Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Москва полицияси шаҳарни мигрантлардан "тозаламоқда"


Москвада махсус амалиëтда қўлга олинган Суяров Шермамат ва Токтосун Эркинбек ўғли.
Москвада махсус амалиëтда қўлга олинган Суяров Шермамат ва Токтосун Эркинбек ўғли.

Москвада мусулмон муҳожирларга қарши маҳаллий полиция идоралари томонидан “облава” ва “тозалаш” амалиётлари олиб борилмоқда. Кузатувчилар буни 14 сентябр куни Тинчлик Проспектида полиция ходимларининг мигрантлар томонидан калтакланишига жавоб дея баҳоламоқда.


Иккинчи ҳафтадирки Россия пойтахтида полиция ва Миграция хизмати ходимлари томонидан “Ноқонуний мигрант” махсус амалиёти давом этмоқда.

Москва минтақавий хавфсизлик Департаменти берган хабарга кўра, 5-12 сентябрдаги Москвани мигрантлардан “тозалаш ҳафталиги” амалиётлари давомида пойтахтда 2,5 мингта мигрант аниқланган, 189 киши депортация қилинади.

Расмий баëнотга кўра¸ бир ҳафта давомида текширилган 1031 объектда аниқланган меҳнат муҳожирларига жами 35 миллион 344 минг рубл жарима солинган.

Россия пойтахтидаги бу каби текширишларнинг иккинчи босқичи 11 сентябр куни Егоревск шаҳарчасида тириклайин куйиб ўлган 14 нафар въетнамлик муҳожир мурдаси аниқланганидан кейин бошланди. Текширув амалиётларига барча полиция бўлинмаларининг жалб қилингани айтилмоқда.

Куни-кеча Москва шаҳар Транспорт Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан биргина Курск вокзалида 19 нафар меҳнат муҳожири ҳибс этилди. Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган бошқарма расмийси ноқонуний мигрантларни аниқлаш амалиётларининг режа асосида олиб борилаëтганини билдирди:

- Биз 14 сентябр куни Курск вокзалида 19 кишини аниқладик. Бу оддий режа асосидаги амалиёт ҳисобланади. Асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қўлга олинди. Яна бир неча киши қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва тарқатиш моддаси асосида жавобгарликка тортилиши масаласи кўрилмоқда, дейди ўзини таништирмаган Москва шаҳар Транспорт полицияси вакиласи.

Полиция ходимларининг мигрантларга қарши облаваларни кучайтиришига 14 сентябр куни соат 15:30 ларда Тинчлик Проспекти яқинидаги Москва Жомеъ масжиди ёнида бир гуруҳ марказий осиёлик муҳожирнинг полиция томонидан ноқонуний савдо билан шуғулланаётгани учун ҳибсга олингани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Полиция ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлган бир гуруҳ савдогар ўз шерикларини озод қилишни талаб қилгач¸ полиция ходимлари билан тўқнашув юзага чиққан ва муҳожирлар полиция ходимларини калтаклаган.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси хабарига кўра, ҳибсга олиш давомида мигрантлар беш нафар полиция ходимига жиддий жароҳат етказган; ўша куни кечқурун Москва жанубида ўзаро муштлашаётган мигрантлар жанжалини тўхтатишга уринган полиция ходими пичоқлаб кетилган.

17 сентябр куни Москванинг турли туманларида пойтахт полициясининг махсус рейдлари давом этди. Полиция ва Миграция ходимларининг бу амалиётларини кузатиб бораётган Москвадаги “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев биргина Мешчанская туман полиция бўлимига 17 сентябр куни 63 муҳожир олиб келинганини айтади:

- Менга кеча бир неча мусулмон телефон қилди ва бўлаётган воқеалардан норозилигини билдириб мениинг шахсан аралашишимни илтимос қилишди. Капитан Константин Кипатов шу полиция биносида ушланган мусулмонлар билан учраштирди. Улар орасида милиция ходимлари томонидан урилган асли қирғиз, лекин Россия фуқароси 1960 йилда туғилган Суяров Шермамат бор. Уни милиция ходимлари уришмоқчи бўлганда у ҳам жавоб берган. Бунга нисбатан жиноий иш қўзғатишга ҳаракат қилишяпти энди. Худди шундай ҳолат – Токтосун Эркинбек ўғли, 1993 йилда туғилган, Қирғизистон граждани. Бу ëввош болани уриб бошини ёришган, қовурғалари синган бўлиши мумкин, оёқлари шишиб кетган... Жами 63 киши ҳибс этилган, мен келганимда 10-15 тасини қўйиб юбордилар, дейди Баҳром Ҳамроев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:30 0:00
Бевосита линк


Ҳуқуқ ҳимоячиси сўзларига кўра, ҳозирда Мешчанская полиция бўлимида 17 нафар марказий осиёлик муҳожир сақланмоқда. У мигрантларни калтаклаш бўйича гувоҳлик берган тожикистонлик Алижонов Солижон ва Алиев Жамоллар ҳужжатлари жойида бўлишига қарамасдан полиция ходимлари томонидан Северний мавзесидаги депортация марказига олиб кетилганини маълум қилди.

Москвада айнан марказий осиёлик муҳожирларга қарши олиб борилаётган “тозалаш” амалиётлари сабабларига тўхталар экан, Баҳром Ҳамроев 14 сентябрдаги муштлашувга полиция ходимларининг провокацияси сабаб бўлганини гапиради.

- 14 сентябр куни Проспект Мира масжиди олдида полиция ва мусулмонлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган. Бунинг сабабларини ўрганиб чиқдик. Жанжалга полиция ходимлари сабабчи бўлган. Ўша куни савдогар одамлардан бир нечтасини, бошқа одамларни умуман ҳужжатларини текширмасдан мажбуран автобусларга олиб киришган. Одамларни калтаклашган, масалан Усмонжон деган йигитни овоз кучайтиргич билан бошини уриб ёришган. Аслида, бу ерда савдо қилган одамларнинг мол-мулкини полиция йиғиб пул эвазига ўзларига қайтиб сотиб келган. Бу анчадан бери давом этиб келятган ҳолат экан. Равил Ғайнуддин масжиди атрофида юз минглаб одамларнинг тўпланиши буларни хавотирга солиб қўйди. Шу тариқа одамларни бу ердан тарқатиш мақсадида қилинаётган амалиётлар, деб ўйлайман, дея фикр билдирди “Мемориал” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев.

Москва шаҳар Тергов қўмитасидан олинган сўнгги хабарларга кўра. Дурова кўчасидаги полиция ходимларини калтаклаш ҳодисаси юзасидан 4 нафар Тожикистон ва Қирғизистон фуқаросига нисбатан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Жанжалда иштирок этган муҳожирлар айби суд ва тергов давомида исботланса, улар 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG