Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:04

Қозонда ўшлик қочқин озодликка чиқди


Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларида айбланиб, судланганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбек миллатига мансубдир.
Расмий маълумотларга кўра, Ўш воқеаларида айбланиб, судланганларнинг 80 фоизидан ортиғи ўзбек миллатига мансубдир.

13 сентябр куни Қозонда Қирғизистон Бош прокуратураси томонидан Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, экстрадицияси сўралган Мамир Неъматов қамоқдан озод этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди Неъматов фойдасига ҳукм чиқариши ортидан Татаристон Бош прокуратураси қочқинни экстрадиция қилиш тўғрисидаги ўз қарорини бекор қилди.

Бош Прокуратура ўз хатосини тан олди

Жорий йилнинг 25 июнида Татаристон Республикаси Олий Суди Ўш воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган 25 ёшли қирғизистонлик Мамир Нематовни экстрадиция қилиш бўйича Россия Бош прокуратураси чиқарган қарорни қонуний деб топган эди.

Орадан икки ярим ой ўтиб, Россия Бош прокуратураси ўзи чиқарган қарорни Европа Судининг 39-Қоидасига асосан ўзгартирди ва 10 ой давомида Қозон тергов изоляторида сақланган Мамир Неъматовни озодликка чиқарди.

Бош прокуратура илк бор ўзи чиқарган қарорни бекор қилганига гувоҳ бўлдик, дейди Озодлик Радиосига Мамир Неъматовнинг адвокати Руслан Нагиев.

- Мен бунақасини ўз амалиётимда биринчи маротаба учратяпман. Экстрадиция ишлари бўйича бу биринчи маротаба кузатилмоқда, чунки одатда Россия судлари Бош прокуратура экстрадиция қилишни сўраган марказий-осиёликларни ҳеч иккиланмасдан бериб юборар эди. Бироқ, бу сафар келтирилган исбот-далилларимиз инобатга олинди, дейди адвокат Руслан Нагиев.

Ҳақиқатан, 2012 йилнинг июн ойида Озодлик Мамир Неъматов иши юзасидан Татаристон Олий Судига юборган сўровига Олий суд раиси ёрдамчиси Наталья Лосева бундай жавоб берган эди.

- Россия Бош прокуратураси бу шахсни Қирғизистонга бериб юбориш тўғрисида қарор чиқарган эди. Ҳимоя прокуратуранинг бу қарори устидан судга шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Суд бу шикоятнинг қаноатлантирилишини рад этди. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, Неъматовни экстрадиция кутмоқда, деган эди Татаристон Олий суди расмийси Наталья Лосева.

Ўшлик Мамир Неъматов ҳимоясига ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина етакчилигидаги “Қочқинлик ҳақлари” дастури қўшилганидан кейин Европа Суди унинг бериб юборилишини тўхтатди, дея давом этади адвокат Нагиев.

- У 2010 йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар ва қотилликларга алоқадорликда айбланиб, Қирғизистондан сўровнома келган. Шахсан мен Неъматовнинг айби унинг ўзбек эканлигида ва Қирғизистон жанубида туғилганлигида, деб биламан. Ахир тўполонлар бўлганида у Ўзбекистон чегарасида ўтирганини исботлаш қирғиз ҳукумати учун қийин иш эмас. Бу йигит кимнингдир сўрови билан қарийб бир йил қамоқда ўтирди. Лекин, маҳаллий прокуратура ва суд қарорлари устидан тинимсиз қилган шикоятларимиз натижа берди: Неъматовни қўйиб юборишди, дейди Руслан Нагиев.

Адвокат қирғиз ҳукумати экстрадиция қилишни сўраган Мамир Неъматов 13 сентябр пайшанба куни озод қилингани ва ҳозирда вақтинчалик қочқинлик мақомини олганини қўшимча қилди.

“Ҳақиқат букилади, эзилади, лекин синмайди!”

2011 йилнинг ноябр оийдан бери Қозон тергов изоляторида экстрадиция хавфи остида сақланган Мамир Неъматов Озодлик билан суҳбатда “ҳақиқат букилар, эзилар экан, лекин синмас экан”, дея бошдан кечирганларини ҳикоя қилди.

- 2010 йил июндаги уруш бошланганидан хабарим йўқ, шу пайт дадам телефон қилиб “Эшикларни қўлфлаб ёт, уруш бошланди!”, дедилар. Эртаси куни эрталаб дадам “Ўзбекистон томонга ўт, болам. Сен навқиронсан, юриб тур, кейин қайтасан”, дедилар. Эртаси куни биз ўтиб кетдик соат 10-11 ларда. Чегара ёпиқ эди, лекин биз солдат боллар очиб қўйган сеткалардан ўтиб Андижондаги холамларникига синглимни қўйиб келдим. Онам билан қайтиб биз Суратош деган жойда ўтирганмиз. Тинчигандан кейин орқага қайтдим. Орада уйландим, кейин бир ой ўтиб Россияга йўлга чиқдим ва бу ерда 1,5 йил ишлаб юрдим, дейди Мамиржон.

Неъматовнинг сўзларига кўра, у Татаристонда ҳеч кимдан яширинмасдан қонунан яшаб таксичилик қилгани, аммо қидирувда эканини билмаган.

- Уйда ухлаб ётган жойимдан участковой келиб “Сен розискда экансан”, деб олиб чиқиб кетди мени. Мени қотилликда айблашибди. 2011 йил 12 ноябр соат 3-4 ларда ҳибс этишди. Ўн ой ўтирдим. Лекин ҳақиқат бор экан, эгилар экан, синмас экан! Оллоҳга шукр, синмадим. Суд бўлди, икки кундан кейин прокурор келиб, “Сен ҳақ экансан, айбинг йўқ экан”, деб ўзлари кечирим сўраб ўша СИЗОдан қўйишворди, дейди куни-кеча озодликка чиққан Мамир Неъматов.

У Қозонга келишидан олдин “Ўш-ТВ” телекомпаниясида бироз вақт журналист Шавкат Умаров билан бирга операторлик қилганини ҳам эслади. 25 ёшли Мамир Неъматов ҳозирда бир ёшли ўғилчаси ва рафиқаси билан Қозонда яшамоқда. У, шунингдек, қочқинлик мақомини олишга ҳужжат тўплаётганини ҳам айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:56 0:00
Бевосита линк


Мамир Неъматов Қирғизистон ҳукумати томонидан 2010 йилнинг июнида рўй берган Ўш қирғинига алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Қирғизистон терговчилари иддаосига кўра, Мамир Неъматов 2010 йилнинг 11 июнида бир гуруҳ шериклари билан бирга қирғиз миллатига мансуб шахснинг уйига бостириб кирган ва бир неча кишини ўлдирган. Ваҳоланки, тақдим этилган ҳужжатлардан бирида ўлдирилгани айтилаётган аёл воқеа эртасига ҳам эри билан телефон орқали суҳбатлашгани қайд этилган.

Мамир Неъматовнинг ўзи эса 12 июн куни Ўзбекистонга, 11 августда Россияга чиқиб кетган.

2012 йилнинг 4 майида Россия Бош прокуратураси Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди қарорини инобатга олмасдан, Қирғизистоннинг Неъматовни экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўровини қондириш тўғрисида қарор чиқарди. 2012 йил июнда Татаристон Олий Суди прокуратуранинг қарорини тасдиқлади.

Мамир Неъматов ҳимоясига Amnesty International, Human Rights Watch, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича бошқармаси каби қатор халқаро ташкилотлар отланди. Неъматов ҳимоясига мустақил “Ўш-ТВ” телекомпанияси собиқ раҳбари Ҳалилжон Худойбердиев ҳам чиққан.

2012 йилнинг 31 августида Татаристон Федерал миграция хизмати Мамир Неъматовнинг Россия ҳудудида вақтинчалик қочқинлик мақомини бериш тўғрисидаги аризасини қондирди ва 13 сентябр куни ўз қарорини қайта кўриб чиққан Татаристон Бош прокуратураси қарорига биноан Мамир Неъматов озодликка чиқди.
XS
SM
MD
LG