Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:02

Фарғонада имомлар ҳам пахтага чиқарилди


Фарғона вилоятининг Бағдод туманида пахта тераётган имомлардан бири "Йил имом - 2012" танловининг ғолибларидан бири бўлиб чиқди.


Бағдодлик аҳли-илмлар шу кунларда йиғим-теримга сафарбар қилинган юртдошлари сафида белига этак боғлаб, пахта теришни "кўпчиликка келган тўй", деб изолашди.

Тумандаги “Зайд ибн Собит” жоме масжидига боғланганимизда телефон гўшагини кўтарган қоровул масжид аҳли пахтада эканини айтди.

- Бу йил пахта қаттиқ кетяптику опа, шунга масжиддагилар ҳам пахтага чиқарилган. Имом-хатибимиз ҳам пахтада, - деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда масжид имомларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, имомлар навбати билан масжидда ва пахта даласида хизмат қилмоқдалар.

“Зайд ибн Собит” жоме масжиди нафақат туманда, балки вилоятда ҳам танилган масжидлардан бири. Бунинг сабаби унинг ҳофизи Қуръон бўлган 31 ёшли имом-хатиби Соҳибжон домла Ахмедовнинг истеъдодидир.

Бу имом "Йил имоми - 2012" танловида учинчи ўринни қозонган.

Жоме масжиди ходимлари ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси кўмагида имом-хатиб Соҳибжон Аҳмедовнинг ўзини ҳам пахта даласидан топишга эришдик.

Аммо, авжи терим вақтида телефон қўнғироғига жавоб берган Соҳибжон Аҳмедов ўз раҳбарилари билан маслаҳатлашувдан сўнг Озодликка интервю бера олмаслигини айтиб, узр сўради.

Аммо, ўзаро суҳбатлардан ойдинлашишича, эл-халқни пахта теримига сафарбар қилишда имомлар ҳам жонбозлик кўрсатмоқда.

Яъни, масжидда қолиб, оз сонли намозхонларга имомликка ўтаётган аҳли илмлар Қуръони ҳадис, шунингдек, юртбошининг сўзларидан иқтибослар келтириб, деҳқончиликни исроф қилмасдан йиғиб олиш ҳақида маърузалар ўқимоқдалар.

Айнан шу мазмундаги маърузаларни ўқиш нафақат Бағдод тумани ёки Фарғона вилояти, балки республиканинг бошқа вилоятларидаги масжидлар имомларига ҳам топширилгани айтилмоқда.

Бу маърузага намуна ўлароқ қабул қилиниши мумкин бўлган матн эса шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг расмий веб сайтига ҳам жойлаштирилган.

"14.09.2012 й. Деҳқончилик - ризқу рўзимиз", дея сарловҳаланган ва 13 сентябр куни чоп этилган бу мақолада, жумладан, шундай дейилади:

"Ватанимиздаги деҳқон, боғбонларимиз йил давомида қилган барча меҳнатларининг самарасини кўрадиган, ҳосилни кўтарадиган кунларга ҳам етиб келдик... Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларини ато этишни аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олишимиз мумкинг. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: яъни: У) Ерни одамлар учун (текислаб) қўйди.Унда (турли) мева ва ғунчаларга эга хурмо дарахтлари бор. Яна (унда) сомонли донлар ва райҳон (ва бошқа гуллар) бор. Бас, (эй, инсонлар ва жинлар!) Раббингизнинг қайси неъматларини инкор этасиз?! (Ар-Раҳмон сураси, 10, 11, 12, 13 суралар)".

Сўнгра мақола муаллифи ёки муаллифлари бевосита жамоатга мурожаат қилади:

"Муҳтарам жамоат! Маълумки, Республикамиз аҳолисининг кўпчилик қисми қишлоқларда яшайди... Уларнинг шарофатли меҳнатлари билан етиштирилган пахта, пилла, дон маҳсулотларининг сифати ва миқдори даражалари тобора ортиб бормоқда. Мустақиллик шарофати билан қишлоқларимиз қиёфаси тобора ўзгариб, гўзаллашиб бормоқда, ер ўзининг ҳақиқий эгаларини топмоқда, фермер хўжаликлари тадбиркор ва ишбилармонлар сафи тобора кенгайиб ва мустаҳкамланиб бормоқда.

Албатта, бу борада ижобий натижаларга эришиш учун, барчаларимиз ўзаро ҳамжиҳатлик, иноқлик ва дўст-биродорлик ришталарини мустаҳкамлаган ҳолда, бир-бирларимизга намуна бўлиб, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бу муҳим амални амалга ошириш борасида бир ёқадан бош чиқарган ҳолда дадил қадам ташламоғимиз лозим".

Сўнгги мурожаатларидан бири эса, афтидан, имомларга қаратилган:

"Ўзбекистон мусулмонлари идораси қишлоқларимизни обод қилишда имом-хатибларимизни, хусусан, қишлоқ ҳудудидаги масжидларда фаолият олиб бораётган барча имом-хатибларимиз ўзининг моддий ва маънавий ёрдамини беради деб ишонамиз!"

Озодликка микрофонсиз сўзлаган фарғоналик намозхонлардан бири имомлардан бири турли масжидлардаги имомларга намуна ўлароқ тарқатиладиган маърузалар мазмуни қайриб шундай бўлишини айтади.

- Қайси масжидга борсангиз, маърузада албатта "мустақиллигимиз шарофати билан", "юртбошимиз хизматлари билан", деган гап камида 3-4 марта айтилади. Ҳозир имомлар пахтани исроф қилмай териш ҳақида гапиришяпти. Эртага қишда совуқ тушиб, чироқ ўчса, сабр қилиш ҳақида гапиради. Шунақада ишқилиб, - дейди фарғоналик намозхон суҳбатдош.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир республикада давлат рўйхатидан ўтиб ишлаётган 2050 тага яқин масжид бор.

Энг кўп масжид Самарқанд вилоятида – 290, кейин Тошкент вилоятида – 230 га яқин.

Фарғона эса масжидлар сони бўйича республикада учинчи ўринда туради – жами 200 га яқин.

Ҳозирча республиканинг бошқа вилоятларидаги масжидлар аҳли пахта теримига чиқарилгани ҳақида Озодлик таҳририятига аниқ маълумотлар йўқ.
XS
SM
MD
LG