Линклар

logo-print

Москва вилояти шимолидаги Солнечногорск туманида ўзбек муҳожири юртидан келтирилган экинларни етиштириш устида амалиётларни давом эттирмоқда. Бу йилда Расулжон Исоқов пахта етиштирганини хабар қилди.

Озодлик радиоси 55 ёшли бешариқлик Расулжон аканинг Москва шимолида бир неча йилдан буён олиб бораётган селекция амалиётларини кузатиб келмоқда.

Хоругвино қишлоғида ҳам бошидан қўқон дўппи тушмайдиган ва Москвани Бешариққа айлантириш ниятида бўлган бу инсон бу йил ҳам Озодлик мухлисларини Подмосковега қовун сайлига чақиришини ваъда қилган эди.

Бу йил Расулжон Исоқов пахта ғўзаларини етиштиргани тўғрисида хабар қилди.

- Мен ўтган йили Москванинг шимолида ҳандалак етиштирганим тўғрисида Озодлик радиоси орқали кўпчиликка ахборот берган эдим. Менинг электрон почтамга шундай хат келдики, “Расулжон ака, ҳамма нарса эксангиз ҳам пахта экмасангиз бўлди!”, деган хат олдим. Шу туртки бўлди-да, мен бу йил пахта экдим. Ҳозир ғўзаларим – электрон почта орқали суратларини ҳам жўнатдим – очилиб қолди. Бир ҳафта ичида қийғос очилади! Кўп экмадим, шунчаки синаш учун 20 туп ғўзам бор, - дейди Расулжон ака.



Расулжон ака ўз тажрибалари орқали Россиянинг бепоён кенгликларида ҳам пахта етиштириш мумкинлигини намойиш қилиш ва жамоатчилик эътиборини қаратиш, ишсиз қийналиб юрган юртдошларни Россия қишлоқ хўжалигига жалб қилиш ниятида экан.

- Минг-минглаб бўш Россия территорияларида, агарда, бизнинг ботаник-олимларимиз келиб синаб кўрса, эрта пишадиган пахта навларини етиштирса, деган эдим. Бизнинг ўзбек халқига янги иш жойлари очилармиди... Ахир бизда пахтакорлар жуда кўп, Ўзбекистоннинг 70-80 фоизи пахтани яхши тушунади, билади. Мен шунга кимгадир туртки бўлади, деб Москванинг шимолига экдим. 15 май куни уй шароитида тувакка чигит экдим. Тўртта барг чиқарганидан кейин ташқарига олиб плёнка билан ёпдим. Қарасам, совуқ – парникка олдим. Ҳозир мана ташқарида турибди. Битта ғўзада 9 кўрагим бор, яна бир ҳафта ичида осилиб қолади. Қизиқиб Ўзбекистонга телефон қилсам, у ерда ҳам баъзи жойларда беш-олтита кўрагли пахта чиқибди. Шунинг учун Москванинг шимолида 9 та кўраг чиқариш биринчи йилда, менимча бу катта ютуқ, - дейди селекция сирларини ўрганаётган Расулжон Исоқов.



Фарғоналик бу деҳқон пахтадан ташқари Ўзбекистондан келтирилган қатор бошқа ўсимликларни етиштиришга эришганини гапиради.

- 200 тол кўчатини экдим. Қаламчалардан ҳаммаси кўкарди. Бу йил “Москвани Бешариққа айлантираман”, деб 200 туп тол экдим яна. Мажнунтолни ҳам кўпайтираяпман – олди 5 метрдан ошиб кетди. Ундан кейин, мирзатерак эккан эдим – бўлмади. Лекин, бақатеракдан тўртта олиб келган эдим – тўртталаси ҳам кўкарди. Атиргулларим очилди. Ҳандалакни бир жойга экардим, бу йил қўшниларга ҳам олиб кириб экиб бердим. Қўшнилар хурсанд бўлиб “Қачон ейилади, қандай ейилади, бодирингга ўхшайдими?” деб сўрайди. Уччала қўшним ҳам хурсанд! Биз Бешариқда асосан сариқ сабзидан ош қиламиз. Шунинг учун, сариқ сабзи билан оқ пиёз экканман – шуни ошини еяпмиз, дамлаб,- дея кулади Расулжон ака.

Расулжон Исоқов қарийб 9 йилдан буён Россияда юрганини гапирар экан, ўз юртини ҳар куни соғинишини, бироқ олий ўқув юртида ўқиётган ўғлининг контрактини тўлаш учун яна бир неча йилга қолиб кетиши мумкинлигини айтади.

- Ҳаёт бирдек этаяпти. Ёшимиз ўтиб қолаяпти, холос. Шундан уйланаман... 55 га кирдик энди, қачонгача энди бу Россияда юраман, билмайман. Шу қишлоқда ёши энг каттаси мен, уялиб ҳам қоляпман бундай юришга. Бизда ўзбекчиликда маҳалла-куйга аралашиш дегани бор, марака-тўйларга қатнашиш дегани. Шуларга қатнаша олмасдан шулардан афсусланаяпман, холос. Бешариққа қайтишни ўйлаб ҳам кўрганим йўқ: фарзандим студент, Ўзбекистонда болани ўқитиш қийин, -дея дардлашди бешариқлик Расулжон Исоқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG