Линклар

logo-print

Энг кам иш ҳақи тўлаш икки бараварга оширилди

  • Садриддин Ашур

Иқтисодчиларга кўра, янги қонун ишчи-хизматчилар маошини ошириш орқали улардан ундириладиган солиқларни ҳам кўтаради.

Иқтисодчиларга кўра, янги қонун ишчи-хизматчилар маошини ошириш орқали улардан ундириладиган солиқларни ҳам кўтаради.

Ўзбекистон президенти имзолган қонунга кўра, энди иш берувчилар ишчилар маошини меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткасининг камида биринчи разряди бўйича бериши керак. Бу энг кам иш ҳақининг икки баравари деганидир.

Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни 10 сентябр куни имзолади. Қонун 11 сентябрдан кучга кирди.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 21 июнь куни қабул қилинди ва 30 август куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонун Ўзбекистон Меҳнат кодексига ўзгартиш киритилишини кўзда тутади. Бу ўзгартишга кўра, энг кам иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Ягона тариф сеткасининг биринчи разрядидан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши лозим.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, энди иш берувчилар ишчиларга энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида иш ҳақи тўлашга мажбур бўлади:

- Аввал бизда иш ҳақи бериш ягона тариф сеткасининг 0-разряди билан белгиланарди. Бу ставка энг кам иш ҳақи билан боғлиқ эди. Энди эса хўжалик юритувчи субъектлар, мулкчилик шаклидан қатъий назар, белгиланган энг кам иш ҳақини икки баравар миқдорида ўрнатишга мажбур бўлишди. Агар ҳозир энг кам иш ҳақи 72 минг 355 сўм бўладиган бўлса, энди ишчига тўланадиган энг кам иш ҳақи шунинг икки бараварида бўлади, яъни 144 минг 710 сўмдан иборат бўлади. Тўланадиган энг кам иш ҳақи ягона тариф сеткасининг 0-разряди билан эмас, балки 1-разряди билан белгиланадиган бўлди,- дейди иқтисодчи.

Ориф Ҳошимовга кўра, энди иш берувчи ишчини 144 минг сўму 710 сўмдан кам ойлик билан ишга қабул қила олмайди.

- Шу пайтгача кўпчилик кичик бизнес субъектлари ишчиларни ойлигини шу 0-разряд билан 72 минг 355 сўм қилиб қўярдида, қолганини нақд ҳисоб-китоб қилаверарди. Ўз-ўзидан у камроқ солиқ тўларди. Энди бундай қилолмайди. Бу ёлланма ишчилар учун жуда яхши, ижобий ҳолат. Лекин иш берувчилар учун бу қўшимча нагрузка. Бундан кўпроқ зарар кўрадиганлар кичик бизнес субъектлари бўлади. Чунки улар ўз ходимларига, масалан, савдода, маиший хизматда, ошхоналарда кичкина ойликни белгилаб қўйганда, қолганини ўзлари нақд тўлаб қўйишаверарди,- дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими, ҳозир Қозоғистондаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбой Жубаевнинг айтишича, энг кам иш ҳақи мамлакатдаги истеъмол саватчаси миқдорига қараб белгиланади:

- Иш ҳақини белгилаш потребителский корзинани (истеъмол саватчаси-таҳр.) белгилашдан келиб чиқади. Яъни ишлайдиган одамнинг бир ой яшаши учун кетадиган энг кам миқдорда истеъмол моллари нархидан келиб чиқилади. Ҳар бир юридик субъект ўз ишчиларига бундан кам иш ҳақи тўлаши мумкин эмас. Бу фақат статистик маълумот учун фойдаланилади. Энг кам иш ҳақини Меҳнат вазирлиги аниқлайди. У потребителский корзина қанча эканлиги ўрганиб чиқиб, минимал иш ҳақи шунча бўлсин деган хулосани беради,- дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчининг айтишича, Қозоғистонда энг кам иш ҳақи деган нормативнинг ўзи йўқ, фақат энг кам истеъмол саватчаси деган критерия бор. Сапарбой Жубаевга кўра, ҳозир бу мамлакатдаги энг кам истеъмол саватчаси 18 минг танга, ёки 130 АҚШ долларни ташкил этади.

Ўзбекистон ҳукумати эса шу пайтгача энг кам истеъмол саватчаси нархига оид ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмай келади.

Ўзбекистонда ҳозир энг кам иш ҳақи 72 минг 355 сўм. Бу расмий курсда 37 АҚШ долларини, қора бозор курсида 26 АҚШ долларини ташкил этади.

Тошкентлик математика ўқитувчиси Шавкат Бадаловнинг айтишича, ўзбекистонликларнинг истеъмол саватчаси ҳақидаги маълумот мавҳум бўлиб қолмоқда:

- Биз ўзимиз хомаки қилиб ҳисоблаб чиққанмиз. Энг кам иш ҳақи ҳар бир кишининг қорнига зўрға-зўрға етадиган сумма бўлиб чиққан. Бошқа харажатларни биз ҳисоблаганимиз йўқ,- дейди Шавкат Бадалов.

Президент 10 сентябр куни имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг бир қатор моддаларига ҳам ўзгартишлар киритилди.

Бу ўзгартишга кўра, оммавий ахборот воситалари ва китобларни етказиш ва сохизмати қўшилган қиймат солиғидан озод этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG