Линклар

logo-print

Қирғизистон парламенти депутати товламачиликда айбланмоқда


Парламент депутати Садир Жапаров.

Парламент депутати Садир Жапаров.

Қирғизистонда мухолифатдаги “Ата Журт” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Садир Жапаров собиқ президент Қурмонбек Бакиев мол-мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг ички тергов бўлими бошлиғи Қанибек Турдумамбетовнинг маълум қилишича, “Ата Журт” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Садир Жапаровга нисбатан жиноят иши очилди. Айни пайтда уни депутатлик даҳлсизлигидан маҳрум этиш масаласида парламентга ҳужжат тайёрланмоқда. Садирбек Жапаров Бишкек шаҳар прокуратураси ходими Элдар Мадилбеков билан ҳамкорликда собиқ президент Бакиев оиласига қаршли мулкни ноқонуний тарзда ўзлаштириб олганликда айбланмоқда.

- Йиғилган далиллар асосида парламент депутати Садир Жапаровга нисбатан жиноятга ҳамкорлик қилиш, товламачилик йўли билан кўчмас мулкни ноқонуний сотиб олиш моддалари бўйича жиноят иши очилди. Бош прокуратура яқин кунларда депутатни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бериш илтимоси билан парламентга мурожаат қилади, -деди Қанибек Турдумамбетов.

Садир Жапаровнинг шериги сифатида қўлга олинган Бишкек шаҳар прокуратураси ходими Элдар Мадилбеков парламентдаги ҳукумрон коалицияга кирган “Ата Мекен” партияси депутати Туратбек Мадилбековнинг ўғлидир.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Элдар Мадилбеков Қурмонбек Бакиевнинг яқинларига тегишли бўлган мулкни қалбаки ҳужжатлар билан хусусийлаштириб олганликда айбланиб 14 сентябрда қўлга олинган.

- Тергов натижасида қуйидаги хулосага келдик: 7 апрел инқилобидан кейин Элдар Мадилбеков ўзига қарашли одамлар билан тил бириктириб, қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, кўчмас мулкларни эгаллаб олган. Кейин эса харидор излай бошлаган, -деди Қанибек Турдумамбетов.

Расмийга кўра, парламент депутати Садир Жапаров Эдил Мадилбековдан собиқ президент Бакиевнинг ўғли Максимга қарашли икки қаватли бинони арзон баҳода ноқонуний тарзда сотиб олган.

Депутат Садир Жапаров 18 сентябр куни журналистларга ўзига нисбатан жиноят ишининг очилишини парламентдаги фаолияти билан боғлади. Депутатга кўра, у давлат идораларида ва Қумтор олтин конидаги коррупция схемаларини фош этгани учун ҳам унга нисбатан таъқиб бошланган.

“Ата Журт” партияси лидерларидан бири Қамчибек Ташиев ўз паритядоши Садир Жапаровга нисбатан очилган жиноят иши сиёсий буюртма эканини иддао қилади:

- Бу иш сиёсат билан боғлиқ. Негаки, Садир Жапаров кейинги ойларда ҳукумат ва президентнинг нотўғри сиёсатини танқид қилаётгани учун ҳам унга нисбатан жиноят иши очишган деб ҳисоблайман, -деди Қамчибек Ташиев.

Айни пайтда бир қатор нодавлат ташкилотлари фаоллари 17 сентябр куни парламент биноси олдида депутат Туратбек Мадилбеков парламентнинг қоррупцияга қарши кураш қўмитаси раҳбари лавозимидан истеъфо беришини ва депутатлик мандатини топширишини талаб қилиб намойиш ўтказди.

Намойшчиларга кўра, Туратбек Мадилбеков қамоққа олинган ўғлининг жиноят ишини тўхтатиб қўйиши мумкин. Депутатнинг ўзи эса қирғиз матбуотига берган суҳбатида “Ўғлининг ишига аралашмасликка ваъда берган” эди.

Аммо фуқаровий жамият босими остида Туратбек Мадилбеков 18 сентябр куни парламентнинг коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси лавозимидан истеъфо берганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG