Линклар

logo-print

Бенғозидаги АҚШ консуллигига ҳужумда айбланиб 4 киши қўлга олинди


Ливия Ички ишлар вазири Фавзи Абдул Аъал.

Ливия Ички ишлар вазири Фавзи Абдул Аъал.

Ливия Ички ишлар вазири Фавзи Абдул Аъал ўтган ҳафта Бенғози шаҳрида АҚШ консуллигига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинганлар юзасидан изоҳ берди.

Абдул Аъал АҚШнинг дипломатик идорасига уюштирилган ҳужум бўйича тўрт шахс ҳибсга олинганини маълум қилди.

Ундан аввал Ливия миллий конгресси раҳбари Муҳаммад Мағриф АҚШ телевидениесига берган интервюсида 50 киши қўлга олинганини айтган эди.

Бироқ Абдул Аъал Миллий конгресс раҳбари тергов қилиниши мумкин бўлган 50 кишини назарда тутган бўлиши мумкинлигини айтди.

Америкалик ҳаваскор режиссёр суратга олган Ислом дини ва Муҳаммад Пайғамбар таҳқирловчи филмга қарши 11 сентябр куни Ливиянинг Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллиги олдида уюштирилган норозилик намойиши қатнашчилари консуллик биносига ҳужум қилгани оқибатида тўрт дипломат, жумладан, АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳам ҳалок бўлди.

Фавзи Абдул Аъал ҳужум аввалдан режалаштирилган деган фикр билдирди.

- Менимча, воқеа тафсилотлари намойишчилар қуролланган бўлганини кўрсатган. Норозилар қўлида автоматлар ва гранаталар бўлган. Мен буни тинч намойиш бўлган деб ўйламайман, деди Ливия Ички ишлар вазири.

Бироқ АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти расмийлари ҳозирга қадар ҳужум олдиндан режаланганига ишора қилувчи далиллар йўқлигини айтди.

Якшанба куни АҚШ телевидениеси мухбири билан суҳбатда АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Бенғози шаҳрида консулликка ҳужум билан якунланган норозилик намойишини “экстремист унсурлар” ўз мақсадида ишлатди, дея баён қилди.

- Бенғози шаҳридаги консуллигимиз олдида намойиш бошланганидан кўп ўтмай, бизнингча, эктремист унсурлар, шахслар, афсуски, Ливиядаги инқилобдан кейин қўлга киритиш осон бўлган қуроллар билан намойишчилар сафига қўшилган ва намойиш, жуда, жуда ёмон зўравонликка айланиб кетган, деди АҚШнинг БМТдаги элчиси.

Сюзан Райс Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллиги биносига ракета отган экстремистлар Ал-Қоида ёки бошқа террорчи гуруҳларга алоқадорми, йўқми бу ҳақда маълумот йўқлигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG