Линклар

Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик асосида ишлаб чиқарилган халқ ҳунармандчилиги буюмлари сотувидан тушган даромаддан 2014 йилнинг 1 январигача ягона солиқ тўлови ундирилмайдиган бўлди.

Мамлакат президенти томонидан яқиндагина имзоланган фармонда кўзда тутилмиш бу тартибдан ўзбекистонлик ҳунармандлар мамнун.

“Чунки якка тартибдаги ҳунармандчилик турлари билан шуғулланадиган шахслар 2014 йилгача солиқдан озод қилинган ва бу хабар бизни хурсанд қилди”, дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, эндиликда ҳунармандлар...

- Фақат бир йилда бир марта аъзолик бадалини тўлайди ва ҳар ой суғурта бадалини тўлаб юраверади. Суғурта бадали ҳам пенсияга чиққанидан кейин ҳаммаси қўлига қайтариб берилади. Ўзи чиқараётган маҳсулотига ўзи эркин нарх белгилайди. Республиканинг хоҳлаган бурчагида сотиш ҳуқуқига эга бўлади, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси ходимаси.

Данғарадаги Қодиржон Хайдаров номли хусусий-ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобчиси Одилахон опа Абдуллаева ҳам ягона солиқдан озод қилиниш ўзбекистонлик ҳунармандлар учун сезиларли ёрдам эканини таъкидлайди.

- Бу 4 миллионли ишни бажариб бўлдик, энди 10 миллионли ишимиз бошланиш арафасида турибди. Ҳозир 5 фоиздан тўлаяпмиз “ягона”ни. Ҳар кварталда ҳисобот билан бераяпман. 500 000-800 000 га боради “ягона”миз йилига, - дейди Одила опа.

Давлат томонидан яратилаётган имтиёзлардан мамнун бўлган ўзбекистонлик ҳунармандлар айни пайтда ўз соҳалари бўйича айрим муаммоларга дуч келаётганларини ҳам яширмайдилар.

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган риштонлик кулоллардан бирига кўра, сўнгги пайтларда юзага келган газ тақчиллиги туфайли у ва ҳамкасблари сопол идишларни пиширишга қийналиб, хумдонларни шаҳар четига кўчиришга ва муқобил ёқилғилардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган ҳунармандлар, шунингдек, айрим лойиҳаларни амалга ошириш учун банклардан кредит олиш масаласида ҳам қатор муаммоларга дуч келаётганларидан шикоят қилдилар.
XS
SM
MD
LG