Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

Ўзбек муҳожирлари уйига кўпроқ пул жўнатмоқда


Россия Марказий банки тарқатган маълумотга кўра, Россиядаги ўзбек муҳожирлари ватанига жўнатаëтган пул миқдори ошиб бормоқда ва 2012 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга муҳожирлар томонидан 1 миллиард 237 миллиондан ошиқ пул юборилган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари 2012 йилнинг апрел-июн ойларида жўнатган пул миқдори ўтган йилнинг худди шу мавсумига қараганда 170 миллион долларга кўпдир.

Пул жўнатиш бўйича Россиядаги тожикистонлик муҳожирлар 916 миллион АҚШ доллари билан иккинчи¸ украиналиклар эса 711 миллион доллар билан учинчи ўринга қўйилди.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирларининг айтишича, Ўзбекистонга жўнатилаётган пул миқдорининг ошгани муҳожир пули кўпайгани белгиси эмас, балки Россияга иш излаб келаётган ўзбек фуқаролари сонининг ортиб бораётгани ифодасидир.

Москвада бир неча йилдан бери асфалт ётқизиш иши билан банд жиззахлик 39 яшар Баҳодирнинг айтишича, сўнгги бир йил ичида Россияга Ўзбекистондан келаётган мардикорлар сони сезиларли ошган.

- Энг биринчи навбатда¸ бу ўзбекларнинг оқими билан боғлиқ. Хоҳлаган жойга боринг¸ Россияда энг биринчи ўзбекни кўрасиз. Айнан ўн йиллар олдин мен яшайдиган қишлоқда Россияга бориб келган ўзбекка бамисоли Ҳажга бориб келгандай қараларди. Ҳозир ёш бола учун ҳам қийин бўлмай қолди, кимгадир эргашиб келяпти. Қишлоғимга борсам кўпчиликни кўрмайман, қаерда Россияда. Бу ерга келаверса, албатта¸ пул жўнатиш ортади, дейди жиззахлик Баҳодир.

Баҳодирнинг ўзи йилига ўрта ҳисобда оиласига 3-4 минг АҚШ доллар миқдорида пул жўнатишини айтади.

- Меники энди мавсумий иш. Асфалт текислаш билан шуғулланаман. Ойлигим 22 минг рублни ташкил қилади. Бу 700 доллар дегани. Бундан мен ҳар ой минг рубл патент пули тўлайман. Квартира, ейиш ичишни олиб ташласак ойига 300-400 доллар қоляпти, уйга юборишга, дейди жиззахлик меҳнат муҳожири.

Россияда ишловчи меҳнат муҳожирларининг аксари¸ уларнинг ўз сўзларига кўра¸ уйга пул юбориш учун кўпроқ пул орттираман деб, соғлигини йўқотади, вақтида овқатланмайди, даволанмайди:

- Уйга кўпроқ кетсин деб ейиш-ичишдан қисади. Квартирага кўп кетиб қолмасин деб, заx подволларда яшайдиганлар бор. Патент тўлашни хоҳламай, посредниклар қўлига тушиб қолаётганлар қанча. Қиш келаяпти. Совуқ тушиши билан бошқа давлатлардан келган муҳожирлар кетиворади. Бизникилар совуқда ҳам қолиб ишлайди. Немис, француз аскарлари Россияга бостириб кирганида совуқдан ўлган. Бу ўзбекни чопони немисни шинелидан қалин шекилли¸ дейди Санкт- Петербургда таксичилик қилаётган хоразмлик 28 яшар Азамат.

Россияда ишлайдиган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги расман рўйхатдан ўтмай ишлаши сабабли уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот йўқ.

Норасмий манбаларда эса, улар сонининг беш миллиондан ортиши айтилади.

Кузатувчилар фикрича, ўзбекистонликлар четдан юбораётган пуллар мамлакат ичкарисида ижтимоий тангликни юмшатиш ва ишсизлик муаммосини вақтинчалик бўлсин ҳал этишга хизмат қилмоқда.

- Агар Россиядан Ўзбекистонга бир ҳафта пул кетмасин, “араб баҳори” бўлиши тайин, дейди Россияда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари билан шуғулланувчи Баҳром Ҳамроев.

Ҳамроев¸ айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукуматини чет элларда меҳнат қилаётган фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя этишга етарлича эътибор бермаётганликда айблайди.

- Москвада тирикчилик илинжида келиб, қул бўлиб қолаётганлар қанча. Қанчасининг ўлиги кетяпти. Ўзимиз пул йиғиб узатганмиз. Қанчасини, одамфурушлардан қутқарганмиз. Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси, ҳеч бўлмаса шуларга ёрдам бериши керак, дейди Ҳамроев.

Россия Марказий Банки маълумотларига қаралса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтган йили ватанларига қарийб 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул юборган ва МДҲ давлатлари орасида пул жўнатмалари бўйича биринчи ўринни эгаллаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG