Линклар

Қирғизистонда қамоққа олинган ҳар икки маҳбусдан биттаси тергов жараёнида қийноқларга солинмоқда.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари ўтказган тадқиқот хулосаси мана шундай бўлди.

Қирғизистонда қийноқ қўлланилиши юзасидан тадқиқотни Фридом Хаус, Жазони ўташ бош бошқармаси жамоат кенгаши, Сорос Қирғизистон ва Фуқаролар коррупцияга қарши нодавлат ташкилоти ҳамкорликда олиб борган.

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, 2011 йилда ўтказилган тадқиқотда ҳибсда сақланаётган маҳбусларнинг учтадан биттаси қийноққа солинганини айтган. Жорий йилда эса сўралган 260 маҳбуснинг иккитадан биттаси ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ўзларига нисбатан қийноқ қўллаганини билдирган.

- Қийноқлар асосан қўлга олинган шахс ҳибсхонага олиб келингунига қадар қўлланилади. Маҳбусларни дўппослаш, тепкилаш, бошига сувқоғоз кийдириш қийноқнинг энг кўп тарқалган усулидир. Жинсий зўравонлик ва зўрлашга таҳдид қилиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб турибди, -деди тадқиқотчилардан бири Элмира Эсенаманова.

Тадқиқотчилар маҳбусларга нисбатан асосан милиция ходимлари қийноқ қўллашларини билдирдилар. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Бакит Сейитов мазкур масалада вазирлик нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтди.

- Келтирилган фактларни вазирлик жамоат кенгаши, матбуот вакиллари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан қайта текшириб, милиция ходимлари қийноқ қўллаган бўлса, уларга нисбатан жиноят иши очиб, прокуратурага ўтказиб беришга тайёрмиз,-деди вазирлик расмийси.

Бироқ нодавлат ташкилотлари вакиллари Ички ишлар вазирлиги бундан олдин ҳам мана шундай ваъдаларни бергани, аммо амалда бунинг аксини қилаётганини айтадилар.

Нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳибсхоналарда қийноқларга солингани туфайли саломатлигини йўқотган маҳбуслар қамоқхоналарда ҳам қийин шароитда сақланаётганини таъкидлайдилар.

Масалан, жорий йилдаги расмий маълумотга кўра, қирғиз қамоқхоналарида суяк ва бўғин касалликларига чалинганлар сони 13 баробарга, ошқозон-ичак касалликларига чалинганлар сони 6 баробарга кўпайган. Бироқ бемор маҳбусларни даволаш учун дори-дармонлар ҳам, шифокорлар ҳам етишмайди.

- Қамоқхоналар фақат 40-50 фоизгагина врачлар билан таъминланган. Масалан, 2-сонли аёллар қамоқхонасида терапевтнинг ўрнига гинеколог ишлайди. Бу қамоқхонада ўпка, юрак, канд диабети ва асаб касалликлари билан оғриган беморлар жуда кўп, -дейди соҳа мутахасиси Нурбубу Курманова.

Маълумотга кўра, қамоқхоналардаги маҳбусларни дори-дармон билан таъминлаш учун 117 миллион сўм маблағ талаб қилинади. Ҳукумат эса бу маблағнинг фақат олти фоизинигина ажратиб берган.

Қирғизистон қамоқхоналарида тахминан 10 минг маҳбус сақланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG