Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:44

Навоийни зарарли ҳашарот босди


Навоийлик масъулларга кўра, "Жийда қандаласи" қўнғизи Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генофонди институти томонидан инсон ҳаёти учун хавфсиз деб топилган.
Навоийлик масъулларга кўра, "Жийда қандаласи" қўнғизи Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генофонди институти томонидан инсон ҳаёти учун хавфсиз деб топилган.

Сўнгги уч-тўрт ой мобайнида Навоий вилоятининг Учқудуқ, Зарафшон, Нурота, Конимех ва Қизилтепа туманлари олдин учрамаган турли хил ҳашаротлар “ҳужуми”га учради.

Нуротада пашша чақишидан қурбонлар бўлди

Нурота туманида яшовчи тўрт ёшли Фардона пашша чаққанидан кейин уч ой давомида шифохонада даволанди.

Фардонанинг буваси Нажмиддин Рўзибоевнинг Озодликка айтишича, невараси аввал учрамаган пашшанинг янги тури чақиши натижасида жароҳатланган.

- Фардонани пашша чаққан эди. Пашша чаққанда у илик суягига тушар экан. Бунинг вакцинаси как раз Франциядан келган экан, шунинг вакцинасини қилдирдик. Ҳозир яхши. Пашша чаққан 10 киши ëтиб чиқди болницада. Кимдир ўлди ундан. Ëш болаларни чаққанда. Муқимов Тошпўлатнинг набираси ўлди ўша ҳашарот чаққанда. Ҳозир СЭСлар келиб назорат остида олиб юрибди. Бу пашша олдин учрамаган ҳеч, дейди Нажмиддин Рўзибоев.

Конимех арилар “исканжаси”да қолди


Конимех туманида яшовчи Мухтор Мирзоқуловнинг айтишича, сўнгги бир-икки ой мобайнида туман аҳолиси арилар ҳужумига учради.

Мухторга кўра, бу арилар туманда олдин учраган ариларга умуман ўхшамаган кўринишда бўлган.

- Ҳаддан ташқари ари босиб кетди, мен биладиганим учта одам вафот этганини эшитдим. Битта 2 яшар бола. Ҳаддан ташқари кўп ари. Ҳамма жойда, ҳозир ҳам бор. Масалан¸ мен яшайдиган туманда ҳар бир уйда ҳожатхона борми, баня борми ҳаммасига уя қурган. Умуман босиб ëтибдида. Аввал бўлмаган бунақа ари. Узунчоқ чумолига ўхшаган ари, дейди Мухтор Мирзоқулов.

Навоийни кана ҳам босди

Мухтор Мирзоқуловнинг айтишича, сўнгги тўрт ой мобайнида Навоийнинг бир қанча туманларида кана ҳам кўпайиб кетган.

- Кўп. Умуман кана босиб кетган. Ҳамма жойни кана босиб кетиб, айтиб бўлмайдиган даражада, бир-иккита болаларни чақди, Тошкентларга олиб борди бошқача яра босиб кетди ари чаққач. Абай ширкат хўжалиги бор, Боймурод деб аталади, Сарижал, Сарибел, Учтепа деган ширкат хўжаликларида ҳаммасида кана босган, дейди Мухтор Мирзоқулов.

Янги қўнғиз Навоийга ёпирилди


Навоийдаги Nav.uz сайтининг хабар қилишича, вилоятнинг Учқудуқ, Зарафшон, Нурота ва Қизилтепа туманларида икки хил кўринишдаги қўнғиз жуда кўпайиб кетган.

"Шаҳарда чироқ ёнган деразалар камаймоқда, одамлар уйларига бекиниб олган, чироқ, компьютер ва телевизорларни ўчириб қўйишмоқда, чунки бу ҳашаротлар ёруғ бор жойга хира пашшадай кўп миқдорда ёпириляпти”, деб ёзади Nav.uz сайти.

Озодлик суҳбатлашган навоийликлар ҳам ғалати кўринишдаги қўнғизлар кўпайгани ҳақида гапиришди.

- Лампочка ëнган пайтда лампочканинг олдида бўлади кўпроқ. Ҳаддан ташқари тўлиб кетади ҳашаротлар. Булутдай қоплаб олади, лампочка атрофини, дейди навоийлик суҳбатдош.

Навоий вилоят ҳокимлиги ходимлари ҳам вилоятда қўнғизлар кўпайгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, уларга қарши вилоят Ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти курашаётганини айтишди.

Навоий вилоят Ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилотининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимининг айтишича, янги қўнғиз ҳатто вилоят ҳокимлиги биносини ҳам босган.

- Ҳозир камайиб қолдику. Олдин уйларга ҳам кирарди. Ўзимиз ҳам ҳайрон бўлиб қолдик. Вилоят ҳокимлигида ҳам бирдан пайдо бўлди. Кейин СЭС озгина дорилади. Ҳамма ëруғ жойларга, кечаси ëруғ жойларга келиб кириб олдида, дейди суҳбатдош.

“Жийда қандаласи” одамлар учун хавфсиз


Навоий вилоят Ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти ходимига кўра, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генофонди институтининг Умумий этимология лабораторияси томонидан янги қўнғиз текширилиб, инсон ҳаёти учун зарарсиз деб топилган.

- Қўнғизнинг номини топа олмасдан охири Тошкентга Фанлар академиясига мурожаат қилдик. Одам юбориб лаборатория анализи қилдириб келдик. "Жийда қандаласи" деб ташхис қўйишган. Қозоғистон чўл зонасида чиққан эканда улар. Шамол ëрдамида келиб қолган. Тошкент одам учун ҳеч қанақа хавфи йўқ деб беришган. Одамга зарари йўқ унинг, дейди Навоий вилоят Ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти ходими.

Айни пайтда Навоий вилоят вилоят ҳокимлиги, вилоят Санитария ва эпидемология бошқармаси, вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти масъуллари Навоийда “Жийда қандаласи”дан ташқари яна зарарли ари, пашша ва кана кўпайгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилди.
XS
SM
MD
LG