Линклар

Россия Федерацияси савдо-саноат палатаси Президиуми “Ўздунробита” билан боғлиқ вазиятдан чуқур хавотир билдириб, бу ҳол Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга салбий таъсир этиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Россия Савдо-саноат палатаси, бироз кечроқ бўлса-да, Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг "Мобильные ТелеСистемы" ОАЖи шўъба ширкати “Ўздунробита”га нисбатан олиб бораётган ҳатти-ҳаракатларидан “чуқур хавотирда” эканини билдирди.

Чоршанба куни расмий сайтида эълон қилинган Россия савдо-саноат палатаси Президиумининг махсус баёнотида айтилишича, “Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари амалга ошираётган чоралар мамлакатнинг фойдали инвестиция муҳити тараққиётига, Россия ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро фойдали ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига тўсқинлик қилиши” таъкидланади.

Идоранинг расмий позициясини Озодлик Радиосига очиқлаган Россия савдо-саноат палатаси Президиуми аъзоси, “ТПП-Информ” бош директори Сергей Небренчин жумладан бундай деди.

- Россия Федерацияси савдо-саноат палатаси Россиядаги бизнеснинг энг илғор бирлашмаси саналади ва ўзининг Низомидаги мажбуриятлари ва вазифаларига биноан Россия бизнесининг ҳам мамлакат ичкарисида, ҳам ташқарида тараққий этишига кўмаклашиш билан шуғулланади. Шу сабабли МТСнинг Ўзбекистонда муаммолари юзага келганидан сўнг Савдо-саноат палатаси ўз йиғилишларидан бирида бу масалани кўриб чиқиб, тегишли баёнот ҳозирлади. Биз шу тариқа икки биродар мамлакат ўртасида тадбиркорлик соҳасидаги ҳамкорлик муносабатлари узилмаслигини таъминлаш ниятидамиз, дейди Сергей Небренчин.

Озодликнинг нима учун “Россия бизнес соҳасидаги энг илғор уюшма” бунчалик кеч МТСнинг Ўзбекистондаги муаммоларига ўз эътиборини қаратди, деган саволига Россия Савдо-саноат палатаси расмийси изоҳ беришдан бош тортди.

Россия ССП баёноти “Мобильные телесистемы” ОАЖи жорий йилнинг 17 июлида Ўзбекистон бўйлаб алоқа узатишни тўхтатгани, “Ўздунробита”нинг барча мол-мулки ҳибс этилгани ва мусодара этилгани, август ойи охирларида Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетиши муносабати билан ўз активларидан 1,079 млрд доллар маблағни чиқариб ташлангани ҳамда молиявий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган “Ўздунорбита” раҳбарияти устидан 27 август куни Тошкент шаҳар судида маҳкама бошланганидан кейин қилинди.

Шунга қарамасдан, Россия Савдо-саноат палатаси расмий вакили Сергей Небренчин Ўзбекистон раҳбариятининг МТСга уюштирган босими аллақачон натижа бераётганини таъкидлади.

- Биласизми, бунинг оқибатлари аллақачон сезилмоқда: бунга бутун жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари эътибори қаратилди. Менимча, икки мамлакат ўртасида муносабатлар ёмонлашмаслиги учун биз ўз қўлимиздан келган ёрдамни кўрсатамиз, деган Неберчин айнан қандай чоралар қўлланилиши мумкинлигини очиқламади.

Айни пайтда, 27 август куни “Ўздунробита” устидан бошланган суд маҳкамаси икки ҳафта давомида барча суд иштирокчилари ва гувоҳларни сўрашга ва 12 сентябр куни тарафларни тинглашга ўтишга улгургани хабар қилинмоқда.

Озодлик бундан олдинроқ МТСнинг Ўзбекистондаги ширкати ҳимоясига Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА), Россия Минтақавий алоқа операторлари ассоциацияси (АРОС), АҚШ Конгрессининг нуфузли вакиллари ва GSMA Мобил операторлар бутунжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистон Халқ ҳаракати ва бошқа ташкилотлар чиққани тўғрисида хабар берган эди.

Россия Савдо-саноат палатаси мамлакатнинг 174 та минтақавий савдо-саноат палаталари, федерал миқёсда 200 дан зиёд иттифоқ, ассоциация, минтақавий миқёсда 500 дан ортиқроқ бизнес-бирлашмаларни ўз ичига олади.

Россия Савдо-саноат палатаси таркибида 34та тадбиркорлик ва 1000 дан зиёд жамоатчилик қўмита ва комиссиялари фаолиятини бирлаштиради ва назорат қилиб келади.
XS
SM
MD
LG