Линклар

"Фуқаровий кўмак" Ўзбекистон элчихонасини танқид қилди


Светлана Ганнушкина.

Светлана Ганнушкина.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланадиган “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раҳбари Светлана Ганнушкина ва қўмита адвокатлари Ўзбекистон элчихонасини ўз фуқаролари тақдири билан мутлақо қизиқмасликда айблади.


13 сентябр куни Моквадаги Мустақил матбуот марказида “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг “Жиноий ишлар қалбакилаштирилиши. Кеча, бугун, эрта?” деб номланган махсус матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси раиси Светлана Ганнушкина мухбирлар диққатини Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг жиноий ишларни оммавий равишда сохталаштириш амалиёти одат тусига кириб қолгани ва бунинг қурбони этиб асосан аҳолининг муайян қатлами танланаётганига қаратди:

- Тўғри, Шўролар даврида ҳам давлат бу усуллар ёрдамида муайян жиноятларга қарши курашиш кампанияларини ташкиллаштириб турарди. Кейинроқ сохталаштириш асосидаги қама-қамалар бироз камайди. Янги давр жиноий ишлар қалбакилаштирилиши 2-чечен уруши давридан бошланди. Бу кампания ғилдираги остига асосан қурол-яроқ сотиш ва террорчиликда айбланган кўплаб бегуноҳ одамлар тушди. 2000 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳуқуқ-тартибот органлари жиноий ишларни сохталаштиришни яна авж олдириб юборди ва бу кампания қурбонлари этиб ҳуқуқсиз мигрантлар, кавказликлар, сиёсий мухолифат намояндалари, мусулмонлар каби аҳоли қатламлари танланди, дейди Светлана Ганнушкина.

Сохталаштирилаётган жиноятлар юзасидан айбланган шахслар ишлари¸ албатта¸ судга етиб боради ва қандай исбот-далил келтиришингиздан қатъий назар¸ суд уларни узоқ муддатларга ҳукм қилиб юбормоқда, дея давом этади Ганнушкина.

- Маълум бўлишича, ҳозирда жиноий ишнинг тергов этилиши шарт эмас. Терговчининг асосий вазифаси - қандай йўллар билан бўлса ҳам ишни судга ошириш! Бунинг учун жуда ўхшатиш ҳам шарт эмас, суд ўзига юклатилган вазифани аъло бажаряпти. Яъни, бу ишни сохталаштиришга сарфланган катта миқдордаги пуллар учун кимдир жавоб бериш керак, ахир. Шу сабабли, ФСБ ёки полиция томонидан иши судга оширилган шахс¸ албатта¸ қамалиб кетяпти, дея маълум қилади “ФуқаровиЙ кўмак” ташкилоти раҳбари.

Ҳуқуқ фаоли ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ишларни сохталаштиришда асосан¸ " қурбонлар чўнтаги ëки яшаш жойига наркотик моддалар ва қурол-яроғ солиб қўйиш ёки туҳмат қилиш усулларидан кенг фойдаланишини айтади.

Ганнушкина ўз иддаоларига террорчиликда ва “Охотний ряд” метроси эскалаторини портлатишда айбланиб 8,5 йил ўтириб куни кеча озодликка чиққан чеченистонлик Зара Муртазалиева ишини мисол қилиб кўрсатди. Матбуот конференциясида сўзга чиққан “Фуқаровий кўмак” ташкилоти мувофиқлаштирувчилари ва адвокатлари ўзлари олиб бораётган ишлар юзасидан бошқа қатор мисолларни келтирди.

“Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Анастасия Денисова мигрантларга қарши сохталаштирилган ва одатий кўринишга эга жиноий ишдан мисол келтирди.

- Бу одатан олиб бориладиган “Нелегал” амалиёти давомида тожикистонлик мигрантларга наркотик моддаларни ташлаб кетиш бўйича иш. 2011 йилнинг 28 сентябрида Балашихада Муродбек Муродов, унинг синглиси Зайнура Муродова ва унинг эри Тошевни улар яшаётган квартирада ҳибс этишган. Квартира обдон текширилган, ҳеч нарса топилмаган ва ниҳоят Балашиха полиция бўлимига олиб келиб уларнинг бошларига қора пакет кийдириб чўнтакларига, жумладан 6 ойли ҳомиласи бор Зайнуранинг чўнтагига ҳам, наркотик пакетларини солиб қўйишган.
Зайнура 6 ой давомида тергов изоляторида сақланди, ўша ерда фарзандли бўлди, ва энг ачинарлиси, туғилган қизалоқ онаси билан 3 ой давомида турмада сақланди, дейди Анастасия Денисова.

Маълум бўлишича, амалиётни олиб борган полиция ходимлари бу оиладан 250 минг рубл пул талаб қилган, улардан 130 минг олганидан кейин терговчиларга топшириб юборган. Қўпол қонун ва ҳуқуқ бузилишлар билан олиб борилган тергов ва суддан кейин Зайнура 3 йилга, акаси - 3,5 йилга, эри Тошев - 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Адвокат Абу Гайтаев

Адвокат Абу Гайтаев

Адвокат Абу Гайтаев охирги йилларда бундай жиноий ишлар Россияда¸ айниқса энг ҳуқуқсиз қатлам саналган меҳнат муҳожирларга қарши кўплаб уюштирилаётганини таъкидлади.

“Лекин Марказий Осиё фуқаролари бўйича олиб борган ишларимнинг бирортасида бу мамлакатлар элчихоналари, ваколатхоналари, консулликлари иштирок этганини кўрмаганман”, дея давом этади у.

- Тизимли ҳимоянинг ўзи йўқ ва улар ўз фуқароларини ҳимоялашга бирор ҳаракат қилмайди. Ахир улар муайян давлатнинг консуллиги, элчихонасику! Лекин уларга мурожаат қилишдан ҳафсаласи пир бўлган мигрантлар на Ташқи ишлар вазирлиги, на ҳукуматига, на Раҳмонга ва на Каримовга мурожаат қиляпти. Эсингиздами Тожикистонда учувчилар ҳимоясига бутун Россия кўтарилгани. Бечора муҳожирларни эса бизга ўхшаган ташкилотлардан бошқаси ўз ҳимоясига олмайди, лекин бизнинг имкониятларимиз кескин чекланган, дейди Абу Гайтаев.

Гайтаевнинг фикрини маъқуллаган адвокат Роза Магомедова¸ кўп ҳолларда судларда элчихона вакилининг шунчаки ўтириши ҳам суд жараёнининг адолатли олиб борилишига туртки бўлиши мумкинлигини урғулайди.

Қўмита раиси Светлана Ганнушкина фикрича¸ ўз фуқаролари тақдирини назарга илмаслик борасида Марказий Осиë ҳукуматлари ичида Ўзбекистонга тенг келадигани йўқ:

- Ўзбек элчихонаси ўз фуқаролари билан мутлақо қизиқмайди. Улар фақат бировни айблаб экстрадицияси талаб қилинаётган шахслар ишлари бўйича иштирок этишлари мумкин. Уларга на қўнғироқ қилиб бўлади, бирорта бизнинг мурожаатимизга жавоб олганимиз йўқ! дейди “Фуқаровий кўмак” қўмитаси раиси Светлана Ганнушкина 13 сентябр кунги матбуот анжуманида.
XS
SM
MD
LG