Линклар

Ўзбек-тожик чегарасида ўзбекистонлик чегарачи яраланди

  • Садриддин Ашур

Ўзбек-тожик чегарачилари ўртасида бундай зиддиятлар тез-тез бўлиб туради.

Ўзбек-тожик чегарачилари ўртасида бундай зиддиятлар тез-тез бўлиб туради.

Жиззах вилояти Зомин тумани Чилламозор қишлоғи ҳудудидан ўтадиган ўзбек-тожик чегара ҳудудида 11 сентябр куни ўзбекистонлик чегарачи ўқотар қуролдан яраланди. Ўзбекистонлик чегарачиларнинг иддао қилишларича, тожик томонидан чегарани бузиб ўтган чегарачилар ўзбек чегарачиларига қарата автоматлардан ўқ отган.

Жиззах вилоятининг Чилламозор қишлоғидаги чегара ҳудудда бўлган бу воеқа ҳақида ЦентрАзия Интернет сайти хабар тарқатди.

Бу хабарда айтилишича, 11 сентябр куни соат 14да Тожикистоннинг "Бўраган" чегара заставаси аскарлари Ўзбекистон ҳудудига 50 метрча кириб келган. Ўзбек чегарачилари уларни чегарани босиб ўтганлиги ҳақида огоҳлантириб, дарҳол орқага қайтишларини талаб қилган.

"Ўзбек чегарачиларининг ортга қайтиш ҳақидаги буйруғига тожик чегарачилари сўкиниш билани жавоб бердилар. Ўзбек чегарачилари мулоқот билан иш битмаслигини тушунгач, уларни итариб у томонга ўтказиб қўйдилар. Шу билан муаммо тугагандай бўлган эди. Лекин чегара ҳудудини белгиловчи ариқдан ўтказиб қўйилган тожик чегарачилари ўзбек чегарачилари томон автоматлардан ўқ ота бошлади", деб ёзади ЦентрАзия Интернет сайти.

Бу хабарга кўра, тожик чегарачилари отган ўқлардан учтаси чегарачи А. Мавлоновнинг қорнига, елкасига ва курагига теккан. Чегарачи оғир аҳволда вилоят касалхонасига ётқизилган.

Озодлик бу воқеани ўрганиш ва ўзбек чегарачиси аҳволини билиш мақсадида, Жиззах шаҳар шошилинч тиббиёт марказига қўнғироқ қилди. Навбатчи шифокор муассасага ўқотар қуролдан яраланган аскар тушмаганини айтди:

- Йўқ, ҳеч қандай солдат бизга тушгани йўқ,- деди навбатчи шифокор.

Озодлик шундан сўнг Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қўнғироқ қилди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Мелитожи Ёқубовнинг Озодликка айтишича, ҳақиқатан Зомин туманидаги чегара заставасида шундай воқеа содир бўлган, бироқ ярадор аскарнинг жароҳати хавфли эмас:

- Азизбек Мавлонов деган йигит. 1992 йилда туғилган. Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан. Жароҳати унақа ваҳимали эмас, ўқ қориннинг ташқи пардасини сал ялаб ўтган. Қорин бўшлиғига, ҳеч қанақа органларга таъсир қилмаган. Ўнг қўлининг билак соҳасида озгина жароҳатчаси бор. Бунга фақат бирламчи обработка қилинган, ҳеч қанақа операция қилинмаган. Бизнинг мутахассисларимиз жойига бориб кўриб келишди. Жароҳати енгил. Кеча Тошкентдаги госпиталга олиб кетишибди,- дейди Мелитожи Ёқубов.

Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Хушнуд Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда ҳам чегарада шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

- Шундай воқеа бўлган. Лекин кимнинг айби билан содир бўлгани ҳозирча маълум эмас. Бу хусусда текширув олиб бориляпти,- деди Хушнуд Раҳматуллаев.

Ўзбек-тожик чегара ҳудудлари тўла демаркация қилинмагани боис икки давлат чегарачилари ўртасида бундай зиддиятлар тез-тез бўлиб туради.

Ўтган йилнинг 13 ноябр куни Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳри яқинидаги ўзбек-тожик чегарасида ҳарбийлар ўртасида отишма рўй берган эди.

2011 йилнинг 7 июн куни Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган Тожикистон чегара қўшинларининг қуролланган зобити қўлга олинган эди.

2010 йилнинг 15 октябр куни Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Спитамен туманида истиқомат қилувчи тожикистонлик ўзбек чегарачиси томонидан ўққа тутилган, ярадор тожикистонлик касалхонага ётқизилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG