Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:26

Ёлланма ҳашарчиларнинг ҳаққи берилмаяпти


Пахта йиғим-терими айни қизиган пайтда давлат хизматчилари, ўқитувчи ва шифокорлар ўз ўрнига одам ёллашга мажбур бўлмоқда. Талаб ошгани туфайли эса ёллов баҳоси ошиб бормоқда. Айни пайтда, ҳудудларда ёлланма ҳашарчиларга терган пахтаси учун пул беришдан бош тортишлар кузатилмоқда.


“Мардикорлар дефицит бўлиб қолди”

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида пахта тераётган ҳашарчилар Озодлик мухбири билан суҳбатда одам ёллаш “эшагидан тушови қиммат” нақлини эсга солаётганини айтмоқдалар.

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳар Ҳамза тумани ҳокими буйруғи билан ҳудуддаги давлат идоралари хизматчилари теримга ҳайдалди.

– Кутилмаганда пахтага борасизлар дейишди. Ҳоким шундай приказ берибди. Пахтага ўрганмаган одам нима қилардик, мардикор топамиз-да. Мардикорларам дефицит бўлиб кетибди. Танишим орқали аранг бир одамни топдим. 10 кунга 200 минг сўм сўради. Савдолашиб, 180 мингга кўндирдим, – дейди ўз исми сир бўлиб қолишини сўраган Ҳамза тумани ҳокимияти тизимида фаолият юритаётган хизматчи.

Фарғонада шаҳридаги бюджет идоралари, таълим муассасалари ва заводларга ҳам кўнгилли теримчи ажратиш вазифаси юклатилган. Суҳбатдошимизга кўра, Фарғона шаҳридан 20 минг нафар “кўнгилли” пахтакорлар сафини тўлдирган.

– Фарғонадаги давлат ташкилотларидан 20 мингтача одам чиқди пахтага. Энди, кўнгилли дейишяпти-ю, лекин ким иссиқ жойини ташлаб далага ихтиёри билан кетарди?! Кўпчилик заменага одам қидириб қолди. Эшагидан тушови қиммат дейди-ку. Пахтага одам ёллаш ҳам шунақа оғирлик қиляпти-да. Тўғриси, ўзим бир ҳафтага 100 минг сўм тўлаб қорним оғриди, – дейди Фарғонадаги маъмурий идорада ишловчи Азизулла ака.

Юнусобод туманидаги мактабларда бирида ишловчи муаллима Заҳро опа ўзи гувоҳ бўлган бошқа бир воқеани айтиб берди.

– Тошкентдаги мактаблар ўқитувчилар сонидан келиб чиқиб пахтага чиқиши керак. Қайсидир мактабдан 10, қайсидиридан 15 киши... Икки боласи билан ёлғиз яшайдиган ҳамкасбимиз бор эди. Ўзи жўжабирдек жон. Униям пахтага ёзишган экан. “Чиқмайман” деди. “Чиқмасез, ҳеч бўлмаса, 50 минг берасиз, ўрнингизга бошқа одам топамиз” дейишди. “Бунақа пулим йўқ, ўзимни осаман! Cизлар айбдор бўласизлар” дегандан кейин тинч қўйишди бояқишни, – дейди Юнусобод туманилик муаллима Заҳро опа.

“Замена”чиларга пул тўланмайди!”

Пахтазорлардан олинаётган хабарларга кўра, кимнингдир ўрнига теримга борган ёлланма ҳашарчиларга пахта ҳақи берилмаяпти.

– Ёнимизда бировларни ўрнига пахта тераётганлар бор. Мардикор дейдими. Уларга терган пахтаси учун пул берилмаяпти. “Кимни ўрнига тераётган бўлсанглар, ўша сизларга пул тўлаб қўйган” дейиишяпти. Уларни пулини еб юборишяпти-да ҳокимиятдагилар. Нима бўлсаям пешона тери билан топган пули, бериш керак. Ўзи, килосига 150 сўмга етиб-етмаса, – дейди Жиззах вилояти Пахтакор туманида пахта тераётган магистр Отабек.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, ёлланма ҳашарчиларга ҳақ тўланмаётгани иш унумига ҳам салбий таъсир этади.

– Қайтага, ўша пулни берса, қаттиқ ишлайди мардикорлар. Терганига пул бермагани учун номига ишлаб кунни кеч қилиш пайидан бўлишяпти. Тўғри-да, пулини бермаганидан бекорга ишламайди-ку. Масалан, ўзим ўқувчилик пайтим бошқаларни ўрнига пахта терганман. Келишиб ҳафтасига ё ойига пул олардим мени ёллаган одамдан. Кейин терган пахтамга пул олардим. Анча-мунча топардим, ҳарқалай, ёмон бўлмаган, – тажрибаси билан бўлишади магистр Отабек.

Кўпни кўрган ҳашарчилар учинчи теримдан кейин мардикор ёллаш янада қимматлашиб кетишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG