Линклар

logo-print

Ўзбекистон Давлат Тест маркази раҳбари Баҳром Исмоилов душанба куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида бу йилги тест синовлари холис ва адолатли бўлгани, тўплаган натижаларидан норози бўлган абитуриентларнинг апелляция учун топширган аризалари ҳам холис кўриб чиқилганини маълум қилди.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази расмийси Улуғбек Сафаровнинг Озодликка айтишича, натижалардан норози бўлган абитурентлар ҳамда улар ота-оналарининг шикоят-аризаларини қабул қилиш 15 сентябр куни тугаган.

- Ўзбекистон бўйлаб 3100 та абитуриентдан даъво аризаси қабул қилинди. Улар Эксперт комиссияси тарафидан таҳлил қилиниб, жавоблари эрта-индин шу абитуриентларга ёки ота-оналарига маълум қилинади, деди Сафаров.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази расмийсига кўра, шпаргалка ёки ўзи билан телефон олиб кирган абитуриентларнинг имтиҳондан четлатиш амалининг биринчи бор қўлланилгани ҳам бу йилги кириш имтиҳонларининг холис ва адолатли ўтказилишига ëрдам берган.

Бу йил Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентдан 3500 нафари тест қоидаларини бузгани учун имтиҳондан четлатилган.

- Бу йил тест синовларида назорат кучайтирилди ва биринчи марта қоидани бузганлар, шпаргалка, телефон олиб кирганлар тест синовларидан четлатилди. Ўтган йили шпаргалка олиб кирганлар огоҳлантириб қўйилаверарди. Бу йил унақа бўлмади, қоидабузарлар шу заҳоти тест залидан чиқариб юборилди¸ деди Сафаров.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакатдаги 70 дан ортиқ университет, институт ва институтларнинг филиалларига кириш мақсадида ҳужжат топширган ёшларнинг сони 432 мингдан ортиқ бўлган.
Улардан 56 607 нафари (19 340 – давлат гранти, 37 267 – шартнома) талабаликка қабул қилинган.

Тест натижаларидан норози талабгорларга апелляция имконидан фойдаланиш имкони берилди¸ деб давом этади Тест маркази расмийси.

- Абитуриентнинг ўзига 1 август куни тушган саволлар ва жавоблар вақараси қўлига берилади. Уни абитуриентни ўзи кўриб чиқади. Қайси жавобга эътирози бўлса қоғозга ёзади ва асослаб беради. Ҳамма абитуриентлар ёзиб бўлганидан кейин эртаси куни эътироз асосли ёки асоссиз экани ҳақида эксперт хулосаси эълон қилинади. Агар асосли бўлса, Давлат комиссиясига чиқарилиб, балл қўшиб берилади. Асоссиз бўлса қайтриб юборилади, деди Сафаров.

Лекин ўқишга киролмаган аксар абитуриент ота-оналари апелляция билан бирон натижага эришиб бўлишига шубҳа билан қарашади:

- Фақат югурганинг қолади. Кирадиганлар пулни бериб кириб бўлишди. Ҳақиқатни юзага чиқариш учун ўша энг юқори балл олганларни қайтадан бир имтиҳон қилиб кўришсинчи, оладими шу баллни, дейди бу йил ўқишга киролмаган хоразмлик абитуриент Ферузанинг онаси Манзура опа.

Аввалги йиллари Ўзбекистонда бирон абитуриент апелляцияни ютиб, студентликка қабул қилингани ҳолати бўлганми¸ деган саволга Ўзбекистон Давлат Тест маркази вакили Сафаров:

- Ҳа бўлган, ўтган йил апелляцияга топширган 2000 дан ортиқ талабгордан тўрт нафари грантга ўтди, 12 нафари контрактга киришга муваффақ бўлди, деб жавоб қилди.

Энг коррупциялашган соҳа

Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади. Совет давридан мерос қолган "пул билан ўқишга кириш" муаммоси ҳали ҳам мамлакатда кенг тарқалган.

Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи фаоли Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистонда бу йил қатор олийгоҳ ректор ва домлалари порахўрликда ушланиб, қамалган ёки ишидан ҳайдалган ва тест синовлари кучли назорат остида ўтгани ҳақида айтилаётган гап-сўзларга қарамай "муаммо янада кучайган бўлса кучайган, камаймаган".

- Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши кураш эълон қилган ва бу ерда асосий жонбозлик кўрсатаётган идора Миллий хавфсизлик хизмати. Коррупцияга қарши миллий дастур ҳам қабул қилинган. Лекин шу билан бир қаторда ҳукумат ўйламаяптики, нега айнан билим билан яхши пухта тайёргарлик кўрган талабанинг ўқишга киришига умиди ҳали ҳам пастроқ. Нега мактабларимиз сифатли билим бераолмайдики ўқувчи фақат билимга ишониб таниш-билиш қидириб қолмасин, деб. Мана шунақа муаммони илдизларига ҳукумат афсуски эътибор қаратмаяпти, дейди Исмоилов.

Ўзбекистонлик экспертнинг иддаосича, Юридик институти ва факултетларига ўқишга кириш энг қиммат ҳисобланади, унинг "нархи" 20-25 минг доллардан ошади. Айни пайтда¸ кузатувчига кўра¸ иқтисод йўналишидаги факультетлар учун 9-10 минг доллар тўланса бир студент жойи кафолатланиши мумкин.

Бу йил Тошкент Давлат Юридик институтини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоевнинг қабул имтиҳонлар бошланиши арафасида ректорлик лавозимидан бўшатилиши ортидан ушбу олийгоҳга "таниш-билишчилик" билан кириш қийинлашган.

- Бу йил янги ректор таниш-билишликка қарши жуда қаттиқ киришган, деб эшитдик. Ҳеч ким киритиб беришни бўйнига олмади. Фарзандимизнинг фақат билимига умид қилишдан бошқа чора қолмади. Икки балл етмай, кира олмади. Контрактга илинганлар орасида ўрин очилса, шунга қабул қилишар деб, кутдик у ҳам бўлмади. Ҳозир энди яхши тайёрланиб, келаси йил яна қайта топширадиган бўлиб турибмиз, дейди фарзанди Юридик институтида ўқишини хоҳлаётган ўз исмини айтмаган тошкентлик ота-оналардан бири.

Ўзбекистонда ўқув йилининг бошида контрактга илинганлар пулни тўлай олмаса¸ улар талабалар сафидан чиқарилиб, ўрнига балли озгина етишмаган абитуриентлар қабул қилиш амали мавжуд.

Ўзбекистон Давлат Тест маркази масъулларига кўра, бунақа вазиятда қарорни олий ўқув юрти ректорати беради.

XS
SM
MD
LG