Линклар

Пахта мавсумида Тошкентда жамоат транспорти камайди


Шу кунларда Тошкент автобус бекатларида йўловчилар одатдагидан кўра гавжумроқ.

Шу кунларда Тошкент автобус бекатларида йўловчилар одатдагидан кўра гавжумроқ.

Пахта кампанияси бошланганидан буён Тошкент жамоат транспортида узилишлар рўй бермоқда. Озодлик мухбири суҳбатлашган йўловчилар автобус кутиб вақт йўқотаётганлари, транспорт воситаларида тирбандлик кучайганидан шикоят қилмоқда.

Пойтахтдаги автобус саройи ходимига кўра, сентябр ойи бошидан 250га яқин автобус Жиззах ва Сирдарё вилоятларида пахта йиғим-теримига жалб этилган.

“Автобуслар пахтага кетган”

3 сентябрдан мамлакатдаги мактаблар, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан йўловчилар оқими ҳам сезиларли ошди. Тошкент жамоат транспортидан мунтазам фойдаланувчи аҳолига кўра, айни шундай тиғиз паллада бекатларда сарғайиб туришга тўғри келмоқда.

– ТТЗдан Чорсуга 17-автобусга ишга қатнайман. Сентябр бошланганидан бери автобус қатнови камайиб кетди. Олдин ярим соат-қирқ минут кутган бўлсам, ҳозир автобус бир соатдан ошиқда келяпти. Одам кўплигидан автобус ортиқча тирбанд бўлиб кетган,– дейди савдо-сотиқ билан шуғулланувчи Роҳила опа.

Автобус сийраклашгани шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам сезилмоқда.

– Энг кўп фойдаланадиганим 28-автобус. Уйдан университетга тўғри олиб боради. Ўзим Тошкент давлат техника университетида ўқийман. Янги ўқув йили бошланди-ку, ўшандан бери “28”ни остановкада кўп кутишга тўғри келяпти. Ҳайдовчилардан сўрасак, нима қилайлик, кўп автобуслар пахтага кетган деб елка қисяпти,– дейди талаба Сарвар.

Исмини айтишни истамаган автобус саройи ходимига кўра, пахта йиғим-терими учун Тошкентдан анчагина автобус олинган.

– Тошкент бўйича 250 тача автобус жалб қилинган пахтага. Ассоциация (“Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси назарда тутилмоқда – таҳр.) кўрсатмаси билан, албатта. Жиззах, Сирдарё вилоятларига кетган автобуслар. Ҳар бир автобус саройи транспорт сонидан келиб чиқиб ажратган. Тўғри, айрим йўналишларда автобус камайган. Йўналишга қараб-да. Масалан, битта йўналишда 10 та автобус қатнаб турган бўлса, икки-учтаси пахтага олинган,– дейди Тошкентдаги автобус саройи вакили.

“Трамвай бормаган ҳудуддагилар нима қилсин?”

Хабарларга кўра, пойтахт жамоат транспорти идораси – “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси автобус етишмовчилигини сездирмаслик учун трамвай қатновини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

– Ҳаракат маромини сақлаш учун трамвай деполарига қатновни кучайтиришга топшириқ берилган. Кейин, хусусий фирмалар бор, маршруткалар уларга қарашли. Уларга ҳам топшириқ берилган,– дейди Тошкентдаги автобус саройи ходими.

Айни пайтда, йўловчилар Тошкентнинг барча ҳудудларига ҳам трамвай етиб бормаганига эътибор қаратмоқдалар.

– Сергелидан келаман шаҳарга. Бизни томонларга трамвай етиб бормаган. Метроям йўқ. Камбағални транспорти автобус-да!– дейди сергелилик Аҳмад ака.

Иқтисодий таҳлиллар шаҳар жамоат транспортида автобус улуши жуда катта эканини кўрсатмоқда. “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси расмий сайти маълумотига кўра, жорий йил 28 августдан 3 сентябргача Тошкент бўйича автобусда 2,4 миллион, трамвайда эса 131 минг киши ташилган.

Манзил сари ошиққан йўловчилар эса пахта йиғим-терими якунланиб, автобуслар яна кўпайишидан умидвор.

– Нима қиламиз, терим тезроқ тугаб, автобусларимиз қайтсин деб ўтирибмиз,– дейди умидини йўқотмаган талаба Сарвар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG