Линклар

Тошкент шаҳридаги гавжум тамаддихоналардан саналган “Bonito Kebap” ресторанлари мижозларга хизмат кўрсатишни тўхтатди. Маҳаллий аҳоли томонидан бу воқеа турк ишбилармонларига қарши “спектакл”нинг навбатдаги саҳнаси сифатида талқин қилинмоқда.


Асосан турк таомлари билан мижозлар кўнглига йўл топган “Bonito Kebap” ресторанлари пойтахтнинг уч нуқтасида – Юнусобод, Яккасарой ва Олмазор туманларида фаолият юритиб келган. Айни пайтда, Озодлик манбасига кўра. рестораннинг асли ўзбек хўжайинларига жиноят иши очилган.

Ресторан хўжайинлари таъқиб этилаётгани сабабларини прокуратура расмийларидан билиш имконсиз қолаётир. Рестораннинг қачон қайта иш бошлаши ёки умуман қачондир қайта очилиши номаълум.

Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган рестораннинг доимий хўрандаси Ҳамидулланинг айтишича, бир ҳафта аввал емакхонага келиб, ёпиқ эшик устидан чиққан.

– Оилам билан келиб турардим “Бонито кабоб”га. НБУ банкнинг олдида жойлашган-ку. Олдинги “Анқара кабоб”. Овқатлари сал қимматроғу, лекин анча сифатли эди. Бир ҳафта олдин келганимда ресторан ёпилган экан. Танишлардан суриштирсам, турецкий ресторан бўлгани учун печатлаб кетишди¸ деган гапни қилишди, дейди ресторан мижози Ҳамидулла.

Ресторанлар тизимининг илкис ёпилиши ортидан мижозлар орасида “Турк фирмаларига қарши таъқиблар яна бошланди” деган миш-миш тарқалган.

– Эсингизда бўлса, 2011 йилда Туркуаз супермаркети, яна 50 тача турк фирмаси ёпилганди. Тошкентдаги туркча ресторанлар ҳам ё ёпилганди, ё номини ўзгартирганди. Ана¸ Буюк ипак йўли метросидаги катта “Истамбул” рестораниям туркча ном ўрнига, ҳозир эсимга келмаяпти, қанақадир италянча ном олганди. “Бонито кабоб” ҳам турклар тегишли бўлгани учун ёпилган, дейди рестораннинг Азиз исмли бошқа бир хўрандаси.

Аммо бу емакхонанинг турк ишбилармонларига алоқадор экани ҳақидаги маълумотларни Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси тасдиқламади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда турк ишбилармонларига консултация берувчи мутахассислардан бири ҳам, исмини очиқламаслик шарти билан “Bonito Kebap”нинг турк сармоядорларига алоқаси йўқлигини айтди.

– Тўғри, бу ресторанларда туркча овқатлар сотилган, лекин туркларга тегишли эмас. Билишимча, уч-тўртта тошкентлик пулдор оғайнилар очишган. Гап-сўзларга қараганда, орган фирмани текширганда жиноятлар чиққан. Обнал дейди, махинация дейди, ҳамма ерда бору, хуллас, шунақа криминал чиқиб, ёпилган ресторанлар, дейди турк сармоядорларига маслаҳат берувчи мутахассис.

Маълум бўлишича, “Bonito Kebap” ресторанлари юридик жиҳатдан “Нур бизнес савдо” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида бўлган.

Айни пайтда, ресторанга тегишли телефонларнинг бирортаси жавоб бермаяпти.

Тошкентнинг учта туманидаги тамаддихоналар эшикларига қулф урилган.

Рестораннинг расмий сайтида эса "қулинг ўргилсин пицца ва тортлар" рекламаси қолган, холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG