Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Ливияда АҚШ элчиси ғазабнок оломон қурбонига айланди


АҚШнинг Бенғозида ўлдирилган элчиси Кристофер Стивенс.
АҚШнинг Бенғозида ўлдирилган элчиси Кристофер Стивенс.

АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс Америкада суратга олинган Муҳаммад пайғамбар ва Ислом динини ҳажв қилувчи "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" филмидан туғилган зўравонлик қурбонига айланди.

Ливиянинг йирик порт шаҳри Бенғозидаги Америка консулхонасига уюштирилган ракета ҳужуми оқибатида нобуд бўлган тўрт дипломатдан бири бўлган элчи Стивенс 1991 йилдан бери АҚШ Давлат департаментида ишлаб келаëтган эди.

Араб ва француз тилларини мукаммал билган Стивенс бундан аввал АҚШнинг Саудий Арабистони¸ Миср¸ Сурия¸ Исроил ва Ливиядаги элчихоналарида ишлаган.

Ливияда Муаммар Қаддафий ҳукронлигига қарши қуролли исëн бошланганида Стивенс мухолифатга кўмаклашиш мақсадида Сенат Ташқи алоқалар қўмитасидан Ливияга Вашингтон намояндаси сифатида жўнатилган эди.

Ливиядаги қабилалар ва бошқа сиëсий-иқтисодий кучлар бўйича мутахассис бўлган Стивенс¸ WikiLeaksда Ливия юзасидан чоп этилган машҳур дипломатик ноталар муаллифи ҳам эди.

Ливияда АҚШ элчиси ўлдирилди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:44 0:00


Ўшандаги АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райсга юборилган махфий ноталарда Стивенс¸ Муаммар Қаддафийнинг ажабтовур қилиқлари ва ўзгарувчан табиати ҳақида қатор тафсилотларни келтирган эди.

Қаддафийни ҳокимиятдан ағдаришга қаратилган халқаро ҳарбий кампания ниҳоясига етиб¸ мамлакатни бошқариш Ўтиш даври миллий ҳукуматига топширилгач¸ Стивенс Триполига элчи қилиб тайинланган эди.

- Мен инқилоб пайтида АҚШнинг Ливия мухолифатидаги элчиси сифатида хизмат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман. Мен ливияликларнинг ўз ҳақлари ҳимояси учун оëққа қалқиб¸ курашга чиққанини кўришдан бахтиëрман. Ва бугун мен бошлаган улуғ ишимизни давом эттириш¸ сизга¸ Ливия халқига ўз мақсадига эришиш йўлида ëрдам бериш учун АҚШ ва Ливия ўртасида кучли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун бу ерга қайтганимдан бахтиëрман¸ деган эди бундан бир неча ой аввал Ливияга АҚШ элчиси сифатида қайтган Стивенс.



АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида ëзилишича¸ элчи Стивенс¸ Ливия тарихидаги ўта муҳим ўтиш даврида бу мамлакат халқига ëрдам бераëтганидан ниҳоятда фахр туйган.

26 август куни Триполида АҚШ элчихонаси консуллиги очилишида сўзлаган элчи Стивенс¸ аксар ливияликларни қизиқтирган – “АҚШ қачон яна ливияликларга виза беришни бошлайди?” деган саволга “Эртага” деб жавоб берган эди.

Бенғозига келганидан бир ярим йил ўтиб¸ диктатурадан демократияга ўтиш йўлини танлаган ливияликларга ëрдам беришни ният қилган элчи¸ тақдир тақозоси билан¸ ўзи ëрдам бермоқчи бўлгани ана шу оломон қўлида жон берди.

"Мусулмонлар гуноҳсизлиги"

АҚШнинг Ливиядаги консуллигига уюштирилган ҳужумга АҚШнинг Калифорния штатида яшовчи яҳудий тадбиркор ташаббуси билан ҳозирланган "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" филми туфайли туғилган ғазаб туртки бўлгани айтилмоқда.

