Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:34

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарачилари бир - бирини айбламоқда


11 сентябр куни ўзбек-тожик чегарасида содир этилган отишма қайси давлат чегарачилари томонидан бошланганини аниқлаш жараёнига эндигина киришилганига қарамай, икки давлат чегарачилари бир-бирларини айблашдан тийилмаяптилар.

“Ўзбек-тожик чегарасидаги отишмага Ўзбекистон чегарачиларининг ноқонуний ҳатти ҳаракати сабаб бўлган”. Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот хизмати мана шундай баёнот тарқатди.

Тожик чегарачиларининг айтишича, бу воқеа 11 сентярь куни мамлакат шимолидаги Сўғд вилояти Шаҳристон туманида содир бўлган.

"Тожикистон республикаси чегара наряди бошлиғи чегара бузилганини сезиб қолиб, қонунбузардан Ўзбекистон ҳудудига қайтишни талаб қилган. Бироқ у тожик чегарачисининг буйруғига эътибор бермаган. Шундан сўнг Тожикистон чегара наряди бошлиғи қонунбузарни қўлга олишга қарор қилган", дейилади хабарда.

Матбуот хизматининг маълум қилишича, тожик чегарачилари қонунбузарни ушламоқчи бўлганида, ўзбекистонлик чегарачилар уларга қарата ўқ ота бошлаган. Шундан сўнг тожик чегерачилари ўзларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқ узишга киришишган. Фурсатдан фойдаланган қонунбузар Ўзбекистон ҳудудига ўтиб яширинган.

12 сентябр куни Ўзбекистондаги интернет нашрлар мазкур воқеада тожик чегарачилари айбланган хабарни ёйинлаган эди. Мазкур хабарда айтилишича, тожик чегарачилари отган ўқдан ўзбекистонлик бир ҳарбий оғир яраланган.

Жиззах вилоятининг Чилламозор қишлоғидаги чегара ҳудудда бўлган бу воеқа ҳақида ЦентрАзия Интернет сайти ҳам хабар тарқатган эди.

Бу хабарда айтилишича, 11 сентябр куни соат 14да Тожикистоннинг "Бўраган" чегара заставаси аскарлари Ўзбекистон ҳудудига 50 метрча кириб келган. Ўзбек чегарачилари уларни чегарани босиб ўтганлиги ҳақида огоҳлантириб, дарҳол орқага қайтишларини талаб қилган.

"Ўзбек чегарачиларининг ортга қайтиш ҳақидаги буйруғига тожик чегарачилари сўкиниш билани жавоб бердилар. Ўзбек чегарачилари мулоқот билан иш битмаслигини тушунгач, уларни итариб у томонга ўтказиб қўйдилар. Шу билан муаммо тугагандай бўлган эди. Лекин чегара ҳудудини белгиловчи ариқдан ўтказиб қўйилган тожик чегарачилари ўзбек чегарачилари томон автоматлардан ўқ ота бошлади", деб ёзади ЦентрАзия Интернет сайти.

Бу хабарга кўра, тожик чегарачилари отган ўқлардан учтаси чегарачи А. Мавлоновнинг қорнига, елкасига ва курагига теккан. Чегарачи оғир аҳволда вилоят касалхонасига ётқизилган.

Аммо Тожикистон Чегара қўшинлари матбуот хизматининг билдиришича, воқеа жойига келган Ўзбекистон чегара аппарати вакилига Ўзбекистонлик чегарачининг чегарани бузганлигини исботловчи далиллар кўрсатилган.

Айни пайтда икки томонлама текширув бошланган ва бундай воқеалар такрорланмаслигининг олдини олиш мақсадида зарур чоралар ишлаб чиқилмоқда.
XS
SM
MD
LG