Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:43

Мусулмон дунëси норозиликка чулғанди


Америкалик аноним муаллиф томонидан суратга олинган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” номли ҳажвий филмга қарши норозилик чиқишлари кўлами кенгайиб бормоқда. Кўп ҳолларда зўравонликка айланаëтган бу чиқишлар оқибатида қурбон бўлганлар сони ҳам ортмоқда.

Муҳаммад пайғамбар ва умумиятла Ислом дини очиқчасига калака ва ҳажв қилинган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмига қарши норозилигини ифодалаëтган мусулмонлар АҚШ элчихоналарини нишонга олмоқда.

Қоҳирадаги АҚШ элчихонаси олдида бир неча кундан бери норозилик намойиши давом этмоқда¸ Ливиянинг Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллиги ғазабнок оломон тарафидан вайрон қилинди¸ тўрт Америка дипломати¸ жумладан элчи Кристофер Стивенс ҳалок бўлди.

13 сентябр куни дарғазаб оломон Яман пойтахти Санаадаги АҚШ элчихонаси биносига ëпирилиб кириб¸ деразаларни синдирди¸ машиналарни ëқиб юборди¸ АҚШ байроғини намойишкорона ëқди. Маҳаллий полиция кўздан ëш оқизувчи газ ва сув сепиш ва ҳавога ўқ узиш орқали оломонни тарқатиб юборди.

Бу зўравонлик оқибатида камида уч одамнинг ўлгани айтилмоқда. АҚШ Давлат департаментининг билдиришича¸ элчихона дипломат ва хизматчиларига шикаст етмаган.

Пайшанба куни Қоҳирадаги АҚШ элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказаëтганлар билан полиция ўртасида тўқнашув юзага чиқди ва 220 дан ошиқ одамнинг жароҳатлангани айтилмоқда.

Қоҳирадаги намойишчилардан бири Абдуллоҳ Иброҳим Муҳаммад¸ нега уч кундан бери норозиликка чиқаëтганини шундай шарҳлайди:

- Биз пайғамбаримизни ҳақорат қилишларини ҳеч қачон қабул қилмаймиз. Муҳаммад пайғамбарни мазах қилиш сўз ëки дин эркинлиги эмас¸ балки бошқалар эркинлигига қарши ҳаракатдир. Дунëда ҳаммага эркинлик берилган¸ фақат мусулмонларга эмас. Мусулмонлар террорчи қилиб кўрсатилмоқда. Улар бизнинг озодлик ва эркинлигимизни тан олишни истамайдилар¸ дейди мухбирларга қоҳиралик дарғазаб намойишчи.

Youtube.com видеопорталига қўйилган "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" филмидан олинган сурат.
Youtube.com видеопорталига қўйилган "Мусулмонлар гуноҳсизлиги" филмидан олинган сурат.
Айни шундай норозилик намойиши Ироқ шиаларининг анъанавий қароргоҳи саналмиш Ал-Садр шаҳарчасида ҳам юзага чиқди. Бу ерда тўпланган минглаб шиалар "Йўқолсин Исроил! Йўқолсин Америка!" "Яшасин Оллоҳнинг пайғамбари" деб қичқирдилар.

Айни шундай намойишлар Эрон¸ Қувейт¸ Ғазо¸ Марокаш¸ Судан¸ Тунис ва Бангладешда ҳам кузатилди.

АҚШлик тадбиркор суратга олгани тахмин этилаëтган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” ҳажвий филмини кескин қоралаган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай¸ мамлакатда зўравонлик хуружлари авжга чиқиши юзасидан туғилган хавотирлар боис¸ Норвегияга белгиланган сафарини бекор қилди.

Филм иштирокчилари ҳам норози

Ҳозирча мусулмонлар пайғамбари хотинбоз¸ қонхўр ва ақли ноқис қилиб кўрсатилган ҳаваскорлик филми ортида ким ва қандай гуруҳлар тургани қоронғулигича қолмоқда. Айрим манбалар¸ филмнинг яҳудийлар берган хайрия пули эвазига суратга олинганини айтса¸ бошқалар бу филмда копт насроний гуруҳлари қўли бор¸ деган фикрда.

Филм лойиҳаси бўйича маслаҳатчилик қилган Стив Клайн¸ бу лойиҳага Исроил идораларининг алоқаси борлиги ҳақидаги гумонларни рад қилди. У шунингдек¸ филм режиссëрининг асл исми Сам Басил эмаслиги¸ бу ном шунчаки тахаллус эканини билдирди.

Айрим хабарларга кўра¸ филмнинг тўлиқ шакли ҳали охирига етмаган ва унда Муҳаммад пайғамбарнинг очиқ мазах қилингани¸ ҳатто лойиҳага қўшилганлар томонидан ҳам танқид қилинган. Айрим лойиҳа иштирокчилари¸ Youtube.com га қўйилган кадрлар устидан овоз кейин ўқилгани учун¸ бу ҳақоратлардан бехабарликларини иддао қилмоқдалар.

Жанггарилар қасос билан таҳдид қилмоқда


Филмнинг асл муаллифлари ким экани сирлигича қолишига қарамай¸ мусулмон дунëси ўз ғазабини АҚШга қарши йўналтирмоқда.

Мусулмон давлатларидаги АҚШ элчихоналари филмга нисбатан норозилик ва ғазабни акс эттириш марказига айланмоқда.

Уруш давомида Ироқдаги хорижийларга ҳужум қилиш билан шуғулланиб келган Асайб ал-Ҳақ жанггари гуруҳи мамлакатдаги АҚШ фуқаролари ва иншоотларини нишонга олиш билан таҳдид қилди.

Гуруҳ раҳбари Қайс ал-Ғазолий тарқатган баëнотда "Оллоҳнинг пайғамбарига қилинган ҳақорат Америка манфаатларига таҳдид туғдирди¸ биз бу ҳақоратни кечирмаймиз"¸ дейилади жумладан.

“Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмидан туғилган норозиликлар турли жанггари ва радикал гуруҳларга қўл келаëтган бир пайтда¸ АҚШ мутахассислари Бенғозидаги ҳужумда Ал-Қоидага алоқадор жанггари гуруҳларнинг қўли бор-йўқлигини тафтиш қилмоқда.

Мусулмон дунëсида кўтарилган аксил-Америка ҳиссиëтлари муносабати билан бу мамлакатлардаги АҚШ элчихоналаридаги хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

АҚШ президенти ва Давлат котиби мусулмон дунëсини жунбушга солаëтган ҳажвий филмни¸ унда Муҳаммад пайғамбарнинг ҳажв қилинишини “ëмон ниятли фитна” дея қоралади.

Айни пайтда Вашингтон раҳбарлари¸ бу филмга норозилик тариқасида зўравонликка қўл уришни мутлақо оқлаб бўлмаслигини ҳам таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG