Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:29

Ўзбекистонда “Сариқ аждар”нинг ови бароридан келди


Ўзбек халқи ўзи емай, ўзгага едиради, ўзи киймай, ўзгага кийдиради. Совуқда қунушиб-дилдираб ўтирса-да, газини бошқаларга тортиқ қилади. Шунақа, қўли очиқдан ҳам очиқ халқ бу!


Хабарингиз бўлгандир, тунов куни Ўзбекистонга Хитой бош вазири ўринбосари қадам ранжида қилди. Вазири аъзамнинг ноиби бўлсаям, Пекиндан келган эмасми - Ўзбекистон президенти шахсан қабул қилди меҳмонни. Қолаверса, икки ўртада эски оғайничилик ҳам йўқ эмас-да. Қанақасига дейсизми? Эсингиздан чиқдими, ҳар икки сиёсатчиям қавмдош – партиядош-ку...

Майли, асосий масаладан чалғимайлик, хуллас, шу учрашувда Ўзбекистон президенти ўтган ойдан Хитойга газ экспорти мунтазам йўлга қўйилганини расман эълон қилди. Боз устига, “Бу ёғидан хавотир олмайсизлар, қулоқбошида ўзим турибман, узилиш бўлмайди” деган мазмунда қуюқ ваъда бериб, меҳмоннинг кўнглини хотиржам қилди.

Ҳукуматга яқинлигини пеш қилаётган ахборот манбаларига кўра, йил охиригача Ўзбекистон Хитойга 4-5 миллиард кубометр атрофида газ сотади ("2016 йилга келиб, қувурлар орқали Чинга оқадиган газ 25 миллиардга етади" деган маҳобатлар ҳам йўқ эмас).

Вилоятлар газ йўқлигидан (тақчиллигидан эмас!) нолиб турган бир пайтда экспорт учун шу-унча ёқилғи қаердан олинади? Шу кеча-кундузда бирор вилоятда дабдурустдан янги кон топилганини эшитмагандирсиз?.. Менинг ҳам кўзим тушмади бундай хабарга. Демак, биродар чин-мочинликлар буюртмаси эски усулда, оппа-осонига – аҳолига берилаётган газни камайтириш ҳисобига адо этилади!

Одамлар нима қилади? Нима қиларди?! Ўзбек шу пайтгача тоқат қилди, бундан кейин ҳам тишини тишига босиб, бардошни ошно тутиб юраверади. Энди тушунинг-да, халқаро битим имзоланган ўртада. Катта сиёсат “оқ теракми, кўк терак” ўйини эмас! Яна буюртмачи Америкасиям қўлини кўксига қўйиб саломлашадиган кимсан Хитой бўлса!

Биласиз, Хитой – тутган еридан кесадиган шарттаки давлат! Нуфузи ва нуфуси билан оламни мўр-малахдек босаётган мамлакат андак дангал, хийла чўрткесар ва озроқ олчоқ бўлмаса ҳам бўлмайди-да. Ахир, “ўзларидан бўлсин” деб дуч келган ҳамкорга мулозимат улашаверса, бир миллиарддан ошиқ сербарака мардум очдан ўлмайдими?!

Хитойнинг соат сайин кўкка сапчиётган иқтисоди учун газнинг аҳамияти улкан. Зил-замбил мамлакатни суяб турган саноат биринчи навбатда ана шу табиий ёқилғи билан нафас олади. Тўрт жавонибга сурон солиб, оғзидан олов пуркаётган “Сариқ аждар” газсиз дами чиққан пуфакдек шалвираб қолади.

Хитойнинг фақат ўзбек газига қараб қолган жойи йўқ. Яхши бузоқ эвини қилиб, икки сигирни эмади. Пихини ёрган Пекин амалдорлари бу борада Туркманбоши II билан ҳам савдони пишитиб қўйган (Азалдан бургани ушлаб, ёғини олган қавм-да бу!)
Хитой Ўзбекистон ва Туркманистон каби қулай (айни пайтда, мўмин-қобил) ҳамкор топиши амримаҳол.

Бу давлатлар, аввало, жуғрофий жиҳатдан қулай ҳудудда бино бўлган. Чегарадан бир ҳатланса, Марказий Осиё-да! Таклиф этилаётган газ нархи ҳам ҳамёнбоп: оламни хитойи молга буркаётган чапдаст корчалонлар қорни оғримасдан харид қилиши мумкин.

Ўзбекистон аксар пайт Хитойга тантилик (ё тантиқликдир?!) қилиб келган. Бу гал ҳам “Сариқ аждар”нинг ўзбек заминидаги ови барорида келди. Лекин, минг афсуски, қурбонсиз бўлмайди шикор дегани...

Газли шаҳрилик мухлис
XS
SM
MD
LG