Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Педагог домлалар ҳам пахтада, магистрантлар келмоқда


Тошкентдаги олийгоҳларда таҳсил олаётган 200 нафар магистр талабалар пахта теримида қатнашиш учун Жиззах вилояти Пахтакор туманига юборилди.

Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети ўқитувчилари Жиззахнинг Пахтакор туманида пахта термоқда. Олим-пахтакорлардан бирининг Озодликка шахси сир қолиши шарти билан айтишича, университетининг 150 нафар эркак домлалари бир ҳафтадан бери далада тер тўкмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, ҳозирча пахта теримига фақат олий ўқув юртлари домлалари жалб қилинган, лекин яқин кунларда пойтахтдаги олийгоҳларнинг 200 нафар магистр талабалари ҳам "ихтиёрий-мажбурий тарзда" олим-пахтакорлар сафига қўшилади.

Бу йилги пахта теримига жалб этилган домлалар аввалгиларидан фарқли равишда болалар боғчаси ёки мактабда эмас, балки ўз ҳисобидан маҳаллий аҳолининг уйларида ижара ҳаққи тўлаб яшамоқда.

- Кўпчилик домлалар пахта майдонидаги яқин қишлоқ аҳолисининг уйларига кўчиб ўтишди. 200 нафар магистр талабаларнинг келаётгани учун бизга ҳам ижарага уй топишимизни айтишди, дейди исмини сир тутишни истаган домлаларидан бири. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳолининг уйидан кунлик 2000 сўм тўлов асосида ижара уй топдик. Магистр талабалар келгунига қадар бизлар ҳозир турган болалар боғчасини бўшатиб беришимиз керак.

Пахта теримига фақат эркак ўқитувчилар жалб қилинаётгани сабабли ўқув муассаларида дарсларни аёллар ўтишмоқда, дейди ўзини Низом дея таништирган домлалардан бири.

Суҳбатдошнинг фикрига кўра аёл ўқитувчиларнинг дарс бераётганлиги сабабли бугунги кунда ўқув юртларида талабаларнинг давомати ҳам анчагина пасайиб кетган. Айни пайтда аксарият талабаларнинг ҳаёли бизни қачон пахтага олиб кетади, деган савол билан банд.

- Биз билан биргаликда Тошкент юридик институти домлалари ҳам пахта теришмоқда. Уларнинг кўпчилиги пахта теримига чиқмагани учун кунлик нормани бажара олишмайди. Шу сабабли ҳам ҳар кун кечда бўладиган штаб йиғилишида ёшу-қари бирдек гап эшитамиз, дейди Низом домла.
XS
SM
MD
LG