Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:21

МТС ширкати вице-президенти Майкл Ҳеккер Озодлик мухлислари саволларига жавоб берди


МТС ширкати вице президенти Майкл Ҳеккер.
МТС ширкати вице президенти Майкл Ҳеккер.

МТС вице президенти Майкл Ҳеккер Озодликка берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматини маҳаллий ва халқаро қонунларга зид тарзда ширкат фаолиятини тўхтатганлик ва тўрт нафар ходимини қамоққа ташлаганликда айблади.

МТС ширкатининг стратегия масалалари бўйича вице президенти Майкл Ҳеккер 12-14 сентябр кунлари Прагада Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўтказган “Яхши ҳукумат бошқаруви орқали хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш” (“Promoting Security and Stability through Good Governance”) номли анжуманда қатнашди. Жума куни халқаро конференция доирасида ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган сессия давомида Майкл Ҳеккер Ўзбекистондаги бизнес ва иқтисодий муҳит ҳақида ҳисобот тақдим этди.

Бундан мақсад, деди Ўзбекистондаги бизнесидан маҳрум қилинган ширкат вакили, халқаро ҳамжамиятни бу мамлакатда ширкатнинг тўрт менежери ноқонуний тарзда ҳибсда қолаётгани ҳамда Ўзбекистондаги бизнес муҳитнинг кундан-кунга ёмонлашиб бораётганидан огоҳ қилишдан иборатдир.

Жаноб Ҳеккер интервью давомида Озодлик мухлислари саволларига ҳам жавоб беришга рози бўлди. Озодлик сайтида ўзларини Зокирхўжа ва Нодир деб таништирган муштарийларимизнинг МТС-Ўзбекистон ширкати абонентлардан “золотой номер” деб аталувчи рақамлар учун 4 минг АҚШ долларигача ҳақ олгани ёки абонентлар ҳисобидан пулларни уриб қолганига оид саволига Майкл Ҳеккер бундай жавоб берди.

- Иккита нарсани тушуниб олиш муҳим, деб ўйлайман. Биринчидан биз Қўшма Штатларда рўйхатга олинган, йирик халқаро ширкатмиз. Биз фаолият олиб борадиган ҳар бир давлатда, ҳар бир бозорда маҳаллий ва халқаро қонунларга амал қиламиз. Ва биз ҳеч қачон ўз фаолиятимизнинг ноқонуний ҳаракатларга аралишиб қолишига йўл қўймаганмиз. Стандартларимиз юқоридир ва бу стандартларга амал қиламиз. Биз алоҳида шахслар билан, алоҳида ҳукуматлар билан бизнес қилмаймиз, биз бозорда бизнес қиламиз, деди Майкл Ҳеккер.

Озодлик мухбирининг “Ўздунробита” собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг президент қизи Гулнора Каримовага алоқаси бўлгани ҳақида гапирилмоқда, бу ҳақда билганмисизлар, деган саволига жаноб Ҳеккернинг жавоби бундай бўлди.

- Бир шахснинг бошқа шахс билан алоқалари ҳақидаги миш-мишлар билан шуғулланмаймиз. Биз қонунларга кўра фаолият юритганмиз, бошқарувимиз йиллар давомида муваффақиятли бўлиб келган. Беҳзод Аҳмедовга келсак, у жуда тажрибали менежер бўлган. У телекоммуникация соҳасида энг муваффақиятли менежерлардан бири сифатида МТС ширкати бошқарувида муҳим рол ўйнаган. Бу бошқарув МТС-Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик телекоммуникация ширкатига айланишига сабаб бўлди. Бу ҳақда бошқа ҳеч нарса дея олмайман, биз учун энг муҳими, Беҳзод Аҳмедов ширкатимизда қонунга амал қилган ҳолда ва муваффақиятли ишлаб келган, деди Майкл Ҳеккер.

МТС расмийси мухлисларимизнинг МТС-Ўзбекистон яна ўз фаолиятини тиклайдими, деган саволига ҳам жавоб берди:

- Ҳозирда биз халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистондаги вазиятда огоҳ қилиш борасида ҳаракатларимизни кучайтирмоқдамиз. Бу ҳаракатлар натижасида, Ўзбекистон ҳукумати яна қонун доирасига қайтиб, МТС-Ўзбекистон мамлакатда фаолиятини давом эттира олиш имконини беришига умид қилмоқдамиз, деди МТС ширкатининг стратегия масалалари бўйича вице президенти Майкл Ҳеккер.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги шу йилнинг 17 июл куни МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” мобил оператори фаолияитини вақтинча тўхтатган эди. 31 июл куни эса Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

“Ўздунробита” оператори фаолиятининг тўхтатилиши Ўзбекистонда миллионлаб абонентларнинг бир муддат алоқасиз қолишига сабаб бўлди. Ҳозирда абонентлар бошқа операторларга ўтиб кетган бўлса-да, мамлакат бўйлаб уяли алоқа сифати сезиларли тарзда пасайгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG