Линклар

Гудков Думадан четлаштирилди


Russia -- Gennady Gudkov, deputy head of the Just Russia party, speaks to journalists while leaving Russia's lower house of parliament, the State Duma, in Moscow, 14Sep2012

Russia -- Gennady Gudkov, deputy head of the Just Russia party, speaks to journalists while leaving Russia's lower house of parliament, the State Duma, in Moscow, 14Sep2012

Россия Давлат думаси мухолифатчи депутатни мандатидан маҳрум қилди. Жума кунги мажлисда бу қарор учун овоз берган депутатлар ҳамкасблари Адолатли Россия партияси вакили Геннадий Гудковни парламент депутати бўла туриб ноқонуний тарзда тижорий фаолият билан шуғулланганликда айблади. Гудковни депутатликдан маҳрум қилиш талабини Россия Бош прокуратураси илгари сурди.

Адолатли Россия партияси вакили Геннадий Гудковдан депутатлик мандатини тортиб олиш учун 291 депутат овоз берди. 150 халқ вакили бу қарорга қарши овоз берди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий мухолифларидан бири бўлган Гудковнинг ўзи мазкур қарорни сиёсий мотивларга асосланган дея атамоқда. У ҳамкасблари чиқарган қарор юзасидан Олий Судга мурожаат қилишини айтмоқда.

Овоз беришдан олдин ҳамкасблари олдида қилган чиқишида Гудков ўзига нисбан авж олган таъқибларни “сиёсий ўч олиш”, дея атади.

- Бу сиёсий ўч олишдан бошқа нарса эмас. Мен муваффақиятсизликка учраган ислоҳотларни танқид қилганим ҳамда саводсиз вазирлар ва ўғри губернаторларни ишдан ҳайдашга чақирганим учун сиёсий ўч олишдир. Бу Адолатли Россия партияси яқинда қабул қилинган қонунларга қарши чиқиб, сизлар Россияни қай томон етаклаётганларингни кўрсатиб қўйгани учун сиёсий ўч олишдир. Бу Болотная ва Сахаров майдонларидаги норозилик намойишлари учун сиёсий ўч олишдир, деди Геннадий Гудков.

Шу билан бирга собиқ депутат сиёсий мухолифатдаги фаолиятини давом эттиражагини баён қилди.

- Мен мандатга ёпишиб олганим йўқ. Мен кетишга тайёрман – лекин қайтиб келиш учун ва янги Россия қуриш учун кетишга тайёрман. Биз қуражак давлат унда яшайдиган ҳар бир инсон ундан ғурурланадиган, биз болаларимизга очиқ юз билан топшира оладиган давлат бўлади. Бу яқин орада рўй беради, ишонинг, бизнинг қўлимиз устун келади, ҳақиқат устун келади, конституция устун келади ва ниҳоят қонун усутн келади. Биз устун келамиз ва қайтамиз, деди Геннадий Гудков.

Адолатли Россия партияси азоси Гудков шанба куни Москвада учинчи марта ўтказиладиган Миллионлар марши ташкилотчиларидан биридир. У ўтгани декабрда парламентга сайланганига қарамасдан, натижалар иқтидордаги Ягона Россия партияси фойдасига қалбакилаштирилганини айтиб, муддатидан аввал парламент сайлови ўтказишга чақирган. Гудков шунингдек, март ойида Владимир Путинни ҳокимият тепасига қайтарган президент сайловида ҳам сохтакорликлар бўлганини айтган ва унинг натижаларини тан олмаган.

Иқтидордаги Ягона Россия партияси ҳамда Россия Либерал Демократлар партияси Гудковни Думада қувиш ҳақидаги қарорни маъқуллади. Адолатли Россия ва Коммунистлар партияси бунга қарши чиқди.

Либерал демократлар етакчиси Владимир Жириновский ўз қарорини изоҳлаб Гудковнинг собиқ КГБ зобити ва ҳозирда Федерал Хавфсизлик хизматининг заҳирадаги полковниги эканини эслатди. “Буни репрессия деб атаётган бўлсангиз, ўзингиз 73 йил давомида нималарни қилдингиз? Сиз КГБнинг бешинчи бўлими полковниги сифатида демократияни йўқ қилдингиз. Бу бўлим биз, мухолифат билан курашиш учун махсус тузилган эди”, деди Жириновский овоз беришдан олди депутатлар олдида қилган чиқишида.

Адолатли Россия ва Коммунистлар партияси Конституциявий суддан Гудковнинг Думадан четлатилиши қанчалик қонунга мос келишини текширишни сўради. Қонунни бузганликда айбланаётган Гудковга нисбатан жиноий иш очилмаган.
XS
SM
MD
LG