Линклар

Чоршанба куни Ливияда америкалик тўрт дипломат ўлимига сабаб бўлган ҳужумлар ортидан АҚШ барча мамлакатлардаги ваколатхоналарида хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Қўшма Штатлар Ливияга эллик нафар сараланган денгиз пиёдасини юборди. Бу аскарлар пойтахт Триполидаги АҚШ элчихонасини қўриқлаши айтилмоқда.

Америкада тасвирга олинган Ислом дини ва Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилувчи филмдан ғазабланган қуролли оломон чоршанба куни Ливиянинг Бенғози шаҳридаги АҚШ консулхонасига бостириб кирган ва гранаталар отишган. Ҳужум оқибатида АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлди.

Стивенс 1991 йилдан бери АҚШ Давлат департаментида ишлаб келган.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумни қоралаб, қотиллар жазоланишини айтди.

- Қўшма Штатлар бу мудҳиш ҳужумни қоралайди. Ливия ҳукумати билан бирга дипломатларимиз хавфсизлигини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга мен барча мамлакатлардаги ваколатхоналаримизда хавфсизлик чораларини кучайтиришга кўрсатма бердим. Ливия ҳукумати билан бирга фуқароларимизга ҳужум қилган қотилларни жазога тортиш бўйича ҳам иш олиб боряпмиз,- деди Обама.

Бенғозидаги ҳужумлар дунё миқёсида қораланмоқда

Ўз навбатида Ливия раҳбарияти ҳам Бенғозидаги ҳужумларни қоралаб, жавобгарларни жазога тортиш учун бор имкониятни ишга солажагини билдирмоқда.

Айни пайтда Беғозидаги ҳужумларни қатор давлат етакчилари қоралади.

Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо ўз баёнотида "бегуноҳ инсонлар ўлимини ҳеч бир нарса билан оқлаб бўлмайди", деди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Ливияда АҚШ дипломатларининг ўлдирилишидан ларзага келганини баён қилди.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга йўллаган расмий телеграммасида жаноб Лавров "мазкур ҳужумлар терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши биргаликда кураш олиб борилиши лозимлигини тақазо этади", деб таъкидлади.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай эса Америкада тасвирга олинган Ислом дини ва Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилувчи филмни қоралади.

Ливиядаги норозиликларга Америкада тасвирга олинган филм сабаб бўлди.

- Исломни ҳақоратлаш сўз эркинлигига кирмайди, деди Ҳамид Карзай.

Айни пайтда афғонлар Муҳаммад Пайғамбар ҳақидаги филмни кўрмасликлари учун Интернетдаги Youtube порталига вақтинча тўсиқ қўйилди.

АҚШ расмийлари эса Бенғозидаги АҚШ консулхонасига ҳужум олдиндан режаланганига ишора қилмоқда.

Вашингтон расмийларига кўра, АҚШ элчиси ҳамда америкалик уч дипломатнинг ўлимига сабаб бўлган чоршанба кунги ҳужумларни Мағрибдаги Ансор аш-Шариа ҳамда Ал-Қойда жанггари гуруҳлари уюштирган бўлишлари мумкин.

Шунингдек, Бенғозидаги ҳужум Ал-Қойда раҳбарларидан бири Абу Яҳё ал-Либи ўлими учун қасос экани ҳақида ҳам тахминлар бор.

Айни пайтда Миср, Яман ва бошқа араб давлатларида ҳам Муҳаммад Пайғамбар ҳақидаги филм норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG