Линклар

logo-print
Кеча Москванинг Сахаров шоҳкўчасидаги митинг тамом бўлганидан сўнг норозилик акциясини давом эттиришга урингани учун полиция томонидан қўлга олинмиш 20 нафар фаол ярим тунда баённома тузилмасдан қўйиб юборилган. Бу ҳақда мазкур фаол ёшларнинг дўстлари Твиттер тармоғи орқали маълумот тарқатишди.

Айни пайтда кечаги “Миллионлар марши”да иштирок этган ўнлаб кишилар Россия пойтахтидаги кафелардан бирида йиғилгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, улар олдига кечаги митингдан сўнг полиция ушлаб кетган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги баённома тузилганидан кейин қўйиб юборилган мухолифатчи Сергей Удалцов ҳам бир муддатга келиб кетган. У шанба куни ўтказилган “Миллионлар марши”ни “тўрт”га баҳолаб, норозилик намойишларига янада кўпроқ одам чиқиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаш кераклигини қайд этган.

Мухолифатнинг Россия пойтахтида бўлиб ўтган кечаги акциясида, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 14 минг киши қатнашган. Намойиш ташкилотчилари эса норозилар сони бундан анча кўп бўлганини айтмоқдалар.

Шанба кунги митингда намойишчилар олдида мухолифатчилар Гарри Каспаров, Алексей Навалний, Сергей Удалцов, Евгения Чирикова ва бошқалар нутқ сўзлаган.

Йиғилганлар мамлакат раҳбариятининг истеъфога кетиши, сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, ижтимоий харажатлар миқдорининг оширилиши ва бошқа шу каби талаблар акс этмиш резолюцияни қабул қилганлар.

Мухолифатнинг кейинги акцияси 20 октябр куни ўтказилиши режалаштирилмоқда.
XS
SM
MD
LG