Беш миллион АҚШ долларига суратга олинган бу ҳаваскорлик филмида Муҳаммад пайғамбар ва умумиятла Ислом дини ҳажв қилинади.

Аммо бу ҳажвий филм туфайли диний туйғулари ҳақоратланган мусулмонлар норозилиги оқибати кулгулик эмас¸ балки фожеий бўлмоқда – АҚШнинг Ливияда ўлдирилган элчиси ва уч дипломати ана шу ғазабланган оломоннинг дастлабки қурбонларидир.

11 сентябр куни Миср бўйлаб бу филмга норозилик намойишлари бўлиб ўтди¸ 12 сентябр куни Бенғозидаги АҚШ элчихонаси биноси куйиб кул бўлди.

Ислом динига кўра¸ Муҳаммад пайғамбар қиëфасини кинофилмларда тамсил қилиш ҳам тақиқлангани ҳолда¸ “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филми муаллифлари пайғамбарни хотинбоз¸ қонга ташна ва ақли калта одам сифатида ҳажв қилади.

Филмнинг бир ўрнида Муҳаммад пайғамбар¸ ўз ҳирсини қондириш учун бошқалар хотинига тажовуз қилишни ҳам Қуръонга киритишдан тап тортмайдиган шахс қилиб кўрсатилади.

Филмдан иқтибос:

Муҳаммад: "Агар эрлик хотин ўзини пайғамбарга топширмоқчи бўлса ва пайғамбар ҳам у билан жинсий алоқа қилишни истаса¸ унга¸ бошқалардан фарқли¸ бунинг учун рухсат берилган."

Мурид: "Қуръонда айтилган Оллоҳнинг ҳар бир калимаси ҳақдир! Бизнинг исломий йўлимиз нақадар лаззатлик!"


Мазкур ҳажвий филм туфайли мусулмон дунëсида туғилган ғазабдан қўрққан унинг ижодкори¸ Калифорнияда яшайдиган яҳудий бизнесмен ҳозирда бекинишга мажбур бўлган.

Кўчмас мулк соҳасида йирик ширкат эгаси бўлган 56 яшар Сам Басил бу филмга сарфланган 5 миллион долларни 100 дан ошиқ яҳудийдан тушган хайрия эвазига тўплаганини айтмоқда.

Сам Басил бундан аввал Исломни замонавий дунë “саратони” деб атаган ва бу "касаллик" оқибатида АҚШ Афғонистон ва Ироқда миллиардлаб доллар пули ва аскарлари жонини йўқотаëтганини айтган эди.

Филмнинг Youtube.com видео порталига қўйилган 12 дақиқалик трейлеридан унинг ўта саëз ва арзон усулда суратга олинганини кўриш мумкин.

Филмнинг икки соатлик тўлиқ нусхаси фақат бир марта – Ҳолливуддаги кинотеатрлардан бирида қўйилган ва муаллиф эътирофича¸ унга деярли ҳеч ким келмаган.

Ҳозирча бу филм ҳимоясига фақат бир шахс – 2010 йилда Қуръони Каримни намойишкорона ëқишдан таҳдид қилган флоридалик пастор Терри Жоунс чиқди¸ холос.

Миср ва Ливиядаги зўравонликка айланган норозиликка муносабат билдирган насроний руҳонийси¸ бу воқеалар “мусулмонларнинг Муҳаммаддан бошқа ҳеч бир масалада тоқати йўқлигини кўрсатди”¸ дея баëнот берди.

Аммо оддий ливияликлар¸ тоқатлиликнинг ҳам чегараси бўлиши керак¸ деган фикрда:

- Ливияликлар ўз пайғамбарлари ҳақида ëмон сўз қилганларга тоқат қилмайди. Муҳаммад пайғамбар Усама бин Ладин эмас. У оддий одам эмас¸ у бизнинг пайғамбаримиздир¸ дейди бенғозиликлардан бири.
XS
SM
MD
LG