаларни пахтага чиқармаслик ҳақида тепадан жуда қаттиқ кўрсатма бўлди. Ҳамма жойда бу бўйича семинарлар ўтказилди, Ўзбекистон бу бўйича халқаро конвенцияларни ратификация қилгани борасида тушунтиришлар олиб борилди,- деди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизмати мулозими Умар Султонов.

Нега ILO Ўзбекистонга киритилмаяпти?

Ўзбекистон ҳукумати пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаслигини қатъий айтаётган эса-да, Халқаро меҳнат ташкилоти – ILO мутахассисиларининг мамлакатда мазкур муаммо юзасидан мониторинг ўтказиш борасидаги бу йилги сўровини ҳам рад этган.

Халқаро меҳнат ташкилоти ижрочи директори Кари Тапиоланинг Озодлик мухбирига айтишича, ILO мониторинг гуруҳини Ўзбекистонга киритиш бўйича Тошкент ҳукумати томонидан ҳеч қанақа силжиш бўлмаяпти.

- Ўзбекистонда пахта терими аллақачон бошланиб кетди. Лекин, болалар меҳнати билан боғлиқ муаммони мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистон билан ҳали ҳануз шартнома йўқ,- деди Халқаро меҳнат ташкилоти ижрочи директори Кари Тапиола Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистонда ҳар йили юз минглаб мактаб болаларининг пахтага мажбуран чиқарилиши кузатилади. Ҳукумат эса болалар меҳнатидан фойдаланишини мунтазам рад этиб келади.

Тошкент расмийларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияларни ратификация қилган ва маҳаллий қонунчиликнинг болаларнинг меҳнат ёшини тартибга солувчи бандлари халқаро қонунларга мувофиқлаштирилган.

- Ҳукумат нима демасин муаммо мониторинг қилиниши керак. Чунки Ўзбекистонда болалар меҳнати муаммоси борасида жуда кўп саволлар, болалар меҳнати назорат механизмлари ҳусусида шубҳалар бор. Бу шубҳаларга аниқлик киритиш ва саволларга жавоб топишни энг яхши усули мониторингдир,- деди Кари Тапиола.

Ўзбекистон ҳукумати аввалги пахта мавсумларида ҳам болалар ва мактаб ўқувчилари дала меҳнатига жалб этилмаслигини айтган, лекин расмий баёнотлар муаммога таъсир қилгани йўқ.

- Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқловчи қонунлар бор. Ҳукумат ҳам болалар эксплуатация қилинишини доим рад этиб келади. Лекин воқеликда ўтган йили аввалги йиллардаги каби ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда кўпгина мактаблар ёпилиб, юз минглаб бола пахта даласига ҳайдалгани гувоҳи бўлишган,- дейди "Пахта кампанияси" ташкилоти раҳбари Мэтью Фишер-Дали.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 80 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